1 июлдан - ўзбекистонлик тадбиркорлар мажбурий UzQR код учун 0,65 фоиз, 1 апрелдан - барча ўзбекистонликлар мажбурий нақдсиз тўлов учун 3 фоизгача устама тўламоқда.
Аҳолиси қарийб 40 миллионга етган мамлакатдан ёппасига йиғиб олинаётган триллионлаб сўмлик фоизлар икки гигант - UZCARD ва Paynet тўлов тизимлари орқали йиғилмоқда.
UZCARD - яқин-яқингача расман президентнинг катта куёви Ойбек Турсуновга боғланган, кейинчалик бенефициарлари қайта-қайта алмашган ва яширин қолаётган акциядорлик жамияти.
Humo эса ўтмишда - Гулнора Каримова, кейин Давлат активлари агентлиги, ундан кейин эгалари яширин хусусий Paynet АЖга арзон-гаровга сотилган можароли тўлов тизими.
Нега Ўзбекистон миллий тўлов тизимлари хусусий қўлларга берилди ва муҳими, нега уларнинг асл бенефициарлари халқдан сир сақланмоқда - ҳозир шу ҳақда.
Янги таҳрир: Озодликнинг бу мавзудаги видеолавҳаси Youtube тармоғида 6 август куни эълон қилинди. Шундан сўнг UZCARD АЖ Озодликка жавоб йўллади.
Ўз жавобида UZCARD акциядорлари даромади ортиб кетгани ҳақидаги даъвони рад этади.
UZCARDнинг таъкидича, "тегишли давр мобайнида эркин пул оқими маҳаллий валюта ҳисобида атиги 11 фоизга ошган ва эркин пул оқими компаниянинг ўз фаолияти орқали дивиденд тўловларини молиялаштириш қобилиятини баҳолаш учун муносиб кўрсаткич ҳисобланади".
UZCARD, бу ташкилот истеъмолчилар ҳисобидан ҳаддан ташқари юқори фоизлар олади ва ортиқча фойда кўради, деган ҳар қандай фикрни ҳам рад этади. АЖнинг билдиришича, "Visa, Mastercard ва Humo каби бошқа тўлов тармоқлари қандай фаолият юритса, худди шундай тарзда ишлайди" ва фоиз тўловлари "бозор амалиётига мос".
Нақдсиз тўлов ва UzQR фоизлари
UzQR - ягона миллий QR кодни расмийлар харидор учун бепул ва қулай тўлов тизими, деб тақдим қилди.
Марказий Банкка кўра, шу йил 1 июлдан ишга тушган ягона миллий QR код учун фақат сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи 0,65 фоиз тўлайди.
Бу фоиз UzQR тизимини юритаётган иштирокчилар орасида тақсимланади:
0,10% — экваер - ҚР-кодни мерчантга ўрнатиб берган банк;
0,15% — Узсард ( 0,075 %) ёки Ҳумо (0,05 %) миллий карталари улуши;
0,20% — ҚР-код оператори;
0,15% — ҚР-кодни ўқувчи мобил илова;
0,05% — тўловни амалга оширувчи банк.
Cтатистика қўмитасига кўра, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистонда ЯТТлар сони 281 861 та, кичик корхона ва микрофирмалар кўринишидаги юридик шахслар 478 988 та эди.
Дейлик, жами 760 минг атрофидаги ЯТТ ва юридик шахс UzQR тизимидан фойдаланмоқда.
Шунда UzQR тизими учун:
ҳар 1 миллион сўмлик транзакциядан қарийб 5 млрд сўм ёки тақрибан 412 минг АҚШ доллари доллари,
100 миллион сўмлик транзакциядан эса 494,6 миллиард сўм ёки 41,2 миллион долларигача фоиз ундирилади.
Гарчи ҳозирча UzQR тизимидан ундирилаётган фоизларни фақат бизнес вакиллари тўламоқда. Аммо, охир-оқибат, бу фоизлар юки ушбу бизнеслар таклиф қилаётган товар ва хизматлар қийматига устама ҳақ бўлиб қўшилмаслигига кафолат борми? Бу савол - очиқ.
Мамлакатдаги бизнес вакиллари эса бунга қадар, яъни апрел ойидан Ўзбекистонда эл қатори - нақдсиз тўлов фоизларини ҳам тўлай бошлаган.
Бу фоизларнинг қиймати UzQRникидан бир неча ўн баробарга катта.
Шу йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистонда қатор хизмат ва товарларда нақд билан савдо қилиш тақиқланди:
Кўчмас мулк ва автотранспорт олди-сотдиси,
ёқилғи маҳсулотлари савдоси (АЁҚШларда),
алкогол ва тамаки маҳсулотлари учун тўловлар,
қиймати 25 млн сўмдан юқори бўлган харидлар,
давлат ва бюджет ташкилотлари айрим хизматлари.
