Кортеж кимники? - "Президент трассаси"да баҳсли ҳалокат, ПДДХ раҳбари "алмашди"

Тошкентдаги автоҳалокат содир бўлган жой, 16 июль, 2026 йил, ИИВ

16 июль куни Тошкентда президент мунтазам ҳаракатланадиган трассада катта тезликда мотоциклларда ҳаракатланган ЙПХ ходимлари фуқарога тегишли автомобил билан тўқнашди.

Гувоҳлар ҳалокат “президент кортежи” учун йўл тўсилгани ортидан юз берди, деб тармоқларда ёзмоқда. Озодликнинг куч ишлатар идоралардаги икки манбаси бу мотоцикллар президент кортежи таркибига киришини иддао қилмоқда.

Ҳалокат Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги президент кортежи учун тез-тез ёпиладиган Дўрмон йўли кўчасида содир бўлгани ҳам бундай фикрларни қувватламоқда. ИИВ кортежга оид маълумотларни ҳозирча на тасдиқлади, на рад этди.

Аммо, 17 июль куни оқшом Ўзбекистон президентининг давлат хавфсизлик хизмати раиси Алишер Усмонов лавозимидан бўшатилгани ҳақида ҳеч бир тафсилотларсиз норасмий хабар тарқалди.

2020 йил декабрдан буён Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизматини (ПДХХ) бошқариб келган Алишер Усмоновнинг ишдан олингани ҳақида 17 июль оқшомида ўнлаб етакчи блогер, жамоатчилик фаоли ва етакчи Telegram каналлари ёппасига хабар тарқатди.

Таниқли Kun.uz Интернет нашри эса, ўз манбаларига таяниб: "Алишер Аброрович Усмонов Президент Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан ҳайдалди", деб ёзди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, яна ўша фаоллар, блогерлар ва каналларда ПДХХ раислигига Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Рустам Жўраев тайинлангани ҳақидаги норасмий хабар пайдо бўлди.

Ҳозирча бундай кадрлар алмашинуви ҳақидаги бирор расмий хабар берилмади. Озодликда бу хабарларнинг тасдиқлайдиган мустақил маълумотлар ҳам йўқ.

Аммо, ПДХХ раҳбари алмаштирилгани ҳақида бу норасмий хабарлар Тошкентдаги "президент трассаси"да ЙПХ ходимлари мотоцикли ва оддий фуқаро автомобили тўқнашиб кетганининг эртасига пайдо бўлди.

16 июль куни тахминан соат 18:30 да Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Дўрмон йўли кўчасида президент кортежи таркибига киргани иддао қилинган ИИВ инспекторлари иштирокидаги автоҳалокат бўлди ва бир инспектор воқеа жойида оламдан ўтди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеоларда Дўрмон йўли кўчасида ҳаракат маълум муддатга тўхтатилгани ва қатнов ЙПХ инспекторлари томонидан бошқарилаётгани кўринади.

Видеода акс этишича, қора рангли фургон ва қора автомобил катта тезликда ўтиб кетгандан сўнг, ЙПХ ходими қатновга рухсат беради ҳамда юришни бошлаган қора автомобил чорраҳанинг чап тарафидан катта тезликда келаётган икки мотоцикл билан тўқнашади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу ҳодиса ЙПХ 3 ходими иштирокида содир бўлганини маълум қилди:

“Дўрмон йўли” кўчаси бўйлаб 3 нафар ЙПХ инспекторлари патруллик мотоциклларида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, "Ғазалкент" кўчасидан чорраҳага кириб келган "Оnix" русумли транспорт воситаси билан тўқнашиб йўл-транспорт ҳодисаси содир этган. ЙТҲ натижасида патруллик мотоциклини бошқариб келган 1 нафар ЙПХ ходими олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Тан жароҳати олганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”.

Баёнотда автоҳалокат сабаби айтилмади. Таъкидланишича, ҳозир суриштирув бормоқда, қўшимча маълумотлар эълон қилинади.

Шунингдек, расмий хабарда фуқарога тегишли "Оnix" автомобилида қанча одам бўлгани ва улар ёки ҳодиса жойида бошқа яна кимларга зарар етгани ҳақида маълумот берилмади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу йўлнинг кортеж ўтиши учун ёпилганига оид маълумотларни ҳам бироз мавҳум изоҳлади:

“Ижтимоий тармоқларда мазкур ЙТҲ кортеж кузатуви вақтида содир бўлгани тўғрисида нотўғри талқин кузатилмоқда. Тармоқ вакилларида асослантирилмаган хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз”.

Озодлик бу баёнотга ойдинлик киритиш, хусусан кортеж кимга тегишли экани ва бошқа жабрланганлар ҳақида маълумот сўраб Ўзбекистон ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга мурожаат қилди.

Ғиёсов: “Саволларингизга жавоб - расмий муносабатда. Жабрланганлар бўйича ССВга мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ”, деб жавоб берди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирча бу ҳодисага оид бошқа тафсилотларни очиқламади.

Аммо, бу автоҳалокат ижтимоий тармоқларда қисқа муддатда ёйилиб кетди ва қизғин муҳокамалар ҳануз давом этмоқда.

