2025 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасидаги вазият “барқарор равишда ёмонлашишда давом этди”, деярли барча йўналишларда ортга кетиш кузатилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг 11 август куни эълон қилинган янги ҳисоботида айтилган.
ЕИга кўра, расмий ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати “инсон ҳуқуқлари масалаларини устувор йўналиш сифатида кўришни камайтирмоқда ва бу мавзудан узоқлашмоқда”. Ҳисоботда фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар чекланаётгани, ҳукумат сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар эркинлигини босим остида ушлашда давом этаётгани қайд этилган. Журналистлар, блогерлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан суд ишлари очилиши ва уларнинг қамоққа олиниши ҳам тилга олинган. Ҳисоботда келтирилган Жаҳон матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 давлат орасида 148-ўринни эгаллаган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 2023 йилги конституциявий референдум ва президент сайлови, шунингдек 2024 йилги парламент сайловларидан кейин ЕХҲТ берган тавсияларни амалга оширишда ҳеч қандай силжишга эришмаган. БМТнинг Универсал даврий шарҳи доирасида берилган тавсиялар бўйича ҳам тараққиёт кузатилмаган. ЕИ ННТларни молиялаштириш ва рўйхатдан ўтказишга қўйилган чекловлар, ёпиқ суд мажлислари, хорижий молиялаштириш ҳамда хорижга сафарлар ҳақида олдиндан хабар беришга доир янги қонунларни ҳам танқид қилган.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ижтимоий сиёсат соҳасида айрим ижобий ўзгаришларни қайд этган. Аммо ҳисоботга кўра, бу ўзгаришлар фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар соҳасидаги умумий ёмонлашув тенденциясини ўзгартира олмаган.
Бу хулосалар Европа Иттифоқининг 11 август куни эълон қилинган “Дунёда инсон ҳуқуқлари ва демократия” номли йиллик мамлакатлар ҳисоботида келтирилган бўлиб, унда 2025 йил давомидаги вазият баҳоланган.
МАРКАЗИЙ ОСИЁ
Бу ҳисобот Европа Иттифоқи Марказий Осиё билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларини чуқурлаштиришга интилаётган бир пайтда эълон қилинди. Бу минтақада Россия ва Хитой анъанавий равишда катта таъсирга эга.
Қозоғистон бўйича ЕИ “аралаш манзара”ни қайд этган: сиёсий ва институционал ислоҳотлар билан бир вақтда фуқаролик майдони сезиларли даражада қисқарган. Ҳисоботда ННТлар устидан назорат кучайгани, журналистларга босим, тинч йиғилишларга чекловлар ва сўз эркинлигига таъсир қилувчи кенг талқин қилиниши мумкин бўлган қонунлар тилга олинган. ЕИга кўра, бу ҳуқуқий ноаниқлик ва ўзини ўзи цензура қилиш ҳолатларининг кучайишига олиб келган.
Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият “ёмонлашишда давом этган”. Ҳисоботда фуқаролик жамияти, сўз, уюшмалар, йиғилишлар ва матбуот эркинлигига чекловлар кучайгани айтилган. ЕИга кўра, журналистлар ва фуқаролик жамияти ташкилотлари тобора кучли босимга дуч келган, давлатнинг ОАВ устидан назорати ошган. Бу жараён чекловчи қонунлар ва ЕИ “сиёсий мотивларга эга бўлиб кўринадиган” деб таърифлаган медиа ходимларига қарши жиноий таъқиблар билан ҳам боғланган.
ЕИ Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини “мураккаб” деб баҳолаган. Фуқаролик майдони ва ахборотга кириш имкониятлари чекланганлигича қолган. Мустақил ОАВ, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳибс ва узоқ муддатли қамоқ жазоларига дуч келган. Қийноқлар ва адолатли суд муҳокамаси кафолатларининг бузилиши бўйича хавотирлар ҳам сақланиб қолган. Ҳисоботда афғон қочқинларининг мажбуран депортация қилинишига ҳам эътибор қаратилган ва асосий фуқаролик ҳамда сиёсий ҳуқуқлар соҳасида сезиларли тараққиёт йўқлиги айтилган.
