“Toshkent metropoliteni” раҳбарияти Озодлик 17 июлда эълон қилган муассасадаги бошқарув, эҳтимолий непотизм ва коррупцияга оид ходимлар шикояти юзасидан расмий жавоб йўллади.
Хатда корхонадаги қариндошлик алоқалари ва раҳбарларга тўланган йирик маблағлар рад этилмай, уларнинг ҳуқуқий ҳамда маъмурий асослари келтирилган.
Шу билан бирга, раҳбарлик лавозимидаги айрим мулозимларнинг корхона бошлиғи билан танишлиги ҳақидаги иддаоларга ҳам изоҳ берилган.
Озодликка 21 июль куни юборилган расмий жавоб “Toshkent metropoliteni” бошлиғининг ўринбосари Юлдаш Юсупов имзоси билан тақдим этилган.
Озодликка жавоб хати.PDF
Расмий жавобда муассаса раҳбарияти ходимлар шикоятида тилга олинган қариндошлик алоқаларини инкор этмаган.
Жумладан, корхона бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусанов ҳамда Ёшлар етакчилари кенгаши раиси Миролим Мирҳусановнинг ака-ука экани тасдиқланиб, улар ўртасида тўғридан-тўғри бўйсунув муносабати мавжуд эмаслиги қайд этилган.
"Мирхусанов Миролим Мирҳосил ўғли “Тошкент метрополитени” ДУК бошлиғининг 2025 йил 30 июндаги №251-сонли буйруғига асосан Метрополитен ёшлар етакчилари кенгаши раиси – бўлим бошлиғи лавозими штат бирлигига “Тошкент метрополитени” ДУК бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари мақоми берилганлиги учун тўғридан-тўғри корхона бошлиғига бўйсуниши белгиланган", дейилади Озодликка йўлланган жавоб хатида.
“Toshkent metropoliteni” ходимлари шикояти асосида тайёрланган видеодан скриншот.
Метрополитен ходимлари бош муҳандис Мирҳоким Мирҳусановнинг укасидан ташқари яна амакиваччаси Достонжон Эргашев ҳам Ҳаракат хавфсизлиги бўйича бош тафтишчи лавозимида ишлашини айтган эди.
Мавзуга алоқадор
Метрополитендан шикоят. "Қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик авж олди"Расмий жавобда бу ҳолат ҳам инкор қилинмаган. Корхона раҳбарияти қариндошлик манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаслигини Эргашевнинг тўғридан-тўғри корхона бошлиғига бўйсуниши билан изоҳлаган.
Айни пайтда Достонжон Эргашевнинг Муаммоларни ўрганиш ва илмий-инновацион ривожлантириш хизмати бошлиғи Умид Пайзимухамедов билан божа экани ва уларнинг иккаласининг "Режим ва ички хавфсизлик" хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Игамбердиевнинг куёви экани ҳам тасдиқланган.
Бироқ маркетинг масалалари бўйича бошлиқ ўринбосари Улуғбек Салиховнинг корхона бошлиғи Раҳмонбек Усмоновнинг жияни экани ҳақидаги иддаога жавобан, раҳбарият унинг Усмоновга қариндош эмаслигини билдирмаган, фақат исми, отасининг исми ва фамилияси орқали яқин қариндошлик аниқланмаганини қайд этган.
Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 121-моддасида қариндошларнинг давлат ташкилотида бирга хизмат қилиши чекланади:
"Ўзаро яқин қариндош ёки қуда томондан қариндош бўлган шахсларнинг (ота-она, ака-укалар, опа-сингиллар, ўғиллар, қизлар, эр-хотин, шунингдек эр-хотиннинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари ва фарзандлари) айнан битта давлат ташкилотида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўлишига боғлиқ бўлса тақиқланади."
Метрополитен раҳбариятининг расмий жавобига илова қилинган ҳужжатларда корхонадаги қариндошлик муносабатлари жорий йилнинг 20 май куни бўлиб ўтган Одоб-ахлоқ комиссияси йиғилишида ҳам муҳокама қилингани келтирилган.
Йиғилиш баённомасига кўра, комиссия Мирҳусановлар, Эргашев, Пайзимухамедов ва Игамбердиев ўртасидаги қариндошлик муносабатларини манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли нуқтаи назаридан кўриб чиққан. Баённомада қайд этилишича, Кадрлар билан ишлаш хизмати хабарномада исм-шарифлари кўрсатилган барча ходимлардан келгусида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик бўйича тилхат олган.
Комиссия улар ўртасида Меҳнат кодексининг 121-моддасида назарда тутилган тўғридан-тўғри бўйсунув муносабати мавжуд эмаслигини қайд этган.
Метрополитен ходимлари Озодликка нафақат қариндошлик, балки раҳбариятдаги бир қатор лавозимларга корхона бошлиғи Раҳмонбек Усмонов билан аввалдан таниш бўлган шахслар тайинланганини ҳам иддао қилган эди.
"Метрополитендан шикоят: Қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик авж олди" мақоласидан иқтибос
Метрополитен ходимлари иддаосига кўра, корхонанинг бош муҳандиси Мирҳоким Мирҳусанов Раҳмонбек Усмоновнинг яқин танишларидан бири. Улар буни иккаласининг Юнусобод туман ҳокимлигида бирга ишлагани билан изоҳлайди. Мирҳусановнинг расмий меҳнат фаолияти ҳақидаги маълумотларга кўра, у 2019 йилда Юнусобод тумани ҳокимлиги Инвестициялар мажмуаси котибиятида бош мутахассис бўлиб ишлаган.
