Британиянинг Open Source Centre тадқиқот маркази экспертлари Қирғизистон Россияга Ғарб санкцияларини четлаб ўтиши учун ёрдам бермоқда, деган хулосани эълон қилди.
Терговчилар хулосасига кўра, молдовалик қочқин олигарх Илан Шор қурган A7 тўлов тизими орқали бир йилда амалга оширилган 25 миллиард долларлик молиявий операциянинг 8 миллиарди Қирғизистон орқали ўтган.
Сўнгги пайтларда Ғарб ҳукуматлари нафақат Қирғизистон, балки Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини ҳам Россияга санкцияларни айланиб ўтишда кўмаклашаётгани учун бот-бот танқид қилмоқда.
Санкциядан яширилган миллиардлар
Британиянинг Open Source Centre (OSC) тадқиқот марказига кўра, жами 25 миллиард долларлик молиявий операциянинг камида 8 миллиарди бевосита Қирғизистон давлат тузилмаси орқали ўтган.
Марказнинг навбатдаги хулосаси молдовалик қочқин олигарх Илан Шор томонидан ташкил этилган A7 тўлов тизимига сиздирилган минглаб ҳужжатга таянган.
A7 тизими - Россиянинг халқаро тўловлар билан шуғулланувчи платформаси бўлиб, у 2024 йил октябрида молдовалик қочқин бизнесмен Илан Шор ва Россиянинг санкцияга учраган Промсвязбанки иштирокида ташкил этилган.
Компания ўзини Ғарб санкциялари шароитида россиялик мижозларга трансчегаравий ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини берувчи тизим сифатида тақдим этади. Хусусан 2025 йил январда Қирғизистонда бу платформанинг рублга боғланган A7A5 стейблкоини ҳам ишга туширилганди.
OSC терговига кўра, Россия томонидан амалга оширилаётган халқаро транзакцияларни яшириш учун бу тизим орқали рақамли векселлар, анъанавий SWIFT ўтказмалари ҳамда Қирғизистон давлат компаниялари хорижий шўъбаларидан фойдаланилган.
Тергов гумонига кўра, схеманинг юқори даражадаги ҳимояси қирғиз давлат банклари, "Ақилбек Жапаров" исмли собиқ ҳукумат мулозими (OSC терговчилари оммага сиздирилган чатларда айнан шу исмдаги собиқ амалдор қатнашганини тасдиқлай олмаган - таҳр.) ва билвосита мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан таъминланган.
Терговчиларнинг даъвосича, схеманинг асосий бўғини 2024 йил сентябрида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган "Қирғиз республикаси савдо компанияси" (ҳужжатларда бу ширкат номи "Торговая компания Кыргызской Республики" - ТККР, деб ўтади - таҳр.) бўлган.
OSC маълумотларига кўра, ТККР Россия мижозларининг хорижликларга тўловларини тўлаб берган.
A7 рақамли вексел
Шунингдек, тергов материалларида, россиялик импортчилар халқаро сотувчилар билан онлайн савдодаги рақамли изларини яшириш учун A7 тизими орқали рақамли вексел сотиб олгани, система эса сохта тўлов варақалари тайёрлагани айтилади.
Кейин ТККР бу векселларни қоплаб, Қирғизистон давлат банкларидаги ҳисоб рақамларидан хориждаги сотувчиларга маблағ ўтказган. Натижада, ташқи кузатувчилар учун бу қирғиз компаниясининг оддий тижорат битими сифатида кўринишига эришилгани айтилади ҳисоботда.
OSC терговида айтилишича, товарларни қабул қилувчилар орасида Россиянинг мудофаа соҳасига алоқадор ташкилотлар ҳам бўлган.
Улар қаторида Шимолий Корея ва Эрондан ўқ-дорилар ташиш билан шуғулланувчи MG-Flot компанияси ҳамда ҳарбий дронлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Рустакт" МЧЖ номи қайд этилмоқда.
ТККР ширкати 2026 йил февралда Қирғизистон ҳукумати қарори билан тугатилган.
Иккиламчи санкцияларга оид фармон
2023 йил охирида АҚШ президенти Жо Байден иккиламчи санкциялар ҳақидаги фармонни имзолаганди.
Ушбу фармон Вашингтонга Россиянинг ҳарбий-саноат мажмуаси учун харидларни амалга оширишга кўмаклашган ҳар қандай хорижий банкни халқаро доллар операцияларидан узиб қўйиш имконини беради.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
СУРИШТИРУВ: Порохга айланаётган ўзбек пахтаси
OSC экспертларига кўра, бу фармондан кейин Қирғизистон банклари оммавий равишда янги корреспондентлик ҳисоб рақамларини очишга киришган ва биргина 2024 йилнинг ўзида 54 та янги корреспондентлик келишуви тузилган бўлиб, уларнинг аксарияти Интернетда A7 тўлов тизими йўлга қўйилганидан кейин пайдо бўлган.
Бундан ташқари, 2025 йил ноябрида Қирғизистонда президент иштирокида мамлакатнинг биринчи миллий - USDKG токени ишга туширилганди. Олтин билан таъминланган ва долларга боғланган мазкур токеннинг пайдо бўлиши, OSC таҳлилчиларига кўра, A7нинг санкцияларни четлаб ўтиш режалари билан боғлиқ.
Токенни чиқарган "Виртуал активлар эмитенти" очиқ акциядорлик жамияти (Қирғизистон Молия вазирлиги тасарруфида) 2026 йил май ойида Буюк Британия санкциялари рўйхатига киритилди.
