Украина дронлари Wildberries компаниясининг логистика марказларига яна зарба берди

Украина дронлари Краснодар шаҳри ҳамда Ставрополь ўлкасининг Невинномысск шаҳридаги Wildberries логистика марказига зарба берди, деб хабар қилди компания ҳаммуассиси ва эгаси Татьяна Ким. Тадбиркор бир неча киши жабрланганини ёзди.

- Оддий одамлар, ходимларимиз, ўз ишини бажараётган барчамизга қарши қилинган ҳужумлар туфайли ҳиссиёт ва кечинмаларимни ифодалашга сўз йўқ. Аммо бу ҳолатлар энг муҳим нарсани кўрсатади — одамлар манфаати учун қилаётган ишимизни давом эттиришимиз керак, - деди Татьяна Ким.

Краснодар тезкор штаби маълумотларига кўра, омборга қилинган зарба оқибатида уч киши жароҳатланган.

Ставрополь ўлкаси губернаторига кўра, Невинномысскдаги омборга қилинган ҳужумда яна беш киши яраланган.

Краснодар ўлкасининг Армавир шаҳрида эса дрон нефт базасига тушиб ёнғин бошланган, деб хабар қилди шаҳар маъмурияти.

Расмийларга кўра, нефт базасига 16 тадан ортиқ дрон ҳужум қилган.

Шунингдек, тезкор штабнинг маълум қилишича, дронлар Краснодар шаҳри ва Динская станицасидаги турар жой биноларига ҳам зарар етказган.

Reuters бинолар, томлар, ўсимлик қоплами ва йўл тармоғини архив ҳамда сунъий йўлдош тасвирлари билан таққослаш орқали воқеа жойини тасдиқлади.

Бундан аввал, шанба куни Украина дронлари Котовск ва Электросталь шаҳарларида жойлашган иккита йирик логистика марказига зарба бергани натижасида саккиз нафар ходим ҳалок бўлган эди.

Ҳужумлар ёнғинлар келиб чиққан ва кунига 20 миллиондан ортиқ буюртмаларни қайта ишлайдиган Wildberries компанияси фаолиятига жиддий таъсир кўрсатди.