Сурхондарё вилоятидаги Шеробод қуёш электр станциясида янги оператив жамоа иш бошлаганидан икки кун ўтиб авария юз берди.
Станциянинг исми сир қолишини сўраган мутахассисларининг Озодликка билдиришича, 2 август куни 220 киловольтли очиқ тақсимлаш қурилмасидаги ток трансформаторида ёнғин содир бўлган.
Собиқ мутахассиснинг иддаосича, тажрибали жамоа ишдан бўшатилиб, уларнинг ўрнига қуёш электр станциялари бўйича тажрибаси бўлмаган ишчиларнинг жалб қилиниши аварияга сабаб бўлган.
Бу станциянинг қурилишини 2021 йилда Президент Шавкат Мирзиёев очиб берган эди. Қуввати 457 мегаватт бўлган лойиҳа Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси ва Осиё тараққиёт банки томонидан киритиладиган 260 миллион долларлик сармоя ҳисобига амалга оширилган.
Шеробод қуёш станцияси собиқ ишчисига кўра, авария 2 август куни тахминан 16:00–17:00 оралиғида очиқ тақсимлаш қурилмасида содир бўлган. Очиқ расмий манбаларда бу ҳақда маълумот берилмаган.
Озодликка юборилган видеода ток трансформатори очиқ алангада ёнаётгани кўринади. Тасвир ортида гапираётган киши ёнган ускунани Т2 трансформатори линиясидаги CT-19 ускунаси деб айтади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Шеробод қуёш электр станциясидаги авария
Мутахассис воқеа ҳақида биринчи бўлиб Шеробод қуёш электр станциясига ёнма-ён жойлашган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»нинг 220 киловольтли подстанциясида навбатчилик қилаётган ҳамкасбларидан эшитганини айтди.
Кейинроқ бу хабар станциянинг ички Telegram оператив гуруҳидаги ёзишмалар орқали ҳам тасдиқланган.
An accident at the Sherabad solar power plant. Screenshot. August 2, 2026.
Ишчилар Озодликка ушбу ёзишмалар скриншотларини ҳам тақдим этди.
Станциянинг Озодлик билан боғланган, исми сир қолишини сўраган собиқ мутахассисларидан бирининг иддао қилишича, авария станцияга янги ишга қабул қилинган ишчиларнинг профессионал эмаслиги сабабли содир бўлган:
“Улар билан 22 июлдан бошлаб тўлиқ бирга ишладик. Жами йигирмадан ортиқ янги ходим келган. Улар орасида олдин бундай катта қувватли станцияда ишлаган бирорта ҳам мутахассис йўқ. SCADA операторлигига иккита бошқарувчи оператор келган. Иккаласи ҳам Шўртандаги газ мажмуасида техник бўлиб ишлаган.Масалан, улар юқори кучланиш бўйича ҳеч қандай тушунчага эга эмас”.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Шеробод қуёш электр станциясидаги авария
Мутахассиснинг иддао қилишича, авариянинг асосий сабаби сифатида персонал зарур ҳаракатлар ва оператив операцияларни ўз вақтида бажара олмагани ҳақида ички хулоса ҳам берилган:
“Албатта, менда уларнинг расмий иш фаолиятига оид ҳужжатлар йўқ. Лекин текширув ўтказилса, бу нарсаларни аниқлаш мумкин. Улар орасида аввал шундай объектда ишлаган ва етарли тажрибага эга ходим йўқлиги аён бўлади”.
Станция ходимларининг айтишича, авариянинг дастлабки дақиқаларида қуёш электр станциясининг янги навбатчи жамоаси фавқулодда вазиятни бошқаришга тайёр бўлмаган.
Уларнинг иддаосича, зарур оператив ўчириш ишлари ўз вақтида бажарилмаган ва шу сабабли носозлик катта аварияга айланган.
Шунингдек, авария юз берган участкани энергия тизимидан ажратиш бўйича асосий операцияларни қуёш электр станцияси ходимлари эмас, қўшни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» подстанциясининг навбатчи ходими бажаргани айтилмоқда.
Озодлик манбасининг айтишича, Хитой компанияси CMEC даврида станциянинг оператив жамоаси бир нафар гуруҳ бошлиғи ва тўққиз нафар навбатчи оператордан иборат бўлган.
Ходимлар тўрт сменада ишлаган. Ҳар бир сменада икки нафардан оператор навбатчилик қилган, яна бир нафар ходим захирада турган.
Мутахассис бу узлуксиз ишлайдиган стратегик энергетика объектлари учун одатий иш тартиби эканини айтди.
Манбанинг билдиришича, навбатчилик жамоасини тўлдириш учун техник ва техник ассистентлар ҳам вақтинча операторлик навбатчилигига жалб қилинган.
Натижада олти нафар ходимдан иборат уч сменали иш тартиби ташкил этилган.
