2026 йил июнь ойига келиб Ўзбекистонда истеъмол нархлари май ойига нисбатан ўртача 0,6 фоизга ошди, йиллик инфляция эса май ойидаги 5,5 фоиздан июнда 6,4 фоизгача кўтарилди.
Миллий статистика қўмитасига кўра, энг кўп қимматлаган маҳсулотлар энергетик ресурслар - электр энергияси 9,6 фоиз ва табиий гaз 10,7 фоизга ошган, кўмир нархи ҳам 2 баробардан кўпроққа кўтарилган.
Йиллик ҳисобда олинса, энг қимматлаган озиқ-овқат маҳсулотлари - қўй гўшти 23,1 фоиз, мол гўшти 20,6 фоиз ва тухум 16,2 фоизгача қимматлаган ва бу каби асосий истеъмол молларининг нархи ошишда давом этмоқда.
Расмий ҳисобот: хизмат ва саноат товарлари ошди
Миллий статистика қўмитаси 5 июль куни эълон қилган ҳисоботга кўра, июнь ойидаги нархлар ўсишига асосан электр энергияси ва табиий газ тарифларининг ошиши, шунингдек кўмир, бензин, пропан ва метан нархининг қимматлаши таъсир кўрсатган.
Қўмитаси ҳисоботида, мамлакат бозорларида мева-сабзавотнинг ёзги арзонлашув мавсуми инфляцияни нисбатан паст кўрсаткичда ушлаб қолишга сабаб бўлгани таъкидланган.
Расмий маълумотга кўра, инфляция даражаси май ойида бироз пастлаган бўлсада, йил бошидан бери муттасил равишда ойига 0,6–0,7 фоизлик даражада ўсишда давом этмоқда.
Июндаги нархлар ошиши асосан нозиқ-овқат ва хизматларда, шунингдек саноат маҳсулотларида кузатилмоқда.
Аммо айрим турдаги асосий озиқ-овқат товарлари нархи тинимсиз ошишда давом этмоқда: қўй гўшти 1,6 фоиз, мол гўшти 1 фоиз, шакар 1 фоиз, тухум 0,8 фоизга қимматлаган.
Йиллик ҳисобда олинса, энг қимматлаган истеъмол товари - қўй гўшти 23,1 фоиз, мол гўшти 20,6 фоиз ва тухум 16,2 фоизга қимматлаган. Шунингдек, мамлакатда аҳоли кўп истеъмол қиладиган сабзи-пиёз ҳам 6,5 -3,6 фоизгача ошгани кузатилмоқда.
Мутахассисларга кўра, озиқ-оқват маҳсулотларининг қимматлашига электр токи, табиий газ ва кўмир нархининг ошиши сабаб бўлмоқда.
Умумиятла мамлакатда инфляцияга кучли босим кўрсатаётган омил айнан энергетика нархининг ошиши бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда июндан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газнинг янгиланган тарифлари жорий этилди - электр энергияси 9,6 фоиз, табиий гaз эса 10,7 фоизга оширилди.
Июнь ойида, гўёки нархи давлат томонидан тартибга солинаётган кўмир нархи ҳам 2 баробарга ошди. Қўмита буни кўмирнинг ижтимоий аҳамиятга эга стратегик товарлар рўйхатидан чиқарилиши ва нархлар эркинлаштирилиши билан изоҳламоқда.
Бензин қимматлашда давом этмоқда
Миллий статистика қўмитасига кўра, июнь ойида Ўзбекистонда бензин 3,9 фоизга, йиллик ҳисобда эса 16,7 фоизга ошган:
АИ-92 бензини 3,6 фоиз, АИ-95 6 фоиз, юқори октанли АИ-98 ва АИ-100 маркалари эса 3,9 фоизга қимматлаган. Аҳоли энг кўп қўллайдиган метан нархи бир ойда 8,8 фоиз, бир йилда 10,1 фоизга ошган.
2 июл куни Ўзбекистонда АИ-92 бензини тарихий рекордни янгилади - Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида бир литри учун 13 минг 919 сўмдан -14 минг 600 сўмгача сотилди.
Жумладан, “UNG Petro” ширкати вакилининг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда сўнгги бир ойда биржага чиқарилган ёнилғи ҳажми ҳам сезиларли даражада камайгани кузатилмоқда. Расмий кўра, баъзи ҳудудларда бензин тақчиллиги ҳам кузатилган.
Ўзбекистонда бензин нархлари ошиши Россияда ёқилғи тақчиллашиши манзарасида бўй кўрсатди.
Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика тизимлари ҳанузгача Россия инфратузилмаси билан чамбарчас боғланган. Шу боис, унинг фаолиятида юзага келадиган ҳар қандай узилиш ёки муаммо қўшни давлатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Россияда айрим нефтни қайта ишлаш заводларида Украина дронлари ҳужумларидан кейин режадан ташқари таъмирлаш ишлари олиб борилгани бензин таъминотига таъсир кўрсатди.
Ўзбекистон ёқилғи импорт таркибида асосий улуш Россияга ҳисобига тўғри келади. Четдан келадиган жами бензиннинг қарийб 70, баъзан 80 фоизи шу давлатдан олинади.
