Сўнгги ўн йилда 800 мингдан зиёд тожикистонлик Россия фуқаролигини олган, бундай ўзбекистонликлар сони эса 9300 дан ортиқ.
Тожикистон билан Россия ўртасида икки фуқаролик келишуви сабаб, бу давлатдан рус паспортини олишга қонуний тўсиқ йўқ. Гарчи Украинага босқини боис, Россия фуқаролигини олувчилар бироз озайгандай кўринса-да, рақамлар қўшфуқаро тожикистонликлар ортаётганини кўрсатмоқда.
Экспертлар, Россия паспортини кўтариб юрган қўшфуқаролар келгусида Кремлнинг нафақат Тожикистон, унга қўшни минтақа давлатларига босим ўтказиши учун сиёсий баҳона бўлиши, деган хавотирда.
Қарийб 9 фоиз тожикистонлик Россия фуқароси
Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш вазири Солеҳа Холмуҳаммадзода сўнгги ўн йилда 800 мингдан ортиқ тожикистонлик Россия фуқаролигини олгани юзасидан муносабат билдирди.
Мулозимга кўра, бошқа давлат фуқаролигини қабул қилган шахслар ҳам ўз миллий мансублигини йўқотмайди, яъни Тожикистон фуқароси бўлиб қолади.
"Бу ҳар бир фуқаронинг ўз истагидир. Диаспоралар ва хориждаги ватандошлар мамлакат ободончилиги, шифохоналар, мактаблар ва тураржой бинолар қурилишига муносиб ҳисса қўшмоқда. Биз бошқа давлат фуқаролигини олган ҳар бир шахс ҳамиша ўзининг тожиклигини сақлаб қолади, деб ҳисоблаймиз", деди вазир.
Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьевнинг маълум қилишича, фақат кейинги икки йилнинг ўзида 120 минг тожикистонлик рус паспортини олган ва Россия фуқаролигини олган хорижликлар орасида биринчи ўринга чиққан.
Россия расмий статистикасига кўра, сўнгги ўн йилда Россия фуқаролигини олган тожикистонликлар сони 800 минг нафардан ошган. Бу Тожикистон аҳолисининг қарийб тўққиз фоизига тенг.
Россия паспортидан имтиёз ва хавф
Душанбелик жамиятшунос Шуҳрат Латифий бу тенденцияни нафақат иқтисодий имконият, балки геосиёсий хавф, деб баҳолайди.
"Авваллари биз Россия босим ўтказиш учун фақат меҳнат муҳожирларидан фойдаланади, деб айтардик. Энди эса икки фуқароликка эга шахслардан фойдаланиш имконияти ҳам кенгаймоқда. Бу ҳам Тожикистон давлатига босим ўтказиш воситаларидан биридир", дейди жамиятшунос.
Бошқа томондан, тадқиқотчи Музаффар Олимов бундай хавотирларни ошириб кўрсатилган деб ҳисоблайди:
"Аксинча, бошқа жиҳат ҳам бор. Россия билан бирга бўлиш, Россиянинг имкониятларидан фойдаланиш Тожикистонга фойда келтиради, зарари эса кам".
Тожикистон - Марказий Осиёнинг Россия билан икки фуқароликни тан олувчи ягона давлати бўлиб қолмоқда. Бундай келишув аввал Туркманистон ва Арманистон билан ҳам мавжуд бўлган, аммо кейинчалик Ашхобод уни бекор қилган, Ереван эса унинг мақомини ўзгартирган эди.
Кремлнинг хориждаги фуқаролари
Сўнгги йилларда Кремл қўшни давлатларга сиёсий босим ўтказишда у давлатлардаги Россия фуқароларидан фойдалангани бир неча бор кузатилди.
Жумладан, 2008 йилда Грузия ҳудудига ҳарбий олиб кирган Россия бу ҳаракатини ўз фуқароларини ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлаган эди. Ўшан 8 кунлик уруш бўлган ва бунинг ортидан Абхазия ҳамда Жанубий Осетия Тбилисидан ажралиб чиққанди.
Кейчалик 2014 йил Қрим аннексияси, 2022 йил февралда Украинага босқинида ҳам русийзабон аҳоли ҳамда "ватандошлар" ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги риторикани илгари сурган.
Бундан ташқари, Молдованинг Днестрбўйи ҳудудида ҳам Россия кўп йиллардан бери у ердаги Россия фуқаролари ва аҳолини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаб келади.
Шу билан бирга, Россия парламенти ҳозирда мамлакат фуқароларини хорижда ҳимоя қилишнинг янги механизмларини муҳокама қилмоқда. Бу механизмлар орасида хориждаги Россия фуқаролари ҳимояси учун ҳарбий аралашув эҳтимоли ҳам назарда тутилмоқда.
Рус паспорти бор ўзбекистонликлар
Ўзбекистонликлар орасида ҳам Россия фуқаролигига қизиқиш мавжуд, аммо рақамлар Тожикистонга нисбатан жуда кам.
Энг муҳим фарқ шундаки, Ўзбекистон Россия билан икки фуқаролик тўғрисидаги келишувга эга эмас. Мамлакат қонунчилиги икки фуқароликни расман тан олмайди.
Ўзбекистон фуқароси бошқа давлат фуқаролигини олса, у Ўзбекистон нуқтаи назаридан барибир Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади ва кейинчалик фуқароликдан чиқиш ёки ундан маҳрум қилиш масаласи кўтарилиши мумкин.
Шу сабабли Россия фуқаролигини олишни истаган ўзбекистонликлар аксар ҳолларда ҳуқуқий ва маъмурий масалаларни алоҳида ҳал қилишга мажбур бўлади.
Шунга қарамай, Россия фуқаролиги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг маълум қисми учун жозибадор бўлиб қолмоқда. Асосий сабаблар орасида ишлаш учун қўшимча рухсатномалар талаб этилмаслиги, ижтимоий кафолатлар, пенсия тизими ва доимий яшаш ҳуқуқи каби омиллар бор.
Россия ИИВ маълумотларига кўра, 2023 йилнинг биринчи чорагида 4,7 минг Ўзбекистон фуқароси Россия фуқаролигини олган. 2023 йилнинг биринчи ярми якунига келиб бу кўрсаткич 9 минг 340 нафарга етган. Шу даврда тожикистонликлар орасида бу рақам 87 минг нафарни ташкил этган ва Ўзбекистон Россия фуқаролигини олганлар рўйхатида олтинчи ўринни эгаллаган.
Россия ИИВ эълон қилган сўнгги расмий рақамларга кўра, 2023 йил биринчи ярмида рус паспортини олган хорижликлар:
Тожикистон: 87 минг киши,
Украина: 39 минг киши,
Арманистон: қарийб 18 минг киши,
Қозоғистон: 13,9 минг киши,
Қирғизистон: 10,5 минг киши,
Ўзбекистон: 9,3 минг киши.
Аксар Марказий осиёлик таҳлилчилар бу рақамлар Кремлнинг бу давлатлардаги сиёсий қизиқишларини ифода қилади ва бу давлатлар ҳукуматлари бундай рақамларга диққат билан қараши лозим, деб ҳисоблайди.
Бу ўринда экспертлар Тожикистонлик Россия фуқаролари келгусида минтақа учун сиёсий ва хавфсизликка оид қатор муаммоларни кун тартибига олиб чиқиши мумкин, деган хавотирни илгари сурмоқда.