Нақдсиз, яъни банк карталари билан тўловлар эса ўзбекистонликларга кутилмаганда 3 фоизга қадар устама юклади.
Яъни, бензинга пул тўлашни истаган одам, чўнтагидаги нақдини банк картасига солиш учун яна 3 фоизгача қўшимча ҳақ тўлаши керак бўлди.
Буни тушуниш ва қабул қилиш афтидан кўпчилик учун осон кечмади. Эҳтимол шу боис, энг кўп муҳокама ва мутойиба қилинган монетар ислоҳотлардан бири шу бўлди.
Аслида Ўзбекистоннинг йирик шахарларида аҳолининг сезиларли қисми нақдсиз муомалага кўниккан. Буни Солиқ қўмитаси турли сўровлар ўтказиб, муттасил таъкидлашга ҳам уринмоқда.
Лекин, бу ўринда Солиқ қўмитаси дохил ҳукумат расмийлари гапирмаётган гап - нақдсиз тўловнинг фоизлари бўлиб қолмоқда.
Нақдсиз тўлов ва ягона миллий UzQR тизими ёки бошқа хизматлар учун фоизлар қандай шакллантирилмоқда ва бу хизматлар асл таннархи қанча?
Бу саволга расман жавоб йўқ. Марказий Банк бу борада баёнот бергани кузатилмади.
Аммо факт шуки, хусусий Humo ва UZCARD АЖга боғланган миллий тўлов тизимлари, аҳоли норозилигига қарамай, улкан фоизлари билан бирга амал қилмоқда.
Бу бизнеслар ҳукумат ўрнатган фоизлардан триллионлаб сўм пул ишламоқда.
Янги таҳрир: Озодликнинг бу мавзудаги видеолавҳаси Youtube тармоғида 6 август куни эълон қилинди. Шундан сўнг UZCARD АЖ Озодликка жавоб йўллади.
UZCARD, бу ташкилот истеъмолчилар ҳисобидан ҳаддан ташқари юқори фоизлар олади ва ортиқча фойда кўради, деган ҳар қандай фикрни ҳам рад этади. АЖнинг билдиришича, "Visa, Mastercard ва Humo каби бошқа тўлов тармоқлари қандай фаолият юритса, худди шундай тарзда ишлайди" ва фоиз тўловлари "бозор амалиётига мос".
Жумладан, биргина UZCARD миллий тўлов тизимининг 2026 йил январь-июнь ойлари бўйича молиявий ҳисоботида қайд этилишича, ширкатнинг ярим йиллик тушуми 1 трлн 145,2 млрд сўмни ёки тахминан 95,4 млн АҚШ долларини ташкил қилган.
Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 621,6 млрд сўм ёки тахминан 51,8 млн АҚШ доллари бўлган. Яъни, UZCARнинг ярим йиллик тушуми, ўтган йилгидан қарийб 84 фоизга ошиб кетган.
Янги таҳрир: Озодликнинг бу мавзудаги видеолавҳаси Youtube тармоғида 6 август куни эълон қилинди. Шундан сўнг UZCARD АЖ Озодликка жавоб йўллади.
UZCARDнинг таъкидича, "тегишли давр мобайнида эркин пул оқими маҳаллий валюта ҳисобида атиги 11 фоизга ошган ва эркин пул оқими компаниянинг ўз фаолияти орқали дивиденд тўловларини молиялаштириш қобилиятини баҳолаш учун муносиб кўрсаткич ҳисобланади".
Камига бу бизнеслар транзакция чекловларидан ҳам фойдаланади.
Масалан, UZCARD ёки Humo тизимига уланган пластик карталарга ойига 5 млн – 10 млн сўмгача бепул ташлаш мумкин. Бу эса тақрибан 400-800 АҚШ доллари бўлади. Ортиғига яна 0.5 – 2 фоизгача комиссия тўлаш керак.
Айрим иловаларда транзакция суммаси 5 миллиондан ошса, яна фоиз қўшилади.
Бугунги инфляция инобатга олинса, бир ойда 5 миллион сўмлик пул ўтказмаси кўпчилик учун оз. Демак кўпчилик - транзакцияларда ҳам оширилган фоизларни тўлашга мажбур.
Нақдсиз тўлов тизими нега жорий қилинди?
Бу ўринда, тизимни жорий қилган президент Мирзиёевга қулоқ тутиш керак бўлади.
Президентга кўра, мажбурий нақдсиз тўловдан мақсад - яширин иқтисодиётни қисқартириш.