Шунга ўхшаш иддаолар метрополитен раҳбарининг молия бўйича ўринбосари Юлдош Юсупов ҳақида ҳам билдирилмоқда. Корхона сайтидаги маълумотга кўра, Раҳмонбек Усмонов Тошкент шаҳри ҳокими бўлган йилларда Юсупов шаҳар Молия бошқармасида ишлаган.
Метрополитен ходимлари Усмоновнинг рақамлаштириш бўйича ўринбосари Элёр Элтаевни ҳам унинг ҳокимлик давридан таниш кадрларидан бири сифатида тилга олади. Расмий биографиясига кўра, Элтаев ҳам Усмонов шаҳар ҳокими бўлган пайтда Тошкент шаҳар Иқтисодиёт ва комплекс ривожлантириш бош бошқармасида етакчи мутахассис бўлиб ишлаган.
Расмий жавобда бу иддаоларга ҳам муносабат билдирилган. Жумладан, раҳбарият Мирҳоким Мирҳусанов Юнусобод туман ҳокимлигида ишлаган пайтда туман ҳокими бўлган Раҳмонбек Усмоновга тўғридан-тўғри бўйсунмаганини қайд этган. Шунингдек, Юлдаш Юсупов ва Элёр Элтаев ҳам метрополитенга ишга келгунига қадар Усмоновдан тўғридан-тўғри топшириқ оладиган лавозимларда ишламаганини билдирган.
Бироқ метрополитен раҳбариятининг Озодликка йўллаган жавоб хатида раҳбар кадрларни танлаш мезонлари, раҳбарлик лавозимларига тайинловлар танлов асосида амалга оширилгани ёки муқобил номзодлар кўриб чиқилгани ҳақида маълумот берилмаган. Шунингдек, бир вақтнинг ўзида ҳокимлик тизимида ишлаган бир неча раҳбарнинг метрополитенга тайинланиши муайян кадрлар сиёсати натижасими ёки тасодифми, деган савол ҳам очиқ қолган.
Метрополитен ходимлари Озодликка юборган шикоятларда раҳбар кадрлар билан бир қаторда, уларга тўланган йирик мукофот ва бошқа тўловлар ҳам тилга олинган эди. Расмий жавобда раҳбарият бу иддаоларнинг бир қисмига ҳам муносабат билдирган.
Жумладан, метрополитен раҳбарияти корхона бошлиғи Раҳмонбек Усмановга 2025 йил декабрь ойида 686 миллион 840 минг сўмдан зиёд яъни қарийб 57 минг доллар маблағ тўланганига ҳам изоҳ берган.
“Метрополитен бошлиғи Р.Ж.Усманов клиник лаборатория текширувларидан ўтиши ва муолажа олиниши инобатга олиниб, соғлигини тиклаш, чет элга бориш йўл харажатлари учун олдиндан ойлик маоши ҳисобидан 2025 йил декабрь ойида 652,5 млн сўм 1 йилда қайтариш шарти билан (ссуда) маблағлари ажратилган”, дейилади Озодликка йўлланган жавоб хатида.
Бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини “Toshkent metropoliteni” мулозимлари тасдиқлади.
Метрополитен раҳбариятининг жавоб хатида Раҳмонбек Усмонов мазкур маблағнинг 201,3 миллион сўмини қайтаргани айтилган. Бунинг исботи сифатида хатга кирим касса ордерлари ҳам илова қилинган.
Ходимларнинг Озодликка тақдим қилинган ҳужжатларида бош муҳандис Мирҳоким Мирҳусанов, “Ҳаракат” хизмати бошлиғи ўринбосари Жасур Саидхўжаев, раҳбар ўринбосари Улуғбек Салихов, бош тафтишчи Достонжон Эргашев, Ёшлар етакчилари кенгаши раиси Миролим Мирҳусановларга 100 миллион сўмгача мукофот ва қўшимча тўловлар тўлангани акс этган.
Расмий жавобда мазкур тўловлар қонунчилик ва ички ҳужжатлар асосида амалга оширилгани таъкидланган. Метрополитен раҳбариятига кўра, раҳбар ходимларга ҳисобланган йирик маблағлар иш ҳақидан ташқари, вазирлик жамғармаси ҳисобидан тўланадиган устамалар, чораклик ва йиллик рағбатлантиришлар ҳамда хизмат сафарлари ва малака ошириш харажатларини ўз ичига олган.
Метрополитен ходимлари таъкидлашича, раҳбарларга юзлаб миллион сўмлик мукофот ва бошқа тўловлар ажратилаётган бир пайтда, монтёрлар ойига 4,5–5 миллион, механиклар 5,5–6 миллион, инженерлар эса 6–7 миллион сўм атрофида иш ҳақи олади.
Расмий жавобда бу маълумот ҳам рад этилмаган. Бироқ жавоб хатида оддий ходимлар ва раҳбарлар ўртасидаги иш ҳақи ҳамда рағбатлантиришлар тафовутига алоҳида изоҳ берилмаган.
“Метрополитенда фаолият олиб бораётган ишчи хизматчиларининг 2021 йилда ойлик маоши ўртача 2,8 млн. сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда 7,5 млн. сўмни ташкил қилиб, ўртача ойлик маоши деярли уч баробарга ошганлигини кўришимиз мумкин. Ишчилар сони 2021 йилда 3 620 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунда 6 540 нафарни ташкил қилади. Қувонарлиси ишловчиларнинг 50% га яқини ёшларни ташкил қилмоқда”, дейилади Озодликка йўлланган жавоб хатида.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозир метрополитен 50 та бекат ва 70 километрдан ортиқ метро тармоғига эга бўлиб, ҳар куни 1 миллион 150 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади.