АҚШ президенти маъмурияти Ўзбекистонни Хитой товарларини Америка божларини четлаб ўтиш мақсадида АҚШ бозорига қайта йўналтиришда фойдаланилиши мумкин бўлган давлатлар қаторига киритди.
АҚШ Оқ уйининг Савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати бошқармаси тайёрлаган The Great Transshipment Scam (Божларни четлаб ўтишнинг улкан схемаси) ҳисоботида Ўзбекистон Хитой билан боғлиқ товарларни ноқонуний қайта йўналтириш хавфи юқори деб баҳоланган 40 дан ортиқ мамлакат ва ҳудуддан бири сифатида қайд этилган. Ҳужжатда бундай рўйхатга киритилиш ушбу мамлакатдан АҚШга экспорт қилинаётган барча товарлар божхона қоидаларини бузган ҳолда етказилаётганини англатмаслиги таъкидланган.
Оқ уйининг Савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати бошқармаси 2026 йил 13 августда эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон ва Қозоғистон учинчи тоифага — “Small, Opportunistic Chinese Targets” (Хитой учун кичик, оппортунистик нишонлар), яъни Хитой товарларини қайта йўналтириш учун фойдаланилиши мумкин бўлган кичик иқтисодиётлар гуруҳига киритилган.
Бу тоифага товар айланмаси нисбатан кичик бўлса-да, арзон ишчи кучи, эркин иқтисодий зоналар, чегара йўлаклари, божхона омборлари ёки назорат имкониятларининг чеклангани каби омиллар туфайли Хитой билан боғлиқ товарларни қайта йўналтириш учун жозибадор бўлиши мумкин бўлган давлатлар киритилган.
Ҳисоботда Ўзбекистон ва Қозоғистон Озарбайжон ҳамда Грузия билан бирга “Belt-and-Road Overland Nodes” — “Бир макон, бир йўл” ташаббусининг қуруқликдаги транспорт тугунлари сифатида ҳам кўрсатилган. Ҳужжатга кўра, бу давлатлар темир йўл ва қуруқ портлар орқали юкларни бир жойга тўплаш ва қуруқлик транспортидан денгиз йўналишларига ўтказиш вазифасини бажариши мумкин.
Бу ҳисобот хулосалари Марказий Осиё учун аҳамиятли. Сўнгги йилларда Хитой минтақанинг йирик инвесторлари ва савдо ҳамкорларидан бирига айланди. Ўзбекистон ҳам Хитойни Ғарб бозорлари билан боғловчи ишлаб чиқариш ва транспорт маркази сифатидаги ролини кучайтиришга интилмоқда.
Оқ уй ҳисоботида Хитой товарлари, логистикаси ва капиталига боғлиқликнинг ошиши Пекиннинг тижорий ва геосиёсий таъсирини кучайтириши, шу билан бирга Хитой билан боғлиқ товарларнинг АҚШ бозорига билвосита кириш имконини сақлаб қолиши мумкинлиги айтилган.
АҚШ расмийларига кўра, муаммо 2018 йилда Хитой товарларига божлар жорий этилгандан кейин кучайган. Ҳисоботда айрим экспортчилар товарларни учинчи давлатлар орқали йўналтириб, у ерда чекланган ҳажмда йиғиш, қайта қадоқлаш, маркировкани ўзгартириш ёки ҳужжатларни алмаштириш орқали уларга бошқа давлатда ишлаб чиқарилган товар кўринишини беришга урингани айтилади.
Шу билан бирга, ҳужжат савдо оқимларидаги барча ўзгаришлар бождан қочиш билан боғлиқ эмаслигини ҳам тан олади. Айрим ҳолатлар ҳақиқий инвестициялар, ишлаб чиқаришни кўчириш ёки таъминот занжирларини ўзгартириш билан изоҳланиши мумкин. АҚШ божхона органлари ҳақиқий ишлаб чиқариш ва товарнинг етарли даражада қайта ишланганини оддий транзит ёки ҳужжатларни ўзгартиришдан фарқлаши лозимлиги таъкидланган.
Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё экспортчилари учун бу қарор АҚШ томонидан таъминот занжирлари, Хитойдан келган бутловчи қисмлар, компаниялар эгалари, юк ташиш йўналишлари ва маҳсулотнинг қай қисми маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилганига нисбатан назорат кучайиши мумкинлигини англатади.
Оқ уй маълум қилишича, АҚШ Божхона ва чегара хизмати ишлаб чиқаётган сунъий интеллектга асосланган тизим юкларнинг ҳаракат тарихи, кўрсатилган келиб чиқиш мамлакати, мулкдорлик алоқалари ва ишлаб чиқариш қувватларини таҳлил қилиб, шубҳали савдо оқимларини аниқлаши керак.
Ҳисоботда божлардан атайин қочиш ҳолатлари юкларни тўхтатиб қолиш, қўшимча тарифлар, жарималар, санкциялар ёки АҚШ бозорига кириш имконияти чекланишига олиб келиши мумкинлиги айтилган.
Ҳужжатда Ўзбекистон ҳукумати ёки Ўзбекистоннинг ўзи ноқонуний транзитни ташкил этишда айбланаётгани ҳақида маълумот йўқ. Рўйхатга киритилиш ҳам автоматик равишда санкциялар ёки янги божлар жорий этилишини англатмайди. Аммо кузатувчилар фикрича, бу АҚШга экспорт қилинаётган Ўзбекистон маҳсулотлари, айниқса Хитой сармояси ёки Хитойдан келтирилган бутловчи қисмлар иштирокида ишлаб чиқарилган товарлар устидан назорат кучайишига олиб келиши мумкин. Бу масала АҚШ ва Ўзбекистон ўзаро савдо ва инвестиция бўйича янги келишув юзасидан музокараларни тезлаштираётган бир пайтда алоҳида аҳамият касб этади.