Эрон Қўшма Штатларни икки давлат ўртасидаги урушни тугатиш учун июнь ойи ўрталарида имзоланган ўзаро англашув меморандуми бўйича ўз мажбуриятларини бузганликда айблади.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг меморандум ўз кучини йўқотгани ҳақидаги аввалги баёнотларига жавобан, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоий ижтимоий тармоқда меморандум ҳеч қачон ишончга эмас, балки мажбурият эвазига мажбурият деган аниқ механизмга асосланганини таъкидлади.
Бағоийнинг айтишича, меморандумнинг бешинчи бандига кўра, Ҳормуз бўғози орқали кемаларнинг хавфсиз ўтиши бўйича тартибларни белгилаш Эрон зиммасида.
Аммо Қўшма Штатлар ушбу бандни шубҳа остига қўйиб, бир томонлама ҳаракатлар ва Эронга қарши ҳужумлари орқали келишув тузилмасини амалда бузган, деб таъкидлади Бағоий.
Матбуот котиби Эрон ўз миллий манфаатлари ва суверенитетини қатъий ҳимоя қилишини билдирди.
Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасидаги 14 банддан иборат англашув меморандуми 2026 йил 17 июнь куни расман имзоланган эди.
Покистон воситачилигида тузилган мазкур келишув барча фронтлар, жумладан Ливанда ҳам доимий ўт очишни тўхтатиш режими ҳамда АҚШ санкцияларини юмшатиш ва Ҳормуз бўғозини қайта очиш бўйича механизмни назарда тутади.