"Марказий Осиё ва Хитой бирлашуви". Ресурслар ва суверенитетга хатар

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити, 31 август, 2025, Хитой

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакат 61 мингга яқин меҳнат визаси берган бўлиб, уларнинг тахминан 60 фоизи Хитой фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистонда эса 5615 та хитой капитали иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитларнинг 39,9 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келганди.

Рақамлар Марказий Осиёда хитойлик ишчилар оқими ва сармоявий фаолликнинг ошиб бораётгани, ўз навбатида Пекин таъсири шитоб билан кенгайганини кўрсатмоқда.

Кичик ҳодисалар, катта баҳслар

Сўнгги кунларда хитойликлар иштирок этган бир қанча ҳолатлар акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Видеоларда хитойликлар Арпа тоғли ҳудудида, давлат муҳофазаси остидаги минтақада электр жиҳозлари ёрдамида балиқ тутаётгани ҳақида иддаолар илгари сурилган.

Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда ғазабнок муносабатлар ва экологик қонунбузарликлар бўйича текширув чақириқларига сабаб бўлди.

Шунингдек, Иссиқкўл соҳилининг маҳаллий аҳоли кириши тақиқланган айрим ҳудудларида хитойлик меҳмонларнинг чўмилаётгани акс этган видеолар ҳам танқидларга сабаб бўлди.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хитойликлар ёввойи қушларни ноқонуний овлагани ҳақидаги иддаоларни ҳам тарқатди.

Кўпчилик бу ҳолатларни қонуннинг барчага тенг қўлланмаётгани ва Қирғизистонда хитойликларга алоҳида имтиёз берилаётгани намунаси сифатида баҳоламоқда.

Мавзуга алоқадор

Хитойнинг хавфсизлик ташаббуси Марказий Осиёда кучлар нисбатини ўзгартирадими?

Бу эса ижтимоий тармоқларда Хитойнинг Қирғизистонда таъсири кучайиб бораётганига оид баҳсларни янада кенгайтирди.

Фейсбукда кенг тарқалган бир постда "Хитой Қирғизистонни эгаллаб оляптими?" деган савол қўйилди. Постда Қирғизистон ҳукумат идоралари "Марказий Осиё ва Хитойнинг тинч йўл билан қайта бирлашуви уюшмаси" номли ташкилотни рўйхатдан ўтказгани ҳақидаги ҳужжатлар эълон қилинган эди.

Изоҳларда мамлакат суверенитетига доир хавотирлардан тортиб, бу каби даъволарни ҳуқуқий ва тил жиҳатидан текшириш чақириқларигача бўлган фикрлар билдирилди.

Яна бир кенг тарқалган муносабатда Қирғизистоннинг Хитой билан визасиз тартиби танқид қилиниб, президент Садир Жапаровга "хитойликлар учун визасиз режим жорий қилгани учун раҳмат" мазмунида киноя қилинган.

Бу каби қараш эгалари, мавжуд сиёсат хитойликларга фойда келтираётгани, қирғизистонликлар эса ҳануз Хитойга бориш учун виза олиши кераклигини танқид қилмоқда.

Норозиликка сабаб бўлаётган омиллар

Сиёсатшунос Венера Сайпидин ҳукумат Хитойдан келаётган миграция ва иш билан таъминлаш масалалари бўйича жамоатчиликка етарли ва аниқ маълумот бермаяпти, деб ҳисоблайди.

Унинг фикрича, расмийлар ишлаш учун келган хитойликлар Қирғизистонда қанча муддат қолиши ҳақида очиқ маълумот бермаяпти ва жамоатчиликни қизиқтираётган кўплаб саволларни жавобсиз қолдирмоқда:

"Расмийлар қанча хитойлик киргани ва қанчаси чиқиб кетганини аниқ айтиши керак. Акс ҳолда, жамиятдаги ноаниқ баҳслар кун сайин кучайиб боради".

Бишкеклик сиёсий таҳлилчи Кубан Абдименнинг айтишича, агар ҳукумат барча чет элликларга нисбатан қонунлар бир хил қўлланишини таъминламаса, жамоатчилик норозилиги янада кучайиши мумкин:

"Ҳукумат жамоатчилик фикрини инобатга олиши ва Қирғизистондаги хитойликлар ўзларини юқори тутиши ёки қонунни четлаб ўтишига йўл қўймаслик учун қонунларни қатъий амалга ошириши лозим".

Хитой ширкатларининг ошаётган таъсири

Расмий статистикага кўра, сўнгги уч йил ичида Қирғизистонда 7 мингга яқин Хитой компанияси, уюшма ва бошқа ташкилотлари рўйхатдан ўтган.

Хитой ширкатлари мамлакатдаги энг йирик инфратузилма, тоғ-кон ва энергетика лойиҳаларининг кўпчилигида иштирок этмоқда. Айрим ҳолларда давлат ерлари 49 йилгача бўлган муддатга ижарага берилган.

Шунингдек, Хитой Қирғизистоннинг энг йирик икки томонлама кредитори ҳисобланади. Айни пайтда, Хитой Экспорт-импорт банки Қирғизистоннинг 8,9 миллиард долларлик ташқи давлат қарзининг 1,6 миллиард доллари, яъни қарийб 28 фоизини ушлаб турибди.

Аҳолиси 7 миллиондан сал ортиқ бўлган Қирғизистонда юз минглаб одам асосан Россияга ишлаш учун боради. Кўплаб оила тирикчилиги меҳнат мигрантлари юборган пулга боғлиқ.

Шу боис, ишга яроқли аҳолининг катта қисми хорижда ишлаб юрган бир пайтда, катта миқдорда хитойлик ишчиларнинг кириб келиши хавотирли қабул қилинмоқда.

Бу хавотирлар иш ўринлари, ер, табиий ресурслар ва миллий суверенитет масалаларига оид. Кўплаб қирғизистонликлар мамлакат раҳбарлари халқ манфаатини етарлича ҳисобга олмаяпти, деб ҳисоблайди.

Бу хавотирлар айниқса Интернетда яққол намоён бўлмоқда. Хитой фуқаролари билан боғлиқ, ҳатто кичик воқеалар ҳам тезда мамлакат миқёсидаги баҳсга айланиб кетмоқда.

Мавзуга алоқадор

Булғанган тупроқ, сув ва ҳаво: Хитойнинг Тожикистондаги тилла бизнеси

"Хитой мавзуси" тақиқланганми?

Айниқса, сўнгги танқидлар ўтган ойда кучайган сиёсий тортишувларни ҳам қайта жонлантирди.

Фаол ва сиёсатчи Мавлян Аскарбеков Қирғизистонда хитойликлар сони ошиб бораётгани, жумладан, уларнинг кичик ва ўрта бизнесдаги иштироки ҳақида танқидий фикрлар билдирганидан кейин қўлга олинган эди.

Ҳокимият уни ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари орқали этник, миллий, диний ва минтақавий адоват қўзғатганликда айблади. У ҳозирча тергов ҳибсида қолмоқда.

2025 йил 17 июнь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган иккинчи "Хитой – Марказий Осиё" саммитида Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этди.

Аскарбеков ҳибсга олинганидан бир кун ўтиб, Жапаров йирик лойиҳаларда хорижлик ишчилар меҳнатидан фойдаланишни ҳимоя қилди ва у Хитойнинг ролини бўрттириб кўрсатаётганларни танқид қилди:

"Блогерлар, мухолифат ва ўзини кўрсатишга уринаётган популист сиёсатчилар 'улар келиб ҳаммасини эгаллаб олди' деган гапларни тарқатиб, тўсиқ яратмоқда. Бунга чек қўйиш ва бундай ҳаракатларни қатъий тўхтатиш керак".

Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон ўзи бажара оладиган ишларни мустақил амалга оширади.

"Аммо муҳандисларимиз, тажрибамиз ёки зарур билимимиз етишмайдиган соҳаларда қўшни давлатлардан ёрдам сўраймиз. Агар "ҳаммасини ўзимиз қиламиз", деб ўтираверсак, муҳандисларимиз қурган лойиҳаларни тугаллашга 15-20 йил кетган бўлар эди", деди у.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Йил якуни-2025: “Сокин, аммо кучайган” экспансия

Хитой сармояси ва хавфсизлик масаласи

Ҳукумат хитойликларнинг иштироки тараққиёт учун зарур эканини таъкидлаётган бўлса-да, бундай лойиҳаларнинг қандай қабул қилиниши ва амалга оширилиши хавотирларга сабаб бўлиб қолмоқда.

Global Voices халқаро медиа платформасининг катта муҳаррири, Хитой ва Марказий Осиё бўйича мутахассис Филип Нубелнинг айтишича, қарор қабул қилувчилар билан маҳаллий жамоалар ўртасидаги узилиш хитой сармоясига нисбатан норозиликни кучайтирган:

"Барча қарорлар Бишкекдаги элиталар билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинади. Улар бундай шартномалардан бевосита ёки билвосита манфаатдор. Маҳаллий жамоаларнинг фикри, эҳтиёжлари ва улар бундай лойиҳалардан қандай фойда ёки зарар кўриши мумкинлиги деярли ҳисобга олинмайди. Бу экологик муаммолардан тортиб, хитойлик ишчилар билан кундалик муносабатларгача бўлган масалаларни қамраб олади".

Таҳлилчига кўра, бу вазиятда айрим гуруҳлар миллатчилик кайфиятидан ҳам фойдаланилиши мумкин ва бу мақсадда ҳар қандай хитой сармоясини таҳдид сифатида кўрсатишга ҳаракат қилиши мумкин.

