Bloomberg: Россияда нефтни қайта ишлаш охирги 20 йилдаги энг паст даражага тушди

Bloomberg агентлиги EA Analytics маълумотларига таяниб хабар беришича, Украина зарбалари туфайли Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажми охирги йигирма йил ичидаги энг паст даражага тушган.

Июль ойида Россия заводлари кунига ўртача 3,91 миллион баррель нефть қайта ишламоқда — бундан паст кўрсаткич охирги марта 2005 йил март ойида қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кунига тахминан 1,4 миллион баррелга кам.

Россия нефтни қайта ишлаш бўйича расмий статистикани сир тутмоқда. EA Analytics заводлардаги юк ортиш-тушириш жараёнини сунъий йўлдош суратлари ва бошқа билвосита маълумотлар асосида баҳолаган.

Халқаро энергетика агентлиги ҳам шунга яқин рақамларни келтирган: июнь ойида Россия заводлари кунига 3,8 миллион баррель нефть қайта ишлаган, бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 1,6 миллион баррелга кам.

Bloomberg Москва ва Киевнинг очиқ баёнотлари асосида ҳисоб-китоб қилиб, сўнгги 100 кун ичида Украина кучлари Россия нефтни қайта ишлаш заводларига тахминан 50 марта ҳужум қилганини ва камида 34 йирик заводдан 24 тасини нишонга олганини маълум қилди.

Қайта ишлаш ҳажми пасайгани сабабли Россия июль ойи охиригача дизель ёқилғисининг асосий қисмини экспорт қилишни тақиқлади. Бу бензин ва авиация керосини экспортига нисбатан аввалдан амал қилаётган чекловларга қўшимча чора ҳисобланади.

Ёқилғи билан боғлиқ муаммолар Россиянинг деярли барча ҳудудларига таъсир кўрсатди. Айрим вилоятларда бензин автомобил рақамларига қараб чекланган ҳолда сотилмоқда.