Аксар тармоқ фойдаланувчилари ҳалокат Йўл патрул хизмати (ЙПХ) ходимлари хатоси билан бўлди - йўлни тўсиб турган ЙПХ ҳаракатга эрта рухсат берди ва мотоциклдаги инспекторлар жуда катта тезликда ҳаракатланди, деб норози бўлмоқда.

“Мотоцикллар катта тезликда ва қизилда киришди чорраҳага. Йўлни очворган ИИВ ходимига ҳам тўнкашяптию айбни, менимча рацияда кортеж тугагани ҳақида хабар олмаса, очмасди чорраҳани. Ўзи шу кортеж деганниям йўқотиш керак”, деб ёзди Facebook тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

Бу каби шарҳларга жавобан фикр билдирган яна бир фойдаланувчи эса: “Шунда ЙПХ ходимлари автотерористларнинг юқори тезликда ҳаракатланиши учун шароит ҳам яратиб берган бўлмоқдами? Қонун ҳамма учун бир эмасмиди? Ёки қонунда қайсидур шахслар учун алоҳида рухсат берилган жойи бормиди?” деб ёзди.

“Эски пайтда кортежнинг охири иккита чорраҳадан ўтиб бўлганда, орқадаги битта чорраҳа очилар эди. Жуда катта хато бўлди. Жуда ёмон хато бўлди. Ўтганларнинг оиласига сабр берсин”, деб ёзди Facebook тармоғидаги яна бир фойдаланувчи.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда одатан, президент юрганда йўл тўсилишига гувоҳ бўлганини айтган аксар тармоқ фойдаланувчилари йўлнинг кортеж учун тўсилгани ва ҳатто, ўтган кортежнинг президентга тегишли эканига ишонмоқда.

“Ёлғон маълумот дейишяпти энди, кортеж, деб туриб. Бу вақтда фақат президент ўтадику, бу президент кортежи. Ўша вақтда мен ҳам у ерда бор эдим, ўтиб кетаётгандилар", деб ёзди Telegram тармоғи фойдаланувчиларидан бири.

“Аниқ тиниқ кортеж қурбонига айланди, юртбошидан бошқа ҳеч ким кортежда юришга ҳақли эмас. Юртбошининг хавфсизлиги юрт бойлиги, лекин атрофдаги ...чаларга ҳам шунақа юриш керак, дегани эмас”, дейди яна бир тармоқ фойдаланувчиси.

Ҳозирча Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бу йўлнинг президент кортежи учун ёпилганига оид иддаоларга нафақа очиқ жавоб бермади, ҳатто йўлнинг ёпилганини ҳам расман айтгани йўқ.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларидаги икки манбаси ҳалокатга учраган бу мотоцикллар президент кортежи таркибига киришини иддао қилмоқда.

“Улар президент кортежи охирида ҳаракатланувчи хавфсизлик ходимлари эди. Бу уларнинг одатий тезлик билан ҳаракатланиши эди. Қарши кўчадан фуқаро машинаси чиқиши мумкин эмаслигини билишган”, дейди Озодликнинг исми ошкор қилинмаётган манбаси.

Куч ишлатар тизимлардаги яна бир манба, ҳодиса Президент хавфсизлик хизмати (ПХХ) ходимлари хатоси билан бўлган, деб қаралаётгани ва ҳозир суриштирув бошланганини билдирди.

“Бу хизматдан катта-катта одамлар ишдан кетади энди”, деб тахмин қилди бу манба ва у ҳам кортежнинг президентга тегишли эканини иддао қилди.

Озодликда бу иддаоларни тасдиқловчи бошқа мустақил маълумотлар йўқ. Президент хавфсизлик хизмати - давлат раҳбари хавфсизлигини таъминловчи махсус тузилма ҳисобланади.

Ўзбекистонда президент ёки расмий ташриф билан мамлакатга борган юқори мартабали хорижий меҳмонлар кортежи ҳаракатланган пайтда йирик шаҳарларда қатнов тўхтатилиши тез-тез кузатилади.

Хусусан, Тошкент шаҳридан президент қароргоҳларидан бири жойлашган Дўрмон мавзеси томон борадиган асосий йўллар кортежлар ўтиши арафасида мунтазам тўсилади.

Марҳум президент Ислом Каримов даврида бундай пайтларда йўлнинг ҳар икки томонида нафақат транспорт воситалари, балки пиёдалар ҳаракати ҳам чекланар, хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, ҳатто снайперлар жойлаштирилар эди.

Ўзбекистонлик аксар кузатувчилар бу анаъана 2016 йилдан президент бўлган Шавкат Мирзиёев бошқарувида ҳам давом этаётгани, бироқ аввалги йилларга нисбатан хавфсизлик чоралари нисбатан юмшагани, хусусан пиёдалар ҳаракатига чекловлар камайганини ҳам айтади.

Аммо, бу Шавкат Мирзиёев бошқаруви пайтида айнан президент кортежига боғлангани иддао қилинган ва ўлим билан тугаган Озодликка маълум илк автоҳалокатдир.