Президент администрациясига кенг ваколатлар ва алоҳида дахлсизлик берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева

Мирзиёев 14 август куни имзолаган конституциявий қонун Президент администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги мақомини сезиларли даражада кучайтиради. Қонун парламентдан ўтиб, президент томонидан қисқа муддат атиги 10 кун ичида имзоланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева раҳбарлик қилаётган Президент администрацияси ҳукумат, ҳудудий ҳокимликлар ва давлат идоралари фаолиятини назорат қилиш ҳамда президент қарорлари ижросини таъминлаш бўйича кенг ваколатларга эга бўлди.

Администрация раҳбари президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлади ва унинг аъзолари фаолиятини ташкил этади ҳамда мувофиқлаштиради. Хавфсизлик кенгашига президентнинг ўзи раислик қилади.

Айни пайтда, кенг ваколатларга эга бўлаётган Администрациянинг ўзи ва унинг раҳбарияти учун кучайтирилган ҳуқуқий ҳимоя ўрнатилади. Бу — жиноий таъқиб ва тергов ҳаракатларига нисбатан махсус чекловлардан тортиб, юқори лавозимли мансабдорлар учун лавозимдан кетганидан кейин ҳам сақланадиган умрбод иммунитетгача бўлган кафолатларни қамраб олади.

Администрация юқори лавозимли амалдорлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларга нисбатан ишдан бўшатишгача бўлган интизомий чораларни қўллашни ташкил этиш, кадрлар тайинловларида иштирок этиш, куч ишлатар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳокимликларни назорат қилиш, маъмурий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотларини мувофиқлаштириш ваколатларини олади.

Айни пайтда, қонун Администрация ходимларига кенгайтирилган дахлсизлик кафолатларини беради. Айрим юқори лавозимли мансабдорлар учун бу иммунитет лавозимдан кетганидан кейин ҳам умрбод сақланиб қолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 6 август куни қабул қилинган, Сенат уни 7 августда маъқуллаган. Конституциявий қонун расман эълон қилинган кундан кучга киради.

Ўзбекистонда янги қонун атрофида очиқ баҳсу мунозаралар кузатилмаётган эсада, ҳозирча камсонли журналистлар ўз муносабатини билдирмоқда. Газета.Уз журналисти Шухрат Латипов ўз ҳавотирларини шахсий Телеграм каналида бўлишди.

"Шахсан мен учун очиқ жамоатчилик муҳокамасисиз ва парламентда ошкора мунозараларсиз қабул қилинган ҳар қандай қонун — айниқса конституциявий қонун — бошиданоқ шубҳа уйғотади." - деб ёзди журналист.

Давлат аппаратини назорат қилувчи марказ

Янги қонун Президент администрациясини бевосита президентга бўйсунадиган ва унга ҳисобдор давлат органи сифатида белгилайди.

Расман унинг вазифаси давлат раҳбари фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашдан иборат. Бироқ қонунда белгиланган функциялар президентнинг оддий маъмурий аппарати вазифаларидан анча кенг.

Администрация президент қарорларини ижро этишда давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек давлат иштирокидаги корхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ваколатини олади.

У президент фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари бажарилишини назорат қилади, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий вазиятни таҳлил қилади ҳамда янги давлат ташаббуслари бўйича таклифлар тайёрлайди.

Давлат кадрлар сиёсати, давлат хизматини бошқариш, ички ва ташқи сиёсат, парламент билан муносабатлар, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик, амнистия ва афв масалалари ҳам Администрация ваколатлари доирасига киритилган.

Қонунда президентга бевосита бўйсунадиган ёки ҳисобдор бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, куч ишлатар тузилмалар ҳамда бошқа идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ваколати алоҳида белгиланган.

Саида Мирзиёева ва Администрация раҳбарининг ваколатлари

Президент администрациясига амалдаги президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева раҳбарлик қилаётгани қонунга алоҳида сиёсий тус беради.

Қонун давлат аппаратини бошқариш ва назорат қилишга доир бир қатор муҳим ваколатларни айнан Администрация раҳбарига беради.

