Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов лавозимидан озод этилганидан икки кун ўтиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил манбалар маълум қилди.
Манбаларга кўра, Мирзамаҳмудов мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ўзлаштиришда гумонланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни Мирзамаҳмудовни энергетика тизимидаги жиддий камчиликлар сабаб лавозимидан озод қилганини билдирган эди. У бу лавозимни 4 йил давомида эгаллаб келган.
Мирзамаҳмудовнинг ҳибсга олингани ҳақидаги илк хабарлар чоршанба кечқурун ижтимоий тармоқларда пайдо бўла бошлади. Жараёндан хабардор ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, 30 июль куни суд собиқ вазирга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини кўриб чиққан.
"Жўрабек Мирзамаҳмудов президент уни танқид қилиб лавозимидан озод қилганидан икки кун ўтиб, чоршанба куни кечқурин ҳибсга олинди. Бугун унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи судда кўриб чиқилди. Натижада Мирзамаҳмудовни ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарилди", дейди ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба.
Ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбаси таъкидича, Мирзамаҳмудовга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ҳамда 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича дастлабки жиноят иши қўзғатилган.
Мирзамаҳмудовнинг ҳибсга олингани юзасидан ҳозирча расмий баёнот берилганича йўқ. Озодлик Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шарофиддиновга Telegram орқали сўров юборди. Бироқ мақола чоп қилингунига қадар сўровга жавоб келмади.
Мирзамаҳмудовга яқин манбанинг билдиришича, унинг Президент давлат хавфсизлик хизматида ишлаган акаси Нодир Мирзамаҳмудов ҳам бир ой муқаддам лавозимидан озод қилиниб, ҳибсга олинган. Шунингдек, Судялар Олий кенгашида ишлаган укаси Отабек Мирзамаҳмудов ҳам бир ой аввал ишдан олинган.
Мавзуга алоқадор
"Танқидга чидамаган вазир". Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ишдан олиндиПрезидент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Мирзамаҳмудовнинг лавозимдан озод этилишига энергетика тизимидаги жиддий камчиликлар сабаб бўлганини айтди:
“Очиқ айтиш керак. Энергетикада муаммо маблағда эмас, чунки қанча керак бўлса, топиб беряпмиз. Муаммо тизимнинг бошқарувида.”
Президент келтирган рақамларга кўра, жорий йилнинг июнь–июль ойларида электр тармоқларида қарийб 4 мингта авария содир бўлган. Бунинг оқибатида айрим ҳудудларда аҳоли ва тадбиркорлар 8–10 соатгача электр таъминотисиз қолган.
Шунингдек, кўплаб ҳудудларда электр истеъмолининг ўсиши ва инфратузилмага тушадиган юклама олдиндан ҳисобга олинмагани қайд этилди. Тармоқдаги электр энергияси йўқотишлари 17,2 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган олти ойда 4,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси йўқотилган.
Президентнинг айтишича, шу каби камчиликлар сабаб Мирзамаҳмудовдан ташқари “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари Асроржон Асқаров ҳам лавозимидан озод этилган. “Миллий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзтрансгаз” ва “Ҳудудгазтаъминот” раҳбарларига эса йил якунигача синов муддати белгиланган.
Бироқ шу куни лавозимидан озод этилган “Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари Асроржон Асқаровнинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мирзиёев энергетика вазири Мирзамаҳмудовни ишдан олди
Жўрабек Мирзамаҳмудов бундан 3 йилу 10 ой аввал — 2022 йилнинг 29 сентябрь куни Энергетика вазири лавозимига тайинланган эди.
У раҳбарлик қилган даврда Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари ошгани, қуёш ва шамол энергетикаси бўйича қатор йирик лойиҳалар ишга туширилгани расман маълум қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 июль куни ўтказган видеоселекторда Мирзамаҳмудов раҳбарлиги даврида амалга оширилган айрим йирик энергетика лойиҳаларида йўл қўйилган камчиликларга ҳам тўхталди.
Жумладан, у Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қурилаётган 1,6 гигаватт қувватли буғ-газ электр станцияси қурилишида йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди. Президентнинг айтишича, ушбу камчиликлар оқибатида газни станцияга етказиш учун қўшимча 300 миллион доллар сарфлашга тўғри келмоқда.
“Йиғилишда Сурхондарёдаги буғ-газ электр станцияси қурилиши учун жой нотўғри танлангани танқид қилинди. Газни станцияга етказиш учун 300 миллион доллар сарфлашга тўғри келмоқда. Ташаббускор билан тузилган шартнома шартлари пухта ўрганилмагани қўшимча харажат юзага келиш эҳтимолини пайдо қилган. Масъулларга шартнома шартларини қайта кўриб чиқиш топширилди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент Мирзиёевнинг 2021 йил 24 июлдаги қарорига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати — тахминан 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
Мирзамаҳмудов вазирлиги даврида имзоланган энг йирик инвестиция келишувларидан яна бири 2022 йил сентябрида Самарқандда ўтган ШҲТ саммити доирасида Хитойнинг CC7 компанияси билан имзоланган 8,5 миллиард долларлик кимё саноати лойиҳаси эди.
Daryo нашри маълум қилишича, ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда олтита кимё заводи қуриш, биопарчаланувчи полимерлар, аммиак ва карбамид, шунингдек, метанолдан олефин ва полипропилен ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли қувватларни барпо этиш режалаштирилган эди.
Мазкур лойиҳа билан боғлиқ жараёнлардан яхши хабардор манба иддаосича, кейинчалик инвестиция лойиҳаси шубҳали тарзда амалга ошмай қолган.
“Аслида бу лойиҳа Ўзбекистон иқтисодиётига кредит мажбуриятларини талаб қилмайдиган тўғридан-тўғри инвестиция эди. Заводлар ишга тушгач, уларнинг умумий капитализацияси 12–15 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши кутилган. Бироқ коррупция мамлакатнинг инвестициявий имижига жиддий путур етказган. Ўзбекистон томони СС7 компанияси вакилларига мазкур заводлар мулкдорлари таркибига ўзбекистонлик тадбиркорлардан бирини қўшишни ва унга лойиҳанинг 25 фоиз улушини беришни талаб қилишган. Хитой томони бунга рози бўлмаган ва ушбу инвестицияларни Ўзбекистонда амалга оширишдан воз кечган. Натижада лойиҳаларнинг бир қисми Туркманистонга, яна бир қисми эса Озарбайжонга кўчирилган”, дейди Энергетика лойиҳалари ҳолатидан хабардор манба.
Президент танқид қилган Ангордаги электр станцияси лойиҳаси ҳамда Хитойнинг CC7 компанияси билан боғлиқ инвестиция келишуви Мирзамаҳмудовга нисбатан олиб борилаётган тергов доирасида текширилаётгани ҳақида Озодликда ҳозирча тасдиқланган маълумот йўқ.
Озодлик мақолада келтирилган маълумотлар юзасидан Мирзамаҳмудовнинг адвокатлари ва яқинлари билан боғланишга уринди. Бироқ ҳозирча натижа бўлмади.
1979 йилда Наманган вилоятида туғилган Жўрабек Мирзамаҳмудов 2001 йилда АҚШдаги Алабама университетини, 2005 йилда эса Тошкент кимё технологиялари институтини тамомлаган. У Энергетика вазири бўлгунча "Ўзатом" агентлиги ва "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти раҳбари сифатида ишлаган.