"Россия шунчаки сохта компаниялар тармоғини яратмади. У амалда Қирғизистон қиёфасида бутун бошли “сохта давлат”ни ўз эҳтиёжлари учун шакллантирди", дейилади OSC ҳисоботи хулосасида.
Қирғизистонга айблов
Қирғизистон ҳукумати бунга қадар, Москвага Украинага босқини сабаб жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашаётгани учун Ғарб давлатлари томонидан танқид қилинган.
Апрель ойида бу давлат Европа Иттифоқининг санкцияларига учраган ва Қирғизистонга алоҳида турдаги рақамли бошқарувли станок ва радиоускуналар етказиб бериш тақиқланган.
Европа Иттифоқи бу маҳсулотлар Россияга қайта экспорт қилиниши ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришда қўлланиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Расмий Бишкек эса санкция режимига риоя этмаётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, мазкур чекловларни мамлакатнинг ички ишларига аралашиш, деб баҳолаб келамоқда.
Санкцияларни четлашда Россияга ёрдам
Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда Ўзбекистон ҳам ёрдам бераётгани ҳақида бир қатор айбловлар билдирилган. Бироқ расмий Тошкент ҳам бу даъволарни мунтазам рад этиб келади.
Жумладан, Европа Иттифоқи ва Ғарб таҳлилчилари хавотирларида dual-use - икки мақсадда қўлланиладиган товарлар экспорти тилга олинмоқда.
2025 йилда ЕИ бир нечта ўзбек ширкатига санкция жорий этган.
Айрим ўзбек ширкатларининг Россия ҳарбий саноатида қўлланиши мумкин бўлган электрон компонентлар, микросхемалар, станок ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш занжирларида иштирок этгани таъкидланган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Айланма йўлдаги омбор”. Яккаланган Россия иқтисодий санкцияларни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи
Озодлик, OCCRP ва бошқа қатор халқаро медиа қўшма суриштирувларида Ўзбекистондан Россияга экспорт қилинган пахта целлюлозаси порох ва ўқ-дори ишлаб чиқаришда фойдаланилаётгани ҳам ўртага чиққан.
Европа Иттифоқи ҳужжатларида айрим ўзбек компаниялари шу орқали Россия ҳарбий-саноат комплексига кўмаклашганликда айбланган.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари Россия учун ре-экспорт марказига айланиб бораётгани ҳам айтилади.
Ғарбдаги айрим таҳлил марказлари, жумладан Ўзбекистон Ғарб маҳсулотларининг Россияга қайта экспорт қилиниши учун муҳим транзит йўлакка айланган, деб ҳисоблайди.
Бунинг айниқса микрочиплар, электрон қисмлар ва саноат ускуналарига тааллуқли экани айтилади.
Шунингдек, сохта ширкатлар орқали савдо операцияларини амалга ошириш кўлами ошгани ҳам қайд этилади. Суриштирувларга кўра, Россия Ўзбекистон ҳудудида воситачи ёки "қобиқ" сохта ширкатлар ташкил этиб, санкцияларни четлаб ўтишга уринмоқда.
Бундай суриштирувлардаги фактлар ва ЕИ даражасидаги айбловларга жавобан эса, Ўзбекистон ҳукумати халқаро санкцияларга риоя қилиши ва санкцияларни четлаб ўтиш фаолияти мавжуд эмаслигини таъкидлаб келади.
Санкцияга тушган целлюлоза бизнеси
2026 йил 23 апрелда Farg‘ona Kimyo Zavodi LLC - "Фарғона кимё заводи" МЧЖ ЕИ санкциялар рўйхатига киритилган.
ЕИ ҳужжатларига кўра, компания Россиянинг Перм ва Қозон давлат порох заводларига пахта целлюлозасини етказиб берган. Целлюлоза - порох ишлаб чиқаришдаги асосий компонентлардан бири ҳисобланади.
ЕИ бу заводни Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаётган субъект сифатида баҳолаганди. Ўша йили 18 декабрда бу завод Буюк Британия санкциясига ҳам тушган.
Ундан аввал - 2025 йил 13 майда Украина президенти Владимир Зеленский қарори билан Farg‘ona Kimyo Zavodi, Mercury Renaissance ва Raw Materials Cellulose ширкатларига 10 йиллик санкция жорий этилганди.
Ғарб ҳукуматлари эълон қилган маълумотларда бу ширкатлар ҳам Россия порох заводларига пахта целлюлозасини етказиб беришда айбланган.
Шунингдек, ушбу компаниялар Россия ва Британия фуқаролигига эга тадбиркор Рустам Мўминов назоратида экани айтилган.
"UzPost" - санкцияланган юклар
2026 йилнинг январида Германиянинг "BILD" нашри UzPost миллий почта операторининг санкцияланган товарларни Германиядан Россияга етказиб беришда иштирок этаётгани айтилган суриштирувни эълон қилган.
Журналистлар GPS-кузатув мосламалари ўрнатилган ва ичига тақиқланган элктрон жиҳозлар солинган почтани UzPost миллий почта оператори орқали эксперимент тариқасида Россияга йўллаган ҳамда юклар ҳеч бир тўсиқсиз Берлиндан Москвага етиб борганини ҳужжатлаштирганди.
UzPost миллий почта оператори санкцияланган товарларнинг Россияга жўнатилишига алоқадор эканига оид нашр даъвосини қатъиян инкор қилган.