Иккинчи ўринда Туркманистон туради — у умумий импортнинг 10,1 фоизини таъминлайди. Шунингдек, Ўзбекистон Қозоғистон, Беларус ва Туркиядан ҳам бензин олади.
Россияликлар Қозоғистонда "бензин қуйяпти"
Москва ички бозордаги кескин ёқилғи танқислигини импорт ҳисобидан қоплаш йўлларини излаётган бир пайтда, россиялик ҳайдовчилар арзонроқ бензин харид қилиш учун Қозоғистоннинг чегарадош ҳудудларига йўл олмоқда.
Ижтимоий тармоқларда бу ҳолат “ёқилғи туризми” деб аталмоқда.
Шунингдек, Россия эҳтимолий тақчилликни юмшатиш мақсадида Қозоғистондан бензин импортини ошириш имкониятини кўриб чиққан.
Бу эса Қозоғистон ички бозорига қўшимча босим ўтказиши мумкинлиги ҳақида хавотирларни кучайтирди.
Мутахассислар фикрича, агар ёқилғининг мамлакатдан чиқиб кетиши кўпайса, Қозоғистонда ҳам бензин нархи ошиб, маҳаллий бозорда тақчиллик юзага келиши эҳтимоли бор.
Қирғизистон қўшнилардан бензин сўряпти
Қирғизистон ёқилғи таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида Россия, Қозоғистон, Беларус, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистонга ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Бу малакатда ҳам таниқислик Украина томонидан Россия нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган дрон ҳужумлари ортидан юзага келган вазиятга боғланмоқда.
7 миллион аҳолига эга Қирғизистон бензиннинг 90 фоиздан ортиғини Россиядан импорт қилади.
Россия президенти Владимир Путин яқинда Москва дизел ёқилғиси экспортини тақиқлаши мумкинлигини айтган, бу мамлакат ички бозоридаги босим кучайганини англатади.
Қирғизистон Энергетика вазирлиги баёнотига кўра, барқарор ёқилғи таъминотини таъминлаш мақсадида юқоридаги давлатларнинг тегишли идораларига расмий мурожаатлар юборилган.
Вазирлик таъкидлашича, мамлакатдаги ёқилғи захиралари ҳозирча етарли бўлиб, таъминот режага мувофиқ давом этмоқда. Шунингдек, июнь ойида Қирғизистон ҳукумати айрим чакана ёқилғи сотувларига нарх назорати жорий этган.
Ўзбекистонда муаммо фақат Россияга боғлиқмас
Аммо айрим ўзбекистонлик иқтисодчиларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ёқилғи нархининг ўсишини фақат Россиядаги вазиятга боғлаб бўлмайди.
Бензин қийматига ички ишлаб чиқариш ҳажми, импорт имкониятлари, биржадаги таклиф, мавсумий талаб ва жаҳон нефть бозоридаги ўзгаришлар ҳам таъсир қилади.
Шунинг учун экспертлар Марказий Осиё мамлакатларига ёқилғи таъминотини диверсификация қилиш, ички ишлаб чиқаришни ошириш ва стратегик захираларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидламоқда.
“Кимдир жавоб бериши керакми? Ёқилғи балансимиз қанақа ҳозир? Омборларда қанча захиралар бор, омборлар кимнинг қўлида ўзи? Қанчага етади? Июнда импорт қанчага қисқарди? Нима учун ҳукуматлараро келишув квоталари ишламаяпти? Қайси давлатларга мурожаат қилинди? Куз ва қишда нима бўлади? Ёмон сценарий қанақа, яхши сценарий қанақа? Беларусь ҳам урушга тортилса, нима бўлади? Нархлар ошиши қачон тўхтайди? Қачонгача бир томоннинг кўзқарашига қарам бўламиз? Бензин, дизель, пропан бўйича қанақадир ўрта муддатли стратегия борми ёки душанбадан жумагача жон сақлашга яшаймизми?” деб ёзди жумладан иқтисодчи Отабек Бакиров.
Таҳлилчилар фикрича, Россиядаги бензин бозори барқарорлашмагунча, Марказий Осиёда ҳам ёқилғи бозоридаги беқарорлик сақланиб қолиши мумкин. Бу эса келгуси ойларда бензин нархларининг шаклланишига таъсир этувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолади.
Қўшни давлатларга қараганда Ўзбекистон Россия бензинига камроқ қарам, Бухоро ҳамда Фарғонада нефтни қайта ишлаш заводлари бор, нефтни бензин, дизель ёқилғиси ва бошқа нефть маҳсулотларига айлантиради.
Бироқ бу ишлаб чиқариш ички бозорда тобора ортиб бораётган талабни тўлиқ қоплай олмайди. Қолаверса, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган АИ-92 бензин сифатининг жуда пастлиги ва ҳатто, амалда бунинг яқинда ҳукумат томонидан таъқиқланган ўта ёмон сифатли АИ-80 бензини экани, ҳақидаги гумонлар ҳам илгари сурилади.
Шунинг учун Ўзбекистон бензин, дизель ёқилғиси ва авиация керосинини, жумладан, Россиядан ҳам импорт қилишда давом этмоқда.
2026 йилнинг январь–апрель ойларида бензин импорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробардан зиёд, дизель импорти эса қарийб 18 фоизга ошди.