Украинада намойишлар давом этмоқда, Киев мэри намойишчиларни қўллади

Украина пойтахти Киевда собиқ Мудофаа вазири Михайло Федоровнинг лавозимдан олинишига қарши намойишлар давом этмоқда.

Намойишчилар Президент Владимир Зеленскийдан Федоровни лавозимига қайтариш ва ҳарбий раҳбариятни ислоҳ қилишни талаб қилмоқда.

Бу норозилик намойишлари Россиянинг 2022 йилдаги босқинидан бери энг йириги бўлиб, Украина раҳбариятидан жамоатчилик норозилиги ортиб бораётгани ифодаси сифатида қабул қилинмоқда.

Намойишчиларни пойтахт мэри Виталий Кличко ҳам қўллаб-қувватлади. У Германиянинг Handelsblatt бизнес газетасига берган интервьюсида Украина президенти Зеленскийнинг Мудофаа вазирини алмаштириш қароридан ҳайратда қолганини ва одамларнинг нима учун кўчаларга чиқаётганини тушунишини айтди:

- Мен шокда қолдим. Зеленский жуда катта хато қилди: у қарорини ҳеч қандай изоҳсиз эълон қилди. Федоров сўнгги олти ой давомида вазирликда ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширди. Ундан олдинги бача вазирлар йирик можароларга аралашган эди. У эса аксинча, кўп маблағни тежади ва натижаларга эришди.

20 июл куни Зеленский мамлакатнинг бир неча юқори мартабали ҳарбий қўмондонлари билан учрашди. Сиёсий таҳлилчилар уларни Бош қўмондон Олександр Сирскийнинг эҳтимолий ўринбосарлари сифатида кўрмоқда.