Администрация раҳбари президентга бевосита бўйсунадиган ёки ҳисобдор давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини назорат қилиши ва мувофиқлаштириши, уларга топшириқлар бериши ҳамда иш самарадорлигини баҳолашни ташкил этиши мумкин.

У республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини ҳам эшитиш ҳуқуқига эга бўлади.

Президент қарорлари ва топшириқлари лозим даражада бажарилмаган тақдирда, Администрация раҳбари мансабдорларга нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий чораларни қўллашни ташкил этиши ва президентга тегишли таклиф киритиши мумкин.

Шунингдек, у президент белгилайдиган тартибда давлат органлари ва ташкилотларидаги айрим мансабдорларни лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ҳамда давлат идоралари раҳбарлигига номзодлар бўйича президентга таклиф киритиш ваколатига эга бўлади.

Администрация раҳбари давлат органларида комплаенс-назорат хизматларини, шунингдек ички коррупцияга қарши назорат учун масъул раҳбар ўринбосари ёки маслаҳатчи лавозимларини ташкил этиш ва тугатиш ҳуқуқига ҳам эга.

Ҳукумат ва ҳокимликлар устидан назорат

Қонун Администрациянинг ижро ҳокимияти фаолиятидаги ролини расман мустаҳкамлайди.

У Вазирлар Маҳкамаси ва унга бўйсунувчи органларнинг президент қарорларини бажариш бўйича идоралараро фаолиятини мувофиқлаштиради, ижрони назорат қилади ва ҳукумат иши самарадорлигини таҳлил қилишда иштирок этади.

Администрация раҳбари ёки у ваколат берган мансабдор шахс Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати, ҳукумат комиссиялари ва кенгашлари, давлат органлари ҳайъатлари ҳамда бошқа коллегиал органлар мажлисларида иштирок этиб, ўз позициясини билдириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ҳудудларда эса Администрация вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат сиёсатини амалга ошириш ва президент қарорларини бажаришга доир фаолиятини мувофиқлаштиради, мониторинг қилади ва назорат этади.

У ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий, инфратузилмавий ва экологик ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси ва минтақалар ўртасидаги тафовутларни ҳам таҳлил қилиб, аниқланган тизимли муаммолар бўйича президентга таклифлар киритади.

Суд тизимига оид ваколатлар

Қонуннинг алоҳида моддаси Администрациянинг суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан муносабатларига бағишланган.

Администрация бу масалалар бўйича президент учун таклифлар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди, давлат раҳбарининг суд ҳокимияти билан муносабатлардаги конституциявий ваколатларини амалга оширишни таъминлайди.

Шунингдек, Администрация суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштириш ва суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ваколатини олади.

Шундай қилиб, қонун президент Администрациясининг нафақат ижро ҳокимияти фаолияти, балки суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш сиёсатини шакллантиришдаги ролини ҳам мустаҳкамлайди.

Қонунчилик ва кадрлар сиёсатига таъсир

Администрация президентнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга оширишни таъминлайди ва у қабул қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни мувофиқлаштиради.

Администрация вакиллари президент киритган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиши мумкин.

Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг ҳуқуқий, молиявий, коррупцияга қарши ва бошқа экспертизаларини ташкил этиш ҳам Администрация зиммасига юкланади.

Шунингдек, Администрация республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги маъмурий ислоҳотларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ваколатини олади.

Ходимларга алоҳида иммунитет

Қонуннинг энг эътиборли жиҳатларидан бири — Президент администрацияси ходимларига берилаётган дахлсизлик кафолатларидир.

Бу кафолатлар мансабдорларнинг шахсий ҳаёти, уй-жойи ва хизмат хоналари, шахсий ва хизмат транспорти, алоқа воситалари, ёзишмалари, электрон маълумотлари, буюмлари ва ҳужжатларига, шунингдек айрим ҳолларда уларнинг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.

Администрация мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатиш, жиноий жавобгарликка тортиш, тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатларини ўтказиш, маъмурий қамоқ ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларни чекловчи бошқа процессуал чораларни қўллаш имкониятлари чекланади.

Бошқарув ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, билдирган фикрлари ва берган кўрсатмалари учун жиноий, маъмурий ёки фуқаролик жавобгарлигига тортилиши мумкин эмас.

Хизмат вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатлар юзасидан ҳам уларга нисбатан қатор тергов ва процессуал чораларни қўллаш учун президентнинг ёзма розилиги талаб этилади.

Администрация ходимига нисбатан — у ишлаётган даврда ҳам, ишдан кетганидан кейин ҳам — жиноят ишини фақат Бош прокурор қўзғатиши мумкин. Бундай ишларни Олий суд кўради.

25-модданинг сўнгги қисми айниқса ғайриоддий: агар келажакда қонунчиликка ушбу кафолатларни бекор қиладиган ёки чеклайдиган, ёхуд ҳимояланган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган ўзгартишлар киритилса, янги қоидалар уларга, ҳатто Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам татбиқ этилмайди. Демак, гап айрим собиқ амалдорларни умрбод ҳимоя қилиш ҳақидагина эмас, балки уларга берилган иммунитетни кейинчалик қонун йўли билан чеклашдан ҳам амалда ҳимоя қилиш ҳақида кетмоқда.

Айрим амалдорларга умрбод дахлсизлик

Администрациянинг юқори лавозимли мансабдор шахслари учун қонунда назарда тутилган дахлсизлик ва иммунитет лавозимдан кетганидан кейин ҳам умрбод сақланади.

Бу тоифага Администрация раҳбари, унинг ўринбосарлари, президент ёрдамчиси, президент маслаҳатчилари ва уларнинг ўринбосарлари, президент вакиллари ҳамда Администрация таркибий бўлинмалари раҳбарлари киради.

Бошқарув ходимлари учун эса бундай кафолатлар ишдан бўшагандан кейин беш йил давомида амал қилади.

Ушбу кафолатларни бузган ҳолда олинган далиллар судда мақбул далил сифатида тан олинмайди.

Администрациянинг юқори лавозимли мансабдорлари ва уларнинг оила аъзолари — турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси — умрбод биометрик дипломатик паспорт олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Бошқарув ходимларига бундай паспортлар Администрацияда ишлаган даври учун берилади.

Администрациядан кетгандан кейин ҳам кафолат

Қонун ходимлар учун махсус меҳнат кафолатларини ҳам белгилайди.

Умумий қоидага кўра, Администрациядан кетган ходимга у бу ерга ишга ўтишидан олдин эгаллаган лавозимидан камида бир поғона юқори давлат лавозими берилиши керак.

Агар бундай бўш иш ўрни бўлмаса, унга бошқа давлат органи ёки ташкилотида тенг ёки камида бир поғона юқори лавозим устувор тартибда таклиф этилади.

Администрация ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун хизмат уй-жойи, кафолатланган тиббий ёрдам, санаторий-соғломлаштириш хизматлари ва бошқа ижтимоий имтиёзлар ҳам назарда тутилган.

Янги қонун нимани ўзгартиради?

Янги қонуннинг асосий ўзгариши — Президент администрациясининг вазифалари энди фақат давлат раҳбари ишини таъминлаш билан чекланмаслигидир. Қонун Администрацияга давлат аппаратини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича кенг ваколатларни расман беради.

Администрация Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликлар, кадрлар тайинлови ва ишдан бўшатиш, давлат хизмати, куч ишлатар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, маъмурий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, президентнинг қонунчилик ташаббуслари ҳамда Хавфсизлик кенгаши фаолиятига таъсир ўтказиш учун қонунда белгиланган механизмларга эга бўлади.

Шу тариқа, янги қонун Президент администрациясини Ўзбекистон давлат бошқарувининг энг таъсирли марказларидан бири сифатида қонунан мустаҳкамлайди.

"Президент Администрацияси улкан ваколатларга эга бўлмоқда, унинг ходимлари учун эса жиддий кафолатлар назарда тутилган. Аммо бу ваколат ва кафолатларга мутаносиб равишда кучли жавобгарлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик механизмларини ҳам кўришни истардик. Афсуски, мен бундай мувозанатни кўрмаяпман ва бу хавотир уйғотади." - деб ёзди Шухрат Латипов.