10 туман ҳокими коррупцияга алоқадорлиги текширилаётгани хабар қилинди

Турдиқулов Шухрат Худойқулович Тошкент шахар ҳокимияти коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтдаги 10 туман ҳокимига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш ҳақида фармойиш имзолади, деб хабар берди Qalampir.uz.

Текширув Бектемир, Миробод, Мирзо Улуғбек, Олмазор, Сергели, Учтепа, Чилонзор, Шайхонтоҳур, Юнусобод ва Яшнобод туманлари ҳокимларини қамраб олади.

Фармойишда текширув Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 22 июлдаги тақдимномасида келтирилган важларни ўрганиш учун ўтказилиши айтилган. Бироқ эҳтимолий қонунбузарликлар мазмуни очиқланмаган.

Комиссияга шаҳар ҳокимлигининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати раҳбари Шуҳрат Турдиқулов бошчилик қилади.

Айни пайтда Фатҳулла Ниғмонов Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари ва Шавкат Умурзоқовнинг маслаҳатчиси этиб тайинланди. Ҳокимлик бу тайинлов билан хизмат текшируви ўртасида боғлиқлик борлигини айтмади.

Бу Тошкент туман ҳокимликларида коррупция хавфи биринчи марта кўтарилаётгани эмас.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг 23 июндаги расмий қарорида пойтахт ҳокимликлари тизимида ишловчи 29 нафар ходим жиноят содир этгани ва ходимлар томонидан 1 353 та маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйилгани қайд этилган.

Шу ўрганиш доирасида Миробод, Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманлари ҳокимларининг тўрт нафар ёрдамчиси ҳамда Яккасарой тумани ҳокимининг қурилиш ва экология масалалари бўйича ўринбосари билан коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш юзасидан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.

Шунингдек, 167 нафар ҳокимлик ходимининг тижорат ташкилотларида иштироки борлиги аниқланган. Текширувлардан сўнг 13 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 55 нафар ходим огоҳлантирилган.

2020 йилда эса Чилонзор туман ҳокимлиги бўлим бошлиғи тадбиркорга бир гектар ерга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш эвазига 50 минг доллар олаётганда ушлангани хабар қилинган. Тергов маълумотларига кўра, у хизмат учун жами 1,4 миллион доллар талаб қилган.

Янги текширув ҳақидаги хабар Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева пойтахтдаги қурилишлар бўйича шаҳар раҳбариятини очиқ танқид қилганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлди.

30 июль куни Мирзиёева Миробод туманидаги "Лолазор" маҳалласига бориб, аҳоли эккан дарахтлар кесилгани ва болалар майдончаси ўрнида бизнес маркази қуриш режалаштирилганини танқид қилди. У Бош прокуратурага Тошкентдаги шундай қурилишларни хатловдан ўтказиш ва берилган рухсатномалар қонунийлигини текширишни топширди.

Ташриф видеосида Мирзиёева шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмоновга танқидларини Шавкат Умурзоқовга етказишни топшириб, ҳоким "шарманда қилмасин", деган.

Бироқ хизмат текширувига асос бўлган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномаси 22 июлда — Мирзиёеванинг "Лолазор" маҳалласига ташрифидан саккиз кун олдин киритилган. Шу боис текширув бевосита унинг танқидидан кейин бошланганини айтишга ҳозирча асос йўқ.

Фармойишнинг расмий нусхаси ва туман ҳокимларига нисбатан келтирилган аниқ важлар жамоатчиликка эълон қилинмаган.