Каспий қувурлари консорциуми: Қора денгизда яна бир нефт танкерига ҳужум бўлди

Нефт танкери, (иллюстратив сурат - Каспий қувурлари консорциуми)

Каспий қувурлари консорциуми (КҚК) Қора денгиздаги терминалдан нефть юклаётган яна бир танкер дронлар ҳужумига учраганини маълум қилди.

Компания баёнотига кўра, 20 июлга ўтар кечаси NELSA танкери дрон ҳужуми нишонга айланган. Оқибатда, кеманинг бир нечта қисмида ёнғин чиққан.

Экипажнинг 22 аъзоси эвакуация қилинган. Капитан ва унинг биринчи ёрдамчиси эса кема бортида қолган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Кемадаги ёнғинни ўчириш учун бир неча соат вақт кетган.

"КҚКга аъзо давлатлар ушбу ҳужумларни қоралайди ва халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилган ҳолда Қозоғистон ҳудудида халқаро консорциумлар томонидан ишлаб чиқарилган углеводород хомашёсини экспорт қилувчи инфратузилмага қарши амалга оширилаётган террорчилик ҳужумларини тўхтатиш бўйича аниқ чоралар кўради, деб умид қиламиз", дейилади КҚК баёнотида.

17-19 июль кунлари ҳам Қора денгизда Қозоғистон нефтини ташиётган танкерлар дрон ҳужумига учраган эди.

Ушбу воқеалар муносабати билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Энергетика вазирлиги баёнот берган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳужумларни мамлакат иқтисодий манфаатларига қарши қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади.
Вазирлик баёнотида:

"Ушбу ҳужумларни Қозоғистон Республикасининг иқтисодий манфаатларига нисбатан йўл қўйиб бўлмайдиган тажовуз, шунингдек қонуний халқаро савдо, жаҳон энергетика бозорлари ва халқаро транспорт-логистика таъминот занжирлари хавфсизлигини издан чиқаришга қаратилган атайин ҳаракатлар деб ҳисоблаймиз", дейилди.