Ўзбекистон президенти фармони билан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилди.
Президент матбуот хизматига кўра, унинг ўрнига Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори бўлиб ишлаган Шерзод Ходжаев тайинланган.
Сўнгги ойларда Мирзамаҳмудовнинг оммавий тадбирлардаги иштироки камайган, хусусан, июль ойида нефть-газ соҳасини куз-қиш мавсумига тайёрлаш масалалари муҳокама қилинган бир қатор йиғилишларда кўринмаганди.
Жўрабек Мирзамаҳмудов Энергетика вазирлигини 2022 йил сентябридан буён бошқариб келаётган эди.
Унинг ишдан олингани ҳақида президент матбуот котиби хабар қилди, аммо сабабларини очиқламади:
"Шерзод Хикматуллаевич Ходжаев Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори лавозимидан озод этилди.Бундан илгарироқ Sh.Xodjaev номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди; Жўрабек Турсунпулатович Мирзамаҳмудов Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири лавозимидан озод этилди".
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни ёқилғи-энергетика соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг лавозимдан олинишига тизимдаги жиддий камчиликлар сабаб бўлганини билдирди.
Президент шу сабаблар билан “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари Асроржон Асқаровни ҳам лавозимидан озод қилди. “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” раҳбарларига эса йил якунигача синов муддати белгиланди.
“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида”, деган президент Мирзиёев видеоселекторда.
Президент йиғилишда келтирган рақамларга кўра, жорий йилнинг июнь–июль ойларида электр тармоқларида қарийб 4 мингта авария содир бўлган. Бунинг оқибатида айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электр таъминотисиз қолган.
Шунингдек, кўплаб ҳудудларда электр истеъмолининг ўсиши ва инфратузилмага тушадиган юклама олдиндан ҳисобга олинмагани таъкидланди. Президентга кўра, тармоқдаги электр энергияси йўқотишлари 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.
Мирзамаҳудов Энергетика вазири сифатидаги 4 йиллик фаолияти даврида жуда баҳсли масалаларда кўп бор матбуот тилига тушган.
Айни пайтда у энг муаммоли мавзуларда ҳам матбуот ва блогерлар саволлари, ҳатто юзма-юз мулоқотларда ўз номига йўналтирилган танқидларга очиқ жавоб беришга уринган вазир сифатида тилга олинади.
Бундан ташқари, Мирзамаҳмудов Озодлик радиосига интервью берган ва Ўзбекистондаги энергетика сиёсатига доир ҳукумат расмий позициясини ҳимоя қилган.
Мирзамаҳмудов раҳбарлик қилган даврда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари ошгани, қуёш ва шамол энергетикаси бўйича қатор йирик лойиҳалар ишга туширилгани расман маълум қилинган.
Аммо, шу даврда мамлакат Россиядан табиий газ импорт қилишни бошлади, электр энергияси ва газ тарифлари бир неча бор оширилди.
Озодлик унинг вазирлиги даврида Ўзбекистонда газ ресусрларининг Кремл назоратига ўтганига оид суриштирувини эълон қилган ва вазир ушбу суриштирувга ҳам билвосита жавоб беришга уринган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Кремль чангалидаги ўзбек гази
Айни пайтда ҳам энергетика соҳасида электр таъминотидаги узилишлар ҳамда тармоқ инфратузилмасининг эскириши каби муаммолар ҳануз сақланиб тургани ҳақида расмийлар ва мутахассислар мунтазам айтиб келмоқда.
Маҳаллий матбуотда бу вазир Мирзамаҳмудовнинг номи кўпроқ таниқли иқтисодчи блогер Отабек Бакировни судга бергани муносабати билан баҳсларга сабаб бўлди.
Молиячи Отабек Бакиров 2023 йил июнда ёзган Telegram постларини энергетика вазири ўзининг обрўсига путур етказувчи, деб топиб унинг устидан судга ариза киритган эди.
Cуд Энергетика вазирининг шикоятини қаноатлантирмади ва бу судлов - Ўзбекистон жамоатчилиги катта қизиқиш билан кузатган жараёнлардан бири бўлди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Энергетика вазирининг “тўкилган” обрўси
Мирзамаҳмудов Энергетика вазири бўлгунча "Ўзатом" агентлиги ва "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти раҳбари сифатида ишлаган.
2019-2020 йилларда эса энергетика вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда "Ўзатом" бош директори лавозимларида фаолият юритган.
Шунингдек, Ўзбекистонда Россиянинг "Росатом" давлат корпорацияси билан ҳамкорликда биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳаси амалга оширила бошланди.
Президент фармонига мувофиқ, энергетика вазири лавозимига шу вақтгача Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори бўлиб ишлаган Шерзод Ходжаев тайинланди.
Озодлик Мирзамаҳмудов ишдан олиниши ва унинг кейинги тақдирига оид тафсилотларни аниқлашга уринмоқда. Дастурларимизни кузатиб боринг!