Туркманистонда ҳаракатланиш, сўз, матбуот, уюшмалар, йиғилишлар ва дин эркинлигига чекловлар сақланиб қолган. ЕИ қамоқхоналарда қийноқ ва шафқатсиз муомала ҳолатларини ҳам қайд этган ҳамда Туркманистон халқаро инсон ҳуқуқлари институтлари билан ҳамкорлик қилиш даражаси пастлигича қолаётганини билдирган. Шу билан бирга, қамоқ шароитлари, гендер тенглиги ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда айрим яхшиланишлар қайд этилган.
РОССИЯ
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда Россияда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият “янада ёмонлашган”. БМТ баҳосида бу пасайиш “сейсмик” даражада деб таърифланган. ЕИ Россия ҳукумати фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни йўқ қилишга қаратилган сиёсатни давом эттирганини билдирган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоб-китобига кўра, йил охирига бориб сиёсий маҳбуслар сони 1 200–1 800 нафарга етган.
Ҳисоботда Россия мустақил ташкилотлар, мухолиф фикр ва онлайн мулоқотга қарши чекловларни кучайтиргани айтилган. 2025 йилга келиб 290 та ташкилот “номақбул” деб эълон қилинган, 19 мингдан ортиқ киши эса мамлакатнинг “террорчилар ва экстремистлар” рўйхатига киритилган. Йирик мессенжерлар фаолияти чекланган ёки блокланган, VPN хизматларидан фойдаланишга қарши чоралар ҳам кучайтирилган.
ЕИ Россиянинг Украинага қарши уруши этник озчиликлар ва туб халқлар вакилларига номутаносиб даражада таъсир кўрсатганини ҳам қайд этган. Ҳисоботга кўра, озчилик гуруҳлари вакиллари армияга сафарбар қилиниши, ҳалок бўлиши ёки яраланиши эҳтимоли бошқаларга нисбатан юқори бўлган. Россияда ушлаб турилган украиналик фуқаролар ва ҳарбий асирларга нисбатан кенг кўламли қийноқ ва шафқатсиз муомала қўлланилгани ҳам айтилган.
АФҒОНИСТОН
ЕИ Афғонистонни дунёдаги инсон ҳуқуқлари энг қаттиқ чекланган давлатлардан бири сифатида таърифлаган. “Толибон” ҳокимиятга қайтганидан тўрт йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, вазият ёмонлашишда давом этган. Айниқса аёллар ва қизлар, озчиликлар, журналистлар, сиёсий фикр билдирувчилар ва ҳукуматга мухолиф деб қабул қилинган шахслар қаттиқ босимга дуч келган.
Қизларнинг олтинчи синфдан кейин таълим олишига қўйилган тақиқ сақланиб қолган, аёлларнинг ишлаш имкониятлари эса кескин чекланган. Ҳисоботга кўра, афғон қизларининг ўртача таълим олиш давомийлиги атиги 1,2 йилга тушиб кетган. 2025 йил сентябридан бошлаб БМТда ишлаётган афғон аёлларига БМТ биноларига кириш ҳам тақиқланган.
Мустақил ОАВга босим янада кучайган. 2025 йил давомида таҳдидлар, ОАВларни ёпиш ва журналистларни ҳибсга олиш каби медиа ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тахминан 13 фоизга кўпайган. ЕИга кўра, “Толибон” ҳокимиятини танқид қилиш тақиқланган, сиёсий партиялар ва уюшган сиёсий фаолият эса деярли бутунлай йўқ қилинган.
Ҳисоботда 2025 йил давомида 1 000 дан ортиқ киши омма олдида қамчилангани ва олтита очиқ қатл амалга оширилгани ҳам айтилган. “Толибон” эълон қилган афвга қарамай, собиқ хавфсизлик кучлари ходимларининг судсиз қатл қилиниши, қийноққа солиниши ва ҳибсга олиниши ҳақида хабарлар давом этган. Йил давомида икки миллиондан ортиқ афғон, асосан Эрон ва Покистондан, мажбуран Афғонистонга қайтарилган.