Метрополитендан шикоят. "Қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик авж олди"

Тошкент метроси қурилиши Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов назоратида амалга оширилган.

16 июль куни Тошкент метросининг "Турон" бекатида шифт қулаши оқибатида икки киши жароҳатланди. Метро ҳаракати вақтинча тўхтатилди.

Бу 354 миллион долларлик Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясида кейинги ойларда кузатилаётган биринчи техник ҳалокат эмас. Икки йил аввал ишга туширилган ушбу линия қурилиши Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов назоратида амалга оширилган.

Метродаги сўнгги ҳодиса қурилиш сифатига оид саволларни яна кун тартибига чиқарди. Шу билан бирга, метрополитен ходимларининг Озодликка билдирган иддаолари муассасадаги бошқарув, эҳтимолий непотизм ва коррупцияга оид хавотирларни ҳам кучайтирмоқда.

“Toshkent metropoliteni” ходимлари муассасадаги эҳтимолий непотизмга оид хавотирлар юзасидан Озодликка шикоят қилишди.

Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг “Турон” 13-бекатидаги ҳодиса 16 июль куни соат 14:34да содир бўлган.

“Toshkent metropoliteni” давлат унитар корхонаси хабарига кўра, метро бекатининг том конструкцияси йўловчилар платформасига қулаб тушган:

"Мазкур ҳодиса оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган. Уларга воқеа жойининг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Қипчоқ” ва “Қурувчилар” метро бекатлари оралиғида бепул метробуслар ҳаракати йўлга қўйилган".

Расмийларга кўра, 16 июль куни Тошкент метросининг "Турон" бекатида шифт қулаши оқибатида икки киши жароҳатланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазиятни назоратга олганини маълум қилди. Ҳодисадан сўнг поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилди, махсус комиссия сабабларни ўрганмоқда. “Toshkent metropoliteni”нинг Озодлик боғланган ходими, 17 июл туш пайти ҳам бекатда ҳали тозалаш ишлари олиб борилаётганини айтди:

"Турон" бекатидаги ҳодиса ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар атиги икки йил аввал ишга туширилган метро линиясида бундай носозлик юз берганини танқид қилди.

“Аномал иссиқ сабабли, металл конструкция қийшайиб, қулаб тушди" деган хабар чиқмадими ҳали? Қуёш айбдор. Лойиҳалаштирган, экспертизадан ўтказган ва қурганлар ҳеч қачон айбдор бўлмайди "Янги Ўзбекистон"да", дея ёзди Facebook фойдаланувчиси Alijon Eshboy.

“Toshkent metropoliteni” сўнгги ойларда турли техник ҳодисалар билан тез-тез жамоатчилик эътиборига тушмоқда.

Ўтган ҳафта Чилонзор йўналишининг “Халқлар дўстлиги” ва “Пахтакор” бекатлари оралиғида ҳаракатланаётган поезддаги техник носозлик сабаб йўловчилар вагондан туширилди.

Худди шундай ҳодиса 28 март куни ҳам кузатилган эди. Энди эса “Турон” бекатидаги авария икки йил аввал фойдаланишга топширилган ер усти метро линияси қурилиши ва унинг амалга оширилиши ҳақидаги саволларни яна кун тартибига олиб чиқди.

"Ўзи бу метро қурилганига неча йил бўлди? Капитал тамирдан чиққанига неча ой бўлди? Бу метро линияси ҳар йили олти ойга ёпилиб таъмирланади шекилли. Жавоб берадиган бирорта одам борми?", дея ёзди Facebook фойдаланувчиси Sobir Majidov.

14 та бекатдан иборат мазкур линия қурилиши 2017 йилда бошланган.

Мавзуга алоқадор

Темирйўлчидан чиққан қаҳрамон. Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов аслида ким?

