Озарбайжон: Россия ва Германия собиқ амалдорлари Бокуда махфий учрашув ўтказган

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Россия ва Германиянинг собиқ амалдорлари Боку шаҳрида махфий учрашув ўтказган, улар эҳтимол Украинадаги урушни якунлашни муҳокама қилган, деб баёнот берди.

Бу баёнотни Алиев Берлинда Германия канцлери Фридрих Мерц билан ўтказган матбуот анжуманида гапирди, деб ёзмоқда Bloomberg ва Озарбайжоннинг Minval нашрлари.

Алиевнинг сўзларига кўра, норасмий учрашув 12–14 июль кунлари Бокуда бўлган ва бундан Озарбайжон, Россия, Германия ҳукуматларининг хабари бўлмаган.

Мерц, бу нашрларга жавобан, бу музокаралар ҳақида маълумотга эга эмаслиги ва Германия ҳукумати уларда иштирок этмаганини билдирган.

- Биз учрашувда иштирок этмаганимиз учун тафсилотларга изоҳ беролмайман. Аммо авиақатновлар ҳақидаги маълумотлар Бокуда махфий учрашув ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтганини тасдиқлашимга асос беради. Агар бу учрашув Россия ва Украина ўртасидаги урушни тугатишга хизмат қилган бўлса, биз буни фақат қўллаб-қувватлаймиз, - деди Илҳом Алиев.

17 июль куни Германиянинг Die Zeit нашри Ангела Меркел маъмурияти собиқ раҳбари Рональд Пофалла ва Бранденбург собиқ бош вазири Матиас Плацек Бокуда «Газпром» директорлар кенгаши раиси Виктор Зубков, Россия Фанлар академиясининг Европа институти директори Алексей Громико ва Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси Валерий Фадеев билан махфий учрашув ўтказгани ҳақида хабар берди.

Музокара иштирокчилари аниқ нималарни муҳокама қилгани маълум эмас. Die Zeit тахминига кўра, гап Россия–Германия форуми бўлган «Петербург мулоқоти»ни қайта тиклаш ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ҳақида кетган бўлиши мумкин.

Июн ойининг ўрталарида Bloomberg ва Reuters манбаларига таяниб хабар беришича, Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта Украинадаги урушни тугатиш мавзусида Брюссел ва Москва ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Россия раҳбарияти билан қисқа муддатли дипломатик алоқалар ўрнатган.

Бундан аввал Европа давлатлари Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш доирасида Москва билан музокаралар олиб бориш учун махсус вакил номзодини муҳокама қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.