Ўзбекистоннинг СИ модулига эга сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди

5 август куни «Ўзбеккосмос» агентлиги ва Хитойнинг STAR.VISION компанияси ҳамкорлигида яратилган Samarkand-2028 сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди.

Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотига кўра, сунъий йўлдош Хитойнинг Шаньдун провинцияси қирғоқлари яқинидаги денгиз учириш платформасидан учирилган. У билан бирга STAR.VISION компанияси томонидан ишлаб чиқилган Lampung-1 сунъий йўлдоши ҳам орбитага чиқарилган.

«Ўзбеккосмос» сунъий йўлдошнинг учирилиш жараёнини жонли эфирда ёйинлади.

Вазирлик ушбу лойиҳани Ўзбекистоннинг энг йирик халқаро космик ташаббусларидан бири деб атади. Идорага кўра, лойиҳа доирасида ўзбекистонлик муҳандислар сунъий йўлдош бортида гиперспектрал маълумотларни орбитанинг ўзида қайта ишлаш имконини берувчи сунъий интеллект (СИ) модулини ишлаб чиққан.

Расмийларга кўра, мазкур технология Ерга узатиладиган маълумот ҳажмини камайтириш, муҳим ахборотни тезроқ олиш ва уни таҳлил қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

«Ўзбеккосмос» маълумотига кўра, Samarkand-2028 қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, экологик мониторинг, табиий ресурсларни кузатиш, фавқулодда вазиятларни эрта аниқлаш ҳамда шаҳарсозлик соҳалари учун гиперспектрал маълумотлар тақдим этади.

Samarkand-2028 номи 2028 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган 79-Халқаро астронавтика конгресси (IAC) муносабати билан танланган.

Ўзбекистон ва Хитойнинг Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошини биргаликда учириш режалари ҳақида 2025 йил ноябрь ойида, «Ўзбеккосмос» агентлиги STAR.VISION компанияси билан стратегик меморандум имзолагани ортидан маълум қилинган эди.

Бу Ўзбекистон иштирокида амалга оширилаётган ягона космик лойиҳа эмас. Расмийлар мамлакат 2028 йилда 6U форматидаги илк илмий сунъий йўлдошини ҳам коинотга чиқариш устида иш олиб бораётганини билдирган. Мирзо Улуғбек номи берилиши режалаштирилган мазкур сунъий йўлдош илмий тадқиқотлар учун мўлжалланган.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати аввалроқ мамлакатнинг илк маҳаллий космонавтини коинотга юбориш режаси устида ҳам иш олиб борилаётганини маълум қилган. Бироқ бу ташаббусларнинг амалга ошириш муддатлари ва молиялаштириш манбалари ҳақида батафсил маълумот очиқланмаган.