Президент қарорига мувофиқ, лойиҳанинг ягона буюртмачиси этиб "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти белгиланган. Қурилиш жараёнини назорат қилиш эса ўша пайтда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва айни вақтда "Ўзбекистон темир йўллари" раҳбари бўлган Очилбой Раматов зиммасига юкланган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, лойиҳа қиймати 354,36 миллион долларни ташкил этган. Унинг 208,298 миллион доллари давлат бюджети, қолган қисми эса кредит маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

“Турон” бекати 2024 йил 11 март куни очилган. Бироқ орадан бир йил ўтмай ер усти метро линиясида техник камчиликлар аниқланди. Бекатлар босқичма-босқич ёпилиб, таъмирлаш ишлари қарийб беш ой давом этди. Линия фаолияти тўлиқ 2025 йил 1 ноябрдан қайта тикланди.

Раматов 2002 йилдан бошлаб 17 йил давомида “Ўзбекистон темир йўллари”ни бошқарди. Шу даврда Тошкент метросини кенгайтириш ва ер усти ҳалқа метро линияси қурилишига доир йирик лойиҳалар айнан “Ўзбекистон темир йўллари” орқали амалга оширилди. Хусусан, 2017 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Юнусобод метро линияси қурилиши учун 140 миллион доллар ажратган.

Раматов даврида “Ўзбекистон темир йўллари” олган кредитларнинг айримлари

Бу ҳақда батафсил Озодликнинг “Temiryo‘lchidan chiqqan qahramon” номли махсус видео дастурида танишишингиз мумкин.

Бугун“Toshkent metropoliteni” 50 та бекат ва 70 километрдан ортиқ тармоққа эга. Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилдан бошлаб метродан ҳар куни 1 миллиондан ортиқ йўловчи фойдаланади. Ана шундай йирик тизим фаолияти юзасидан эса метрополитен ходимлари Озодликка қатор шикоятлар билан мурожаат қилди.

“Раҳмонбек Усмонов Тошкент метрополитенига бошлиқ бўлиб келгач, муҳит ўзгарди. Малакали мутахасислар ишдан бўшатилди. Қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик авж олди", деди хавфсизлик сабаб исмини очиқламаган “Toshkent metropoliteni”ходими

“Toshkent metropoliteni”даги эҳтимолий непотизмга оид мурожаатлар жорий йилнинг май ойидан бери Озодликка келиб тушмоқда.

Озодлик бу иддаолар юзасидан бир-биридан мустақил ўнга яқин метрополитен ходими билан суҳбатлашди.

Расмий манбаларда келтирилишича, 2021 йил июнда Раҳмонбек Усмонов “Toshkent metropoliteni” раҳбари этиб тайинланган. У аввал пойтахтдаги турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Жумладан, Юнусобод ва Яккасарой туманлари ҳокими, 2011–2018 йилларда эса Тошкент шаҳри ҳокими бўлган.

Метрополитен ходимлари иддаосига кўра, корхонанинг бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусанов Раҳмонбек Усмоновнинг яқин танишларидан бири. Улар буни иккаласининг Юнусобод туман ҳокимлигида бирга ишлагани билан изоҳлайди. Мирҳусановнинг расмий меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларга кўра, у 2019 йилда Юнусобод тумани ҳокимлиги Инвестициялар мажмуаси котибиятида бош мутахассис бўлиб ишлаган.

Шунга ўхшаш иддаолар метрополитен раҳбарининг молия бўйича ўринбосари Йўлдош Юсупов ҳақида ҳам билдирилмоқда. Корхона сайтидаги маълумотга кўра, Раҳмонбек Усмонов Тошкент шаҳри ҳокими бўлган йилларда Юсупов шаҳар Молия бошқармасида ишлаган.

“Toshkent metropoliteni” ходимлари шикояти асосида тайёрланган видеодан скриншот.