2025 йил 12 декабрдаги Президент фармони, нақдсиз тўлов билан 2030 йилгача яширин иқтисодиётни 1,3 бараварга қисқартириш, бунинг учун аҳоли томонидан нақдсиз тўлови ҳажмини 75 фоизга етказишни режалайди.
Расмийлар, 1 июлдан мажбурий жорий этилган ягона миллий UzQR ҳам шу режанинг бир қисми, демоқда. Яъни, нақдсиз тўлов мажбурий бўладиган соҳалар ҳали янада кўпайиши кутилмоқда.
Қолаверса, Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улушини ЯИМ ҳажмига қўшиш, деган уникал таржриба бор. 2024 йилги рақамга кўра, яширин иқтисодиёт ҳажми 120 трлн сўмдан ошган.
Расмийлар бу иқтисодиёт кўпроқ хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларидаги кичик бизнес ҳиссасига тўғри келади, демоқда. Аммо, аксар иқтисодчилар бу бизнеснинг кичиклигига шубҳа билдиради.
Бундайларга кўра, яширин иқтисодиётнинг Ўзбекистондаги улуши аслида жуда катта.
“Яширин иқтисодиёт зараркунанда қарорлар билан ясалади - биттаси аждарҳо божлар. Олигархия ва чўнтаклар билан чатишиб кетган ўзбек амалдорларининг ўз қўли билан яширин иқтисодиёт яратиб, бошқа қўли билан яширин иқтисодиётга қарши курашишларини чексиз кузатиш мумкин”, деб ёзади жумладан иқтисодчи Бакиров.
Аждарҳо фоизлар мамлакати
Аслида сўнгги 4 ойда жорий этилган 3 ва 0,65 фоизлик устамалар шу пайтгача мавжуд улкан фоизлар устига қўшимча бўлди.
Ўзбекистонда - айрим иқтисодчилар таъбири билан айтганда - аждарҳо фоизлар бор. Банк хизматлари, онлайн трансфер, ипотека ва истеъмол кредитлари учун 7 фоиздан 23 фоизга хизмат ҳақи олинади.
Ўзбекистонда банкларнинг асосий даромад манбаи фоизлар, комиссиялар, хизмат ҳақларидан келади.
Банк фоиз даромадининг асосий манбаи албатта кредитлар:
истеъмол кредити 22 – 35%,
автокредит 18 – 28%,
ипотека (давлат) 17 – 18%,
ипотека (имтиёзли) 10 – 14%,
ипотека (тижорат) 20 – 26%
Катта фоизларга қарамай Ўзбекистонликлар орасида кредит олиш фавқулодда оммалашган. Боиси, аҳоли даромадлари оз ва каттароқ мулк олишнинг асосий имкони банклардан қарз олиш бўлиб қолмоқда.
Мисол учун, телефон, уй-рўзғорга зарур техника кредити ёки банкдан нақд пул қарзи - йиллик 22 – 35 фоиз атрофида.
Дейлик, ўзбекистонлик бир талаба 2 миллион сўмлик телефонни 2 йилга кредитга олса, устига 35 фоиз қўшиб тўлайди. Аксар Европа давлатларида бу тўлов 0 фоиздан 10 фоизгача.
Кенг тарқалган яна бир кредит тури - 18-28 фоизлик автокредитлардир. Мисол учун, Ўзбекистонда оммабоп Cobalt русумли 160 миллион сўмлик машинани 3 йилга кредитга олинса, 3 йилда 190 млн, 5 йилда эса 220–240 млн сўмга тушади, яъни 50% гача нархи ошади.
Европа давлатларида 1 фоиздан 18 фоизгача боради. Ҳатто, Қозоғистонда энг қиммат авторкредитлар 30 фоизгача, оммалашган ўртача кредитлар эса 10-18 фоиз.
Ипотека кредитлари - 2 турда ва ҳар иккисида ҳам фоизлар фавқулодда юқори. 20 йиллик давлат ипотекаси учун йиллик 17 – 18 фоиз, айрим имтиёзли тоифалар учун 10 – 14 фоизгача ипотека кредити олиш мумкин.
Тошкентда максимум 480, вилоятларда 380 миллион сўмгача бўлган мулк учун ипотека кредити берилади. Ундан қиммат уйларга арзон давлат ипотекаси йўқ, аммо бу нархдаги уйларнинг сифати, шикоятларга кўра, одатан паст ва бу алоҳида масала.
Қиёслаш учун: дейлик, 400 млн сўм - тақрибан 33,3 минг долларлик ипотека учун:
Европа давлатларида ўртача 43–57 минг АҚШ доллари,
Қозоғистонда ўртача 60–77 минг доллар,
Ўзбекистонда эса 100–130 минг доллар тўлаш керак бўлади.
Фоизлар Ўзбекистонда бу қадар юