АҚШ Марказий қўмондонлиги Эронга навбатдаги зарбалар 5 соат давом этганини билдирди

АҚШ ҳарбийлари 20 июль кечаси Эронга қарши навбатдаги зарбалар босқичини якунлаганини маълум қилди.

Айтилишича, зарбалар Эрон ҳарбий қўмондонлик марказлари, ракета ва дрон учириш майдонлари, денгиз имкониятлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига қаратилган.

Ҳарбийлар таъкидича, АҚШ Марказий қўмондонлиги эълон қилган видеода Эроннинг ҳарбий нишонлари, жумладан қўмондонлик марказлари, ҳаво мудофааси объектлари ва соҳил кузатув инфратузилмаларига берилган аниқ зарбалар акс эттирилган.

Reuters видеонинг қаерда ва қачон тасвирга олинганини мустақил тасдиқлай олмади.

АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, Эронга қарши зарбаларнинг сўнгги босқичи тахминан беш соат давом этган.

Вашингтоннинг билдиришича, АҚШ ҳарбийлари Ҳормуз бўғози орқали ҳаракатланаётган тижорат кемаларига ҳужум қилиш имкониятларини чеклаш учун «Эроннинг ҳужум қилиш қобилиятини сусайтиришга» уринмоқда.

Иордания, Қувайт ва Баҳрайн 20 июль куни Эрон ҳаво ҳужумларини тўсиб қолганини маълум қилди.

Иордания Қуролли кучлари тарқатган баёнотда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Эрон томонидан учирилган учта ракетани йўқ қилгани билдирилди.

Шунингдек, армия юқори шайлик ҳолатида қолиши ва миллий хавфсизлик ҳамда суверенитетга ҳар қандай таҳдидга қатъий жавоб қайтариши таъкидланган.

Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси АҚШнинг Эронга қарши давом этаётган ҳаво зарбаларига жавоб сифатида Қувайт ва Иорданиядаги АҚШ активлари ҳамда объектларига ракета ва дрон зарбалари берилганини маълум қилган эди.