Россияда чет эл фуқаролари учун қонунлар янада қатъийлаштирилди

Россия Давлат думаси чет эл фуқароларини депортация қилиш учун асослар рўйхатини кенгайтириш ҳақидаги қонунни учинчи ўқишда қабул қилди.

ТАСС ёзишича, бундай ҳуқуқбузарликлар рўйхати икки бараварга оширилади: маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг мавжуд 22 та моддасига яна 23 таси қўшилади.

Депортация учун асос бўладиган янги сабаблар орасида рухсат берилмаган митингларда иштирок этиш, Россия армиясини дискредитация қилиш, Россияга қарши санкцияларга чақириқлар, сепаратизмга чақириқлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва чегарачилар талабларига бўйсунмаслик, майда безорилик, камситиш, белгиланмаган жойда ўқ отиш, транспорт ҳаракатига халақит бериш, нафрат ёки адоват қўзғатиш, диний рамзларни ҳақорат қилиш каби ҳолатлар бор.

"Биз учун мамлакатга қонунларга итоат қиладиган одамлар келиши муҳим. Улар келсин, ишласин, пул топсин ва қонунларимизни ҳурмат қилган ҳолда, ҳуқуқ-тартибот вакилларимизга бўйсунган ҳолда кетсин", — деди Дума спикери Вячеслав Володин.

Депутатлар шунингдек, ҳар қандай судланганлик ҳолатига эга бўлган чет элликларга Россия фуқаролиги, яшаш учун рухсатнома ва вақтинчалик яшаш ҳуқуқини беришни тақиқловчи қонунни ҳам қабул қилди.

Агар бу ҳужжатлар олдин берилган бўлса, судланганлик ҳолати аниқланганда улар бекор қилинади. Қочқинлар ва сиёсий муҳожирлар учун истисно қўлланилади.

Аввалроқ Давлат думаси Россияда меҳнат муҳожирлари ва уларнинг фарзандлари бўлиши қоидаларини қатъийлаштирувчи қонунлар пакетини қабул қилган эди.

Тузатишларга кўра, патент асосида ишлайдиган чет эл фуқароларининг фарзандлари 18 ёшга тўлгач, Россияни тарк этиши ёки 30 кун ичида меҳнат патенти расмийлаштириши шарт бўлади.

Ишлаш ва мамлакатда бўлиш учун рухсатномалари мавжуд меҳнат муҳожирларининг вояга етмаган фарзандлари эса Россияда қолиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Шунингдек, муҳожир ўзи учун ҳам, у билан бирга яшаб турган ҳар бир фарзанди учун ҳам жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича белгиланган тўловни амалга ошириши керак бўлади.

Сўнгги бир неча йил ичида Россияда миграция қонунчилиги сезиларли даражада қатъийлаштирилди. Хусусан, муҳожирлар фарзандларига рус тили бўйича имтиҳон топширмасдан мактабга кириш тақиқланди, уларнинг ота-оналари эса Россияда қонуний яшашларини тасдиқлаши мажбурий этилди.