Қозоғистон нефть қазиб чиқаришни вақтинча камайтирганини маълум қилди

Нефт бурғулаш ускунаси (иллюстратив сурат)

Қозоғистон Энергетика вазирлиги республика нефть қазиб чиқаришни вақтинча камайтиргани, Новороссийск шаҳридаги Каспий қувур консорциуми (КҚК) денгиз терминалида хомашё юклаш тўхтатилганини маълум қилди.

Юклаш «Қора денгиз акваториясида кемалар, экипажлар ва атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» тўхтатилган.

«Шу билан бирга, консорциумнинг барча ишлаб чиқариш ва техник объектлари соз ҳолатда, штат режимида ишламоқда ва вазият меъёрлашиши билан хомашё юклашни дарҳол қайта бошлашга тайёр», дейилади хабарда.

Вазирлик нефть қазишнинг қисқартирилишини техник сабаблар билан изоҳлади. Қувур тизимига нефть қабул қилиш бўйича чекловлар туфайли компаниялар резервуарлар тўлиб кетиши олдини олиш учун кунлик ҳажмни озайтиргани айтилмоқда. Қазиб чиқариш қанчага қисқартирилгани айтилмаган.

Бундан аввал терминал яқинидаги танкерларга бир неча дрон ҳужуми кузатилган эди.

17 июль куни Nordic Zenith танкерига дрон зарба берган эди. 19 июль куни бортига Қозоғистон нефти ортилган Asia ва Nissos Ios танкерлари ҳужумга учради. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳужумларни «мамлакат манфаатига тажовуз» деб атади.

Қозоғистон нефтининг хорижга етказиб бериладиган умумий ҳажми 80 фоиздан ортиғи КҚК орқали ташилади. Консорциум ҳаммуассислари қаторида Россия, Қозоғистон, АҚШнинг Chevron компанияси ва яна бир қатор компаниялар, жумладан «Лукойл» ва «Роснефть» тузилмалари бор.