Нубел бу вазиятни хориждаги Хитой ҳукуматининг хориждаги сармоясини "хавфсизлаштириш" мақсади билан изоҳлайди. Яъни, хитойлик инвесторлар ва ишчилар хавфсизлигини таъминлаш - оддий бизнес доиралар даражасидаги масала эмас, балки давлатлараро хавфсизлик ҳамкорлигининг бир қисмига айланади, дейди таҳлилчи:

"Хитой компанияларининг, кўп ҳолларда давлат ширкатлари бўлиб чиқиш ҳамда шу позициядан туриб ҳуқуқий, жисмоний ва сиёсий ҳимоя излашининг сабаби шунда. Улар ўз ҳукуматига таяниб, инвестиция ва ходимлари хавфсизлигини таъминлайдиган қоида, ҳужжат ва амалиётларни келишиб олиш ёки жорий қилишга интилади".

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OZODNEWS: Андижонда фермер ерлари - мажбурий ариза ва Хитой омили | Украинага босқин: 1421-кун

Ҳукумат жавоб беришга мажбур бўлди

Шунга қарамай, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Хитой билан боғлиқ сиёсатни ҳимоя қилиб, унинг танқидчиларини қоралаганига қарамай, интернетда кучайиб бораётган норозилик ҳукуматни чора кўришга мажбур қилди.

14 июль куни расмийлар мамлакат бўйлаб хорижлик қурилиш ишчилари учун Қирғизистон қонунларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари бошланганини маълум қилди.

Бунга ноқонуний балиқ овлаш, овчилик, жамоат тартибини бузиш ва жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлган.

Шу куни Жапаров маъмуриятига яқин деб ҳисобланадиган блогерлар ноқонуний балиқ овлашда айбланган хитойлик фуқаро паспорти нусхасини эълон қилиб, унинг мамлакатдан депортация қилинганини даъво қилди.

Шунингдек, Адлия вазирлиги ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқидларга учраган "Марказий Осиё ва Хитойнинг тинч йўл билан қайта бирлашувини илгари суриш уюшмаси" давлат рўйхатидан чиқарилганини тасдиқлади. Вазирлик бу қарор нега қабул қилинганига ҳозирча изоҳ бермади.

Ўзбекистондаги Хитой ишчилари ва сармояси

Ўзбекистонда ҳам хитойлик ишчилар иштирокидаги айрим ҳодисалар ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келади.

2025 йил июнида Самарқанд вилояти Ургут туманидаги қишлоқ хўжалиги мулозимининг фермерлар ери хитойлик инвесторларга берилиши мумкинлиги ҳақидаги видеоси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, баҳсларга сабаб бўлди. Кейинчалик Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу иддаоларни рад этган.

Шунингдек, 2025 йилда Фарғона водийсида айрим фермерлар ер майдонлари хитойлик компанияларга топширилаётгани ҳақида шикоят қилган. 2025 йил декабрида эса Сирдарё вилоятида ишлаган уч хитойлик ишчининг ўзбек сўмини ёқиб, буни видеога олгани ижтимоий тармоқларда кескин норозиликка сабаб бўлганди.

Расмий идоралар бундай воқеалар алоҳида ва чеклангани ҳамда ҳар бир ҳолат юзасидан чора кўрилаётганини таъкидлаб келади.

Мавзуга алоқадор

Яна сармоя - яна қарз? Мирзиёев Хитойдан қайтди

Аммо, Ўзбекистонда эса хитойликлар билан боғлиқ муҳокамалар асосан меҳнат миграцияси муаммолари эмас, балки иқтисодий таъсирнинг кучайиши атрофида кечмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам Қирғизистондаги каби оддий аҳоли ҳамда жамоатчилик фаолларининг суверенитет ва миллий ресурсларга оид хавотирларига қарамай, Пекин билан ҳамкорлигини кенгайтирмоқда.

Бугунги кунда мамлакатда 5 615 та хитой капитали иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда ва бу барча хорижий иштирокдаги корхоналар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Шунингдек, 2025 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитларнинг 39,9 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келди. Хитой бу кўрсаткич бўйича Россия ва Туркияни ортда қолдириб, мамлакатнинг энг йирик инвесторига айланган.

Евроосиё тараққиёт банки маълумотларига кўра, Хитойнинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари 2016 йилдаги 284 миллион доллардан 2025 йилнинг биринчи ярмида 10,7 миллиард долларга етган. Бу давр мобайнида инвестициялар қарийб 40 баробар ошган.

Сармояларнинг асосий қисми энергетика, нефть-газ, саноат, кимё ва инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилган.

Кузатувчилар фикрича, Марказий Осиёда Хитойнинг иқтисодий иштироки тобора ортиб бораётган бир пайтда асосий масала сармоянинг ўзи эмас, балки унинг шаффофлиги, маҳаллий аҳоли манфаатлари қай даражада ҳисобга олинаётгани ва қонунлар барча учун бир хил қўлланишини таъминлашдан иборат бўлиб қолмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Судралувчи экспансия”: Фермерларнинг минглаб гектар ери хитойликларга бериб юборилди