Қозоғистон Қирғизистоннинг бензин ҳақидаги расмий сўровини кўриб чиқмоқда

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Қирғизистоннинг бензин етказиб бериш ҳақидаги расмий сўровини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 7 июль куни энергетика вазири ўринбосари Қайирхон Тутқишбаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Остона мурожаатни таҳлил қилгандан кейин ва мамлакат ичидаги ёқилғи баланси ҳисобга олинган ҳолда қарор қабул қилади.

«Қирғиз томонидан расмий сўров келиб тушди, ҳозир уни кўриб чиқяпмиз. Бироқ барча қарорлар миллий манфаатлар ва ички балансни инобатга олган ҳолда қабул қилинади. Сўровларни қондириш мамлакат ичида нархлар ошишига олиб келмайди», деди Тутқишбаев.

У, шунингдек, Россия томонидан Қозоғистонга бензин етказиб бериш бўйича расмий мурожаат келиб тушмаганини айтди.

Шу кунларда Украина кучларининг Россиядаги нефт заводларига қилаëтган ҳужумлари ундан катта миқдорда нефт маҳсулотлари, айниқса бензин харид қиладиган Марказий Осиё давлатларини ҳам хавотирга солмоқда.

Аввалроқ Қирғизистон ёнилғи-мойлаш материалларини сотиб олиш бўйича Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистонга сўров юборганини маълум қилган эди.

Мамлакат ҳукумати ёқилғи таъминоти аввал тузилган шартномалар асосида давом этаётганини билдирган, аммо ички бозор ташқи омилларга боғлиқлигини ҳам тан олган.

Қирғизистон ёқилғининг тахминан 90–95 фоизини Россиядан импорт қилади. Мамлакатда ёнилғи-мойлаш материалларининг ўртача йиллик истеъмоли тахминан 1,5 миллион тоннани ташкил этади.

Украина дронларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумлари ортидан июнь ойида Россиянинг қатор ҳудудларида бензин тақчиллиги кузатилди ва нархлар ошди.

Аввалроқ Reuters агентлиги Россия Қозоғистон билан тахминан 50 минг тонна бензин етказиб бериш имкониятлари бўйича музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар қилган эди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги бу хабарларни тасдиқламаган ва Россия томонидан расмий сўров келиб тушмаганини билдирган.