Ўзбекистон Озарбайжон билан ҳамкорликни кучайтирмоқда. Россия ва Эронни четлаб ўтишга ҳаракатми?

Ўзбекистон ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг 23 август куни Тошкентга давлат ташрифи чоғида сиёсий, сармоявий ва транспорт соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бу Ўзбекистон Россияга қарамликни камайтирадиган ва Эрон орқали ўтувчи тобора хатарли транзит йўлларини четлаб ўтиш имконини берадиган янги савдо йўналишларини излаётган бир пайтда юз бермоқда.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев “Абадий дўстлик” тўғрисидаги шартномани имзолади, 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш дастурини қабул қилди.

Расмийлар икки мамлакат қиймати 5 миллиард доллардан зиёд бўлган лойиҳалар портфелини шакллантирганини билдирди. Бироқ бу маблағнинг қанча қисми кафолатланган молиялаштириш, тасдиқланган сармоялар ёки ҳали кўриб чиқилаётган таклифларга тўғри келиши очиқланмади.

Ўзбекистон-Озарбайжон инвестиция компанияси бу жараёнда асосий механизмлардан бири бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистон инвестициялар вазири Лазиз Қудратовга кўра, компания умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган саккизта лойиҳани тасдиқлаган, яна қарийб шунча қийматдаги еттита лойиҳани кўриб чиқмоқда. Алиев жамғарманинг тахминан учдан бир қисми лойиҳалар билан таъминланганини айтди. Аммо расмийлар бу лойиҳаларни молиялаштириш шартларини ошкор қилмади.

Диққат марказида Ўрта йўлак

Музокараларда транспорт ва энергетика алоқаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки ҳукумат Ўрта йўлак салоҳиятини ошириш, Каспий денгизи орқали логистикани яхшилаш ва қўшма кема қатнови флотини ташкил этиш имкониятини ўрганишга келишиб олганини билдирди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи электр энергиясини Озарбайжон орқали Европага етказиш имкониятини ўрганишга келишди. Энергетика, геология, кимё, қурилиш, молия, қишлоқ хўжалиги, автомобиль ишлаб чиқариш ва туризм соҳаларида ҳам ҳамкорлик кенгайтирилиши айтилди.

Ўрта йўлак Марказий Осиёни Каспий денгизи, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали Европа билан боғлайди. У шимолда Россияни, жанубда эса Эронни четлаб ўтади. Таҳлилчилар фикрича, минтақавий можаролар, санкциялар ва транспортдаги узилишлар анъанавий савдо йўлларини мураккаблаштираётган бир шароитда, бу йўналиш денгизга бевосита чиқиш имконияти бўлмаган Ўзбекистон учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Москвага тик қараган Алиев: Боку Кремлдан узоқлашмоқда

Озарбайжон сўнгги йилларда минтақада нисбатан мустақил ташқи сиёсат юритиб, Москва билан очиқ зиддиятга ҳам борди. Муносабатлар 2024 йил декабрида Озарбайжон йўловчи самолёти ҳалокатга учраганидан кейин кескин совиди. Алиев Россиядан самолёт уриб туширилганини очиқ тан олиш, айбдорларни жазолаш ва товон тўлашни талаб қилди. Ҳалокатда 38 киши ҳалок бўлган.

Зиддият 2025 йил ёзида Екатеринбургдаги полиция амалиёти пайтида икки этник озарбайжонликнинг ўлими ортидан янада кучайди. Россия куч тузилмалари кейинчалик Уралдаги Озарбайжон диаспораси раҳбари Шаҳин Шихлинскийни ҳам қўлга олди. Боку бунга кескин муносабат билдирди, Россия билан режалаштирилган айрим расмий ташрифлар ва маданий тадбирларни бекор қилди. Озарбайжон полицияси Sputnik Azerbaijan таҳририятида тинтув ўтказиб, нашрнинг икки раҳбарини ҳибсга олди. Москва бу ҳаракатларни "дўстона бўлмаган қадамлар" деб атади ва журналистларни озод қилишни талаб қилди.

Алиев 2026 йил июлида Шушада ўтган Глобал медиафорумда Россиядаги вазиятни киноя билан шарҳлади. У Озарбайжон ҳақида ижобий фикр билдирганидан сўнг Россияда "хорижий агент" деб эълон қилинган сиёсатшунос Сергей Марков "аллақачон ҳибсга олинган бўлиши мумкинлиги" ҳақида ҳазил қилди. Алиев, шунингдек, Озарбайжондаги медиафорумда қатнашганидан кейин ТАСС раҳбариятидаги лавозимидан озод этилган Михаил Гусманни тилга олди.

Москва билан муносабатлар таранглашган бир пайтда Боку Туркия, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий, иқтисодий ва транспорт алоқаларини кенгайтирмоқда.

Рамзий аҳамиятга эга шартнома

Мирзиёев ва Алиев Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномани ташрифнинг асосий сиёсий натижаси деб атади. Ҳужжатда икки томонлама муносабатлар дўстлик, ўзаро ишонч, стратегик шериклик ва иттифоқчилик асосида қурилиши белгиланган. Шунингдек, ҳар икки давлатдан бир-бирининг суверенитети, хавфсизлиги ёки ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган иттифоқларга қўшилмаслик талаб этилади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон 2024 йилда иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ҳам имзолаган. Айни шатномани президент Каримов 2005 йилда Россия билан имзоланган. Аммо президент Ислом Каримов бу келишувни АҚШ ва Европа Иттифоқининг Андижон қирғини ортидан билдирган кескин танқиди ва жорий этган санкцияларидан кейин Ғарбдан юз ўгириб, Москвадан сиёсий таянч излаган бир пайтда имзолаган эди.

Савдо кўрсаткичларида тафовут

Икки ҳукумат 2030 йилгача ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга қаратилган дастурни қабул қилди.

Алиев 2025 йилда савдо ҳажми уч баравардан зиёд ошиб, 795 миллион долларга етганини айтди. Бироқ Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташрифдан тўрт кун олдин эълон қилган маълумотда бу кўрсаткич 307,3 миллион доллар деб кўрсатилган. Шундан 227,3 миллион доллари Ўзбекистон экспортига, 80 миллион доллари эса импортга тўғри келган. Икки ҳукумат ҳам бу тафовут сабабини очиқламади.

Рақамлардаги фарқ 2030 йил учун белгиланган мақсад кўламини баҳолашни қийинлаштиради. Алиев келтирган рақам асос қилиб олинса, савдо беш йилда қарийб 26 фоизга ўсиши керак. Ўзбекистон вазирлиги маълумотига таянилса, уни уч баравардан зиёд ошириш талаб этилади.

Савдо ҳажми 1 миллиард долларга етган тақдирда ҳам, Озарбайжон Ўзбекистоннинг нисбатан кичик савдо ҳамкорларидан бири бўлиб қолади. 2025 йилда Ўзбекистоннинг Хитой билан савдоси 17,2 миллиард, Россия билан 13 миллиард, Қозоғистон билан эса 5 миллиард долларни ташкил этган. Қирғизистон ва Туркманистон билан савдо ҳажми 1,2 миллиард доллардан, Тожикистон билан эса 912,3 миллион доллар бўлган.

Расмийлар ишга туширилганини айтган лойиҳалар

Президентлар расмийлар иш бошлаганини билдирган бир неча лойиҳага бағишланган маросимларда қатнашди. Ташриф давомида эълон қилинган маълумотлар асосида бу объектларнинг амалдаги ҳолатини мустақил текшириш имкони бўлмади.

Озарбайжон Халқаро банки — ABB Davr Bank орқали Ўзбекистон банк бозорига кирди. Хабарларга кўра, ABB банкнинг назорат пакетини сотиб олган, аммо битим қиймати ва мулкчиликнинг батафсил тузилмаси очиқланмади.

Президентлар, шунингдек, Озарбайжоннинг Matanat-A компаниясига қарашли гипс ишлаб чиқариш заводини ишга туширди ҳамда Sur Gold and Silver лойиҳаси доирасида таркибида кумуш бўлган рудани қайта ишлаш ва бойитиш корхонаси қурилишини бошлаб берди. Расмийлар бу лойиҳаларнинг жойлашуви, қиймати, ишлаб чиқариш қуввати, мулкчилик тузилмаси, иш ўринлари, атроф-муҳитга таъсири ва ишга тушириш муддатлари ҳақида тўлиқ маълумот бермади.

Озарбайжоннинг AzerGold компанияси Қашқадарёдаги "Ақба" олтин конини ўзлаштириш ҳамда Навоий вилоятида геология-қидирув ишларини олиб боришда қатнашишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати "Газета.uz"га билдиришича, тегишли лойиҳалар Озарбайжон томони билан имзоланган келишувлар тўпламига киритилган. Neqsol Holding эса учта вилоятда ноёб ер металларини қазиб олиш лойиҳасида иштирок этади.

2025 йилда "Ўзбекгеологияқидирув" "Ақба" конида 13 тоннадан зиёд саноатбоп олтин захираси аниқланганини билдирган. Компания ҳисоб-китобига кўра, қўшимча геология-қидирув ишлари яна 50 тоннагача олтин захирасини аниқлаши мумкин. Имзоланган ҳужжатларнинг қиймати, молиялаштириш шартлари, томонларнинг улушлари ва амалга ошириш муддатлари очиқланмаган.

Ташриф доирасида Gold Fresh Fruits компанияси барпо этадиган тижорий мева боғлари лойиҳаси ҳам бошланди. Бироқ унинг жойлашуви, ер майдони, қиймати, сувга эҳтиёжи, мулкчилик тузилмаси ва мўлжалланган экспорт бозорлари очиқланмади.

SOCAR билан ҳамкорлик ва ёқилғи шохобчалари

SOCAR, BP ва "Ўзбекнефтгаз" Устюрт минтақасида нефть ва газ қидируви бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Алиев қидирув натижалари ижобий бўлса, ҳамкорлар 2027 йилда эксплуатация қудуқларини бурғилашни бошлашга умид қилаётганини айтди.

Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимда BP улуши 40 фоизни, лойиҳа оператори бўлган SOCAR ва "Ўзбекнефтгаз" улуши эса 30 фоизданни ташкил этади.

Ўзбекистон расмийлари лойиҳага жалб қилинадиган умумий сармояни тахминан 2 миллиард долларга баҳолаган. Дастлабки прогнозларга кўра, ҳудудда 100 миллион тоннагача нефть ва 35 миллиард куб метр табиий газ бўлиши мумкин. Конлар тасдиқланиб, саноат миқёсида ўзлаштирилса, йиллик нефть қазиб олиш ҳажми 5 миллион тоннага етиши мумкинлиги айтилган.

Бироқ булар ҳозирча расмий прогнозлар, холос. Лойиҳа қидирув босқичида бўлгани учун захиралар ва келажакдаги қазиб олиш ҳажми бурғилаш натижалари билан ҳали тасдиқланмаган.

Президентлар Озарбайжоннинг SOCAR давлат энергетика компанияси бошқарадиган бешта ёқилғи қуйиш шохобчаси қурилишини бошлаб берди. Бу лойиҳа SOCAR'га Ўзбекистон чакана ёқилғи бозорига кириш имконини беради. Бироқ бешта шохобча мамлакатдаги умумий тармоқнинг жуда кичик қисмини ташкил этади.

Sea Breeze лойиҳаси танқидлар марказида

Ташриф чоғида тилга олинган энг йирик ва энг кўп баҳсларга сабаб бўлган лойиҳа Тошкент яқинидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида қурилиши режалаштирилган Sea Breeze Uzbekistan турар-жой ва сайёҳлик мажмуасидир.

Agalarov Development билан тузилган келишувда лойиҳа қиймати 5 миллиард доллар деб баҳоланган. Девелопер Эмин Агаларов 2026 йил февралида қурилиш зичлигига қараб умумий сармоя ҳажми 5 миллиарддан 7 миллиард долларгача етиши мумкинлигини айтган. Режага кўра, мажмуа 577 гектар майдонни эгаллайди. Тахминан 100 гектарлик биринчи босқичда меҳмонхоналар, квартиралар, виллалар, тиббиёт ва спорт иншоотлари, бизнес маркази ҳамда амфитеатр қурилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон расмийлари лойиҳа хусусий манбалар, жумладан, тижорий кредитлар ҳисобидан, бюджет маблағлари ва қўшимча давлат қарзисиз молиялаштирилишини билдирган. Уларнинг айтишича, инвестор ёрдамчи инфратузилма учун давлатга 240 миллион доллар тўлайди.

Бироқ расмийлар ва девелопер кредиторлар ёки бошқа сармоядорларнинг номини, жалб этилиши кафолатланган маблағ ҳажмини ва кредит шартларини очиқламади. Улар 5-7 миллиард долларлик лойиҳани молиялаштириш таъминланганини тасдиқловчи далилларни ҳам жамоатчиликка тақдим этмади.

Лойиҳа "Save Chorvoq" кампанияси бошланишига ва экологик фаоллар танқидига сабаб бўлди. Фаоллар табиий ландшафт ва сув омбори экотизимига эҳтимолий зарар, оқова сувларни бошқариш, қурилишдан ҳавонинг ифлосланиши, дарахтлар кесилиши, кўчки хавфи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерлари, ўрмонлар ва сувни муҳофаза қилиш ҳудудларининг девелоперга берилиши юзасидан хавотир билдирган.

2026 йил апрелида лойиҳанинг биринчи босқичи учун берилган экологик хулосада бир қатор шартлар белгиланган. Улар орасида оқова сувларни тозалаш тизимини қуриш ва соҳил бўйлаб 100 метрдан 300 метргача қурилиш тақиқланган ҳудуд қолдириш талаби бор. Экологик хулоса бутун мажмуани эмас, фақат биринчи босқични қамраб олган.

Алиев ташрифи чоғида ўтказилган тамал тоши қўйиш маросими лойиҳанинг расман бошланганини англатди. Бироқ у экологик эътирозларни бартараф этмади ва барча босқичлар якуний рухсат ҳамда тўлиқ молиялаштиришга эга эканини кўрсатмади.

Молиялаштириш ва муддатлар мавҳумлигича қолмоқда

Ташриф чоғида кўплаб ҳужжатлар имзоланди, маросимлар ўтказилди ва сармоя лойиҳалари эълон қилинди. Бироқ икки ҳукумат уларнинг тижорий ҳолатини мустақил баҳолаш имконини берадиган маълумотларни чекланган ҳажмда тақдим этди.

Аксар лойиҳалар бўйича молиялаштириш механизмлари, мулкчилик улушлари, қурилиш муддатлари, ишлаб чиқариш қуввати, яратилиши кутилаётган иш ўринлари ва атроф-муҳитга эҳтимолий таъсир очиқланмади.

Қиймати 5 миллиард доллардан зиёд экани айтилган умумий лойиҳалар портфелининг батафсил таркиби ҳам маълум эмас. Sea Breeze лойиҳасининг ўзи 5 миллиард долларга баҳоланган. Айни пайтда қўшма инвестиция компанияси умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган саккизта лойиҳани тасдиқлагани ва яна қарийб шунча қийматдаги еттита лойиҳани кўриб чиқаётгани айтилмоқда.

Келишувлар Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада кенгаяётганини кўрсатади. Уларнинг иқтисодий самараси эса эълон қилинган лойиҳаларнинг нечтаси молиялаштирилиши, тартибга солувчи идоралар рухсатини олиши ва амалда бажарилишига боғлиқ бўлади.