Метрополитен ходимлари Усмоновнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Элёр Элтаевни ҳам унинг ҳокимлик давридан таниш кадрларидан бири сифатида тилга олади. Расмий биографиясига кўра, Элтаев ҳам Усмонов шаҳар ҳокими бўлган пайтда Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармасида етакчи мутахассис бўлиб ишлаган.

Непотизмга оид иддаолар бош муҳандис Мирҳоким Мирҳусановга нисбатан ҳам билдирилмоқда. Ходимлар иддаосича, “Toshkent metropoliteni” Ёшлар етакчилари кенгаши раиси Миролим Мирҳусанов унинг туғишган укаси.

Бу иддаони иккаласининг отаси исмлари ва фамилияларининг бир хиллиги кучайтиради.

“Toshkent metropoliteni” ходимлари шикояти асосида тайёрланган видеодан скриншот.

Метрополитен ходимлари иддаосида Достонжон Эргашев, Умид Пайзимуҳамедов, Улуғбек Салихов каби шасхларнинг ҳам исмлари келтирилган.

Озодлик “Toshkent metropoliteni”нинг тўқққиз нафар мулозимига сўров жўнатди.

Озодлик қариндошлик ва таниш-билишчилик ҳақидаги иддаолар юзасидан “Toshkent metropoliteni”нинг номи тилга олинган бу мулозимларининг ширкат сайтида эълон қилинган телефон рақамларига бирма-бир қўнғироқ қилди. Ўзини Мирҳоким Мирҳусановнинг котибаси деб, таништирган ходим ишхонадаги ҳамма бошлиқлар "Турон" бекатидаги ҳодисани ўрганиш билан банд эканини айтди.

Шундан сўнг Озодлик мазкур иддаолар юзасидан электрон емайл орқали номлари тилга олинган раҳбарлардан жами тўққиз нафарига расмий сўров юборди.

Бироқ мақола чоп этилгунига қадар Озодликка ҳеч бир мансабдордан расмий жавоб келмади.

Бунга қадар метрополитеннинг айнан шу ишчи-ходимлари гуруҳи илгари сурган иддаоларни ўрганган мустақил журналист Улуғбек Ашур ҳам метрополитендаги бир қатор қариндошлик ва таниш-билишчилик ҳолати борлигини ўрганган.

"Мирҳусанов Миролим - метрополитен ёшлар етакчилари кенгаши раиси, 2023 йилда метрога келган. У бош муҳандис Мирҳусанов Мирҳокимнинг укаси. Холматов Ҳусниддин - бош муҳандис Мирҳусанов Мирҳокимнинг амакиси. У Чилонзор электродепосида электропоезд машинисти. Саидхўжаев Жасур Олмазор тумани ҳокимиятида ишлаган, 2003 йилдан бошлаб метрополитенда ишлайди. У Мирҳусанов Мирҳокимнинг ҳокимиятда бирга ишлаган жуда яқин ва ишонган одами. Мирҳусанов бош муҳандис бўлгач, Саидхўжаев Жасурни ҳаракат хизмати бўйича ўринбосари лавозимига қўйган", дейди “Toshkent metropoliteni”даги эҳтимолий непотизм ҳолатларини ўрганган мустақил журналист Улуғбек Ашур.

9 июль куни мустақил журналист Улуғбек Ашур ўзининг “Негатив” муаллифлик дастурида “Toshkent metropoliteni”даги эҳтимолий непотизм ҳақида видео эълон қилди. Орадан тўрт кун ўтиб, 13 июль куни мазкур видеода бош муҳандис Мирҳоким Мирҳусановнинг укаси сифатида тилга олинган Миролим Мирҳусанов “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Бироқ метрополитен ходимларининг шикоятлари фақат кадрлар сиёсати билан чекланмайди.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, метрополитен раҳбариятига тўланган маблағлар оддий ходимларникидан анча юқори. Бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини Озодлик боғланган “Toshkent metropoliteni” мулозимларидан бири тасдиқлади. Бироқ у ҳисоб-китоб варақларидаги рақамлар нотўғри талқин қилинмаслигини сўради.

