Ўзбекистоннинг олтиндан ташқари импорт ва экспортининг қарийб ўндан бир қисми Эрон орқали ўтади. Узилишлар озиқ-овқат, дори-дармон ва ускуналар етказиб берилишига таҳдид солмоқда. Салбий сценарийда иқтисодий ўсиш 0,8 фоиз бандига секинлашиши мумкин.
Уруш ва Эрон атрофидаги вазиятнинг янада кескинлашиши Ўзбекистон иқтисодиётига 1,5 миллиард долларгача, яъни ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 1 фоизи миқдорида зарар етказиши мумкин. Бундай баҳолаш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тайёрлаган 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда келтирилган.
Бу рақам фақат ташқи савдо ва логистика орқали юзага келиши мумкин бўлган йўқотишларни акс эттиради. Нефть, озиқ-овқат ва ўғитларнинг жаҳон нархлари ошиши, инфляция тезлашиши ва глобал иқтисодиёт секинлашиши оқибатида қўшимча зарар ҳам келиб чиқиши мумкин.
Савдо кам, қарамлик катта
Ўзбекистоннинг Эрон ва Яқин Шарқдаги бошқа мамлакатлар билан тўғридан-тўғри савдо айланмаси нисбатан кам. 2025 йилда Эрон, Исроил, Қатар, БАА, Баҳрайн, Қувайт ва Саудия Арабистони билан савдо ҳажми 2,1 миллиард долларни ёки мамлакат умумий ташқи савдо айланмасининг 2,6 фоизини ташкил этган.
Бироқ Эроннинг транзит аҳамияти сабаб Ўзбекистоннинг минтақага амалдаги қарамлиги анча юқори.
2025 йилда Эрон ҳудуди орқали 3,9 миллиард долларлик импорт юклари ўтган. Бу Ўзбекистон умумий импортининг қарийб 9 фоизидир. Шу йўналиш орқали 1,4 миллиард долларлик Ўзбекистон товарлари экспорт қилинган. Бу олтин ҳисобга олинмаган экспортнинг тахминан 10 фоизига тенг.
Шундай қилиб, Эрон орқали ташилган товарларнинг умумий ҳажми 5,3 миллиард долларга етган. Бу Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги еттита мамлакат билан тўғридан-тўғри савдосидан 2,5 баравар кўп.
Ҳисоботга кўра, асосий ҳавотир Эрон билан бевосита савдонинг тўхташида эмас, балки транспорт йўлакларининг узилиши, юк ташиш нархининг ошиши ва етказиб бериш муддатларининг узайиши билан боғлиқ.
Заводлар учун ускуналар хавф остида
Рақамларга ишонилса, технологик ускуналар етказиб берилишига қарамлик айниқса жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.
2025 йилда Эрон орқали Ўзбекистонга қарийб 1 миллиард долларлик технологик ускуна олиб кирилган. Бу Эрон йўналиши орқали етказилган жами импортнинг қарийб чорак қисми ва мамлакатга импорт қилинган барча технологик ускуналарнинг 14,8 фоизидир.
Шунинг учун таъминотдаги узилишлар нафақат истеъмол бозорига, балки корхоналар қурилиши, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ва сармоя лойиҳаларини амалга оширишга ҳам таъсир қилиши мумкин.
Эрон орқали, шунингдек, 725 миллион долларлик озиқ-овқат, 339,4 миллион долларлик кимё маҳсулотлари, 319,1 миллион долларлик металл ва ундан тайёрланган буюмлар, 278,7 миллион долларлик транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар, 259,7 миллион долларлик фармацевтика ҳамда 229,7 миллион долларлик электротехника маҳсулотлари импорт қилинган.
Тўқимачилик соҳаси учун хавфлар
Ўзбекистон экспортининг салмоқли қисми ҳам Эрон йўналишига боғлиқ.
2025 йилда Эрон ҳудуди орқали 546,5 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари, 422,3 миллион долларлик металл ва металл буюмлар, 143,6 миллион долларлик кимё маҳсулотлари ҳамда 100,2 миллион долларлик ёқилғи ва нефть маҳсулотлари экспорт қилинган.
Ушбу йўлак орқали амалга оширилган Ўзбекистон экспортининг қарийб 70 фоизи тўқимачилик ва металл маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келган. Юк ташишдаги узилишлар маҳсулот етказиб беришнинг кечикиши, экспорт тушумларининг вақтинча камайиши ва ишлаб чиқарувчилар харажатларининг ошишига олиб келиши мумкин.
ЯИМ ўсиши секинлашиши мумкин
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Эрон орқали савдонинг бир вақтда издан чиқиши, муқобил йўналишларнинг қимматлашиши ва энергия манбаларининг жаҳон нархлари ошишини назарда тутувчи салбий сценарийни тайёрлаган.
Бундай сценарийда Ўзбекистон ЯИМи ўсиши 0,8 фоиз бандига — базавий 8,1 фоиздан 7,3 фоизгача секинлашиши мумкин.
Инфляция 0,3–0,5 фоиз бандига тезлашиб, 6,8–7 фоизга етиши, бюджет тақчиллиги эса ЯИМнинг қарийб 3 фоизидан 3,2 фоизигача ошиши мумкин.
Ҳужжатда можаро бошланганидан кейин Brent русумли нефть нархи 36 фоизга қимматлаб, бир баррель учун қарийб 98 долларга етгани айтилган. Минерал ўғитлар нархи 15–20 фоизга, жаҳон озиқ-овқат нархлари индекси эса йил бошидан буён 5 фоизга ошган.
Ёқилғи нархининг кўтарилиши Ўзбекистонда транспорт ва ишлаб чиқариш харажатлари, шунингдек, озиқ-овқат ҳамда ўғитлар нархини ошириши мумкин.
Пул ўтказмалари зарбани юмшатиши мумкин
Стратегияда вазиятни қисман юмшатиши мумкин бўлган омил ҳам қайд этилган. Нефть нархининг ошиши энергия ресурсларини экспорт қилувчи мамлакатлар иқтисодиётини мустаҳкамлаши ва у ерда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг даромадларини кўпайтириши мумкин.
Салбий сценарийда пул ўтказмалари ҳажми 5 фоиз бандига ошиши мумкин. Расмийлар бу ички талабни қўллаб-қувватлаб, ташқи зарба оқибатларини қисман юмшатишини кутмоқда.
Ҳукумат савдо оқимлари аста-секин муқобил йўналишларга ўтиши ҳисобига инқироз таъсири 2027 йилдан бошлаб пасайишини кутмоқда.
Бироқ стратегияда қайси транспорт йўлаклари Эроннинг ўрнини тезда боса олиши, уларнинг ўтказиш қуввати етарлими ва юк ташиш қанчалик қимматлашиши аниқлаштирилмаган.