Собиқ ходимлар бундай иш режими узлуксиз ишлайдиган стратегик энергетика объекти учун етарли эмаслигини айтмоқда. Улар айрим ходимларнинг иш соатлари меҳнат қонунчилигида белгиланган меъёрлардан ошиб кетган бўлиши мумкинлигини ҳам иддао қилмоқда:
“Бизда ҳозир асосий ишни бажарадиган SCADA муҳандиси ва станция муҳандиси йўқ. Робот, трекер ва инверторларга қарайдиган муҳандислар бор. Лекин улар далада ишлайди, асосий оператив вазифани бажармайди. Ўша кунги авария учун асосий жавобгар сифатида станция муҳандиси ва SCADA муҳандиси жавоб бериши керак эди. Лекин амалда ҳозир бундай ходимлар йўқ. Бундан ташқари, катта диспетчер, шеф оператор бўлиши керак. Ҳозир бу ҳам йўқ. Fввалги иш тартибида саккиз нафар SCADA оператори ишлаган, ҳозирда эса уларнинг сони уч нафарга тушиб қолган”.
Озодлик бу иддаоларни мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Собиқ муҳандиснинг фикрича, воқеанинг аниқ тафсилотларини икки станциянинг оператив журналлари, диспетчерлик ёзувлари ва ўша куни навбатчилик қилган ходимларнинг кўрсатмалари орқали текшириш мумкин.
Шеробод станциясининг буюртмачиси Masdar компанияси, пудратчи эса Хитойнинг China Machinery Engineering Company (СМЕС) Станция қарийб икки йил давомида қурилиб, синов тариқасида бошқарилган.
Озодлик манбасининг айтишича, станция 2026 йил 22 июлда расман буюртмачи — Masdar компаниясига топширилган. Амалий оператив бошқарув эса 1 августдан шакллантирган янги жамоа қўлига тўлиқ ўтган.
Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси маълумотига кўра, Шеробод қуёш электр станциясининг белгиланган қуввати 457 мегаваттни ташкил этади.
Станция Сурхондарё вилоятидаги 631 гектар майдонда қурилган. Лойиҳа қарийб юз минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдорини йилига 623 минг тоннадан кўпроққа камайтиришга мўлжалланган.
Компания маълумотига кўра, станция 2024 йилда тўлиқ қувватга чиққан, тижорий эксплуатация эса 2026 йилда бошланиши режалаштирилган.
Озодлик авария ҳақида маълумот ва муҳандисларнинг иддаоларига муносабат олиш мақсадида Masdar компаниясининг Ўзбекистондаги қуёш электр станциялари бўйича Бош директори Илҳом Тешабоев билан боғланди. Тешабоев станцияда авария бўлганини инкор қилди:
“Шеробод станциясида ҳеч қандай авария бўлгани йўқ, станция тўла қувват билан ишлаяпти, ҳамма иддаолар ёлғон”
Станция собиқ мутахассисининг иддао қилишича, ўн кундан буён станциянинг ёниб кетган С фазаси ишламаяпти ва бу катта йўқотишга олиб келмоқда:
“Ҳозир станция соатига 120–130 мегаватт қувват йўқотяпти. Кунлик генерация йўқотилишини ҳисобласангиз, станция кунига 20–25 минг долларгача зарар кўряпти. Трансформаторнинг ўзи тахминан 15 минг доллар туради. Янги ускуна олиб келиниб, алмаштирилган. Лекин ҳозирча синовдан ўта олмаябди назаримда, ҳалигача қурилмани қайта ишга туширишга рухсат берилмаган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозиргача умумий зарар 200 минг доллардан ошган”.
Мутахассиснинг айтишича, CT-19 билан боғлиқ носозлик станцияда биринчи марта кузатилмаяпти.
Собиқ жамоа станцияни бошқарган икки йил мобайнида CT-19 ток трансформаторига уланган шлейф олти марта узилган, беш марта B фазасида, бир марта C фазасида.
Мутахассис бу ҳолатни кучли шамол таъсирида қувурсимон ўтказгичлар тебраниши билан изоҳлади. Унинг айтишича, бундай носозлик тахминан ҳар тўрт ойда такрорланган.
Бироқ олдинги олти ҳолатнинг барчасида навбатчи операторлар зарур ўчириш ишларини ўз вақтида бажарган. Шу сабабли носозлик катта аварияга айланмаган, ток трансформатори ва бошқа ускуналар шикастланмаган, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳам тўхтамаган.
Собиқ ходим станцияда янги ишчиларни ишга қабул қилиш жараёнининг шаффофлиги юзасидан ҳам саволлар борлигини билдирди.
Манбанинг фикрича, холис текширув нафақат Шеробод қуёш электр станцияси, балки Ўзбекистондаги бошқа стратегик энергетика объектлари хавфсизлиги учун ҳам муҳим хулосалар чиқариш имконини беради.
Бир томонда — ток трансформатори очиқ алангада ёнаётгани акс этган видео, ички ёзишмалар ва собиқ муҳандисларнинг авария оқибатида станция қуввати чеклангани ҳақидаги даъволари бор. Иккинчи томонда эса Masdar компанияси раҳбари станцияда ҳеч қандай авария бўлмагани ва объект тўлиқ қувватда ишлаётганини айтмоқда.
Мутахассисилар фикрича, бундай объектдаги аварияни яшириш ҳам, ходимларни асоссиз айблаш ҳам жамоатчилик манфаатига зид, чунки гап оддий ишлаб чиқариш корхонаси эмас, юз минглаб аҳолини электр энергияси билан таъминлаши керак бўлган стратегик объект ҳақида кетмоқда.