Жумладан, 2025 йил декабрь ойига оид ҳисоб-китоб варағида метрополитен раҳбари Раҳмонбек Усмонов номига жами 686 миллион 840 минг сўмдан зиёд маблағ тўлангани кўрсатилган. Бу ўша давр курси бўйича қарийб 57 минг АҚШ долларига тенг. Ҳужжатда мазкур сумманинг асосий қисми «бир марталик тўловлар» сифатида қайд этилган.

Бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини Озодлик боғланган “Toshkent metropoliteni” мулозимларидан бири тасдиқлади.

Ҳужжатларда қайд қилинишича, бошқа ойларда ҳам Усмоновнинг иш ҳақи 80–100 миллион сўм атрофида бўлган. Хусусан, 2025 йил апрель ойида у 97 миллион сўмдан зиёд, ноябрь ойида эса 83 миллион 254 минг сўмдан зиёд иш ҳақи олган.

Метрополитен ходимлари таъкидлашича, раҳбарларга юзлаб миллион сўмлик мукофотлар ажратилаётган бир пайтда, монтёрлар ойига 4,5–5 миллион, механиклар 5,5–6 миллион, инженерлар эса 6–7 миллион сўм атрофида иш ҳақи олади.

Ҳужжатларга кўра, 2025 йил июнь ойида бош муҳандис Миролим Мирҳусанов номига жами 88 миллион 199 минг сўм тўланган. Шундан 72 миллион сўми "бир марталик тўлов" сифатида кўрсатилган.

Бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини Озодлик боғланган “Toshkent metropoliteni” мулозимларидан бири тасдиқлади.

Озодликка тақдим қилинган ҳужжатларда “Ҳаракат” хизмати бошлиғи ўринбосари Жасур Саидхўжаев, раҳбар ўринбосари Улуғбек Салихов, бош тафтишчи Достонжон Эргашев, Ёшлар етакчилари кенгаши раиси Миролим Мирҳусановларга 100 миллион сўмгача мукофот ва қўшимча тўловлар тўлангани акс этган.

Бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган “Toshkent metropoliteni” мулозимларидан бири миллионлаб сўм миқдорида берилган қўшимча тўловлардан баъзиларига изоҳ берди.

“Сиз метрополитен раҳбари Раҳмонбек Усмонов номига жами 686 миллион 840 минг сўм тўланганини изоҳлашни сўрадингиз. Бу у кишининг ойлиги эмас. Усмоновнинг соғлиғи ёмонлашгани учун 2025 йил декабрида даволанишига қарз берилган. Бу кейинчалик қайтарилиши керак бўлган маблағ. Яхшиси, матбуот хизмати билан боғланинг, улар сизга тўлиқ маълумот беради", деди ўзини таништиришни истамаган "Toshkent metropoliteni” мулозимларидан бири.

Озодлик қўнғироғига жавоб берган ва ўзини матбуот хизмати вакили Дониёр, деб таништирган ходим “Турон” бекатидаги авария сабаб жуда бандлигини важ қилиб саволларга жавоб бермади. Кейинчалик матбуот хизматига қилинган мурожаатлар ҳам жавобсиз қолди.

Айни пайтда “Турон” бекатидаги авария юзасидан техник хулоса ҳали эълон қилинмаган. Шу билан бирга, метрополитен ходимлари илгари сураётган иддаоларнинг асосий қисмига раҳбарлар жавоб бермаётир. Озодлик бу масалалар юзасидан “Toshkent metropoliteni” раҳбариятига бот-бот мурожаат қилди ва улар томонидан билдириладиган ҳар қандай муносабатга микрофон тутишга тайёр. Озодлик мавзуни ўрганишда давом этади.

Ушбу мавзудаги Озодлик видеосини қуйидаги линкда тўлиқ томоша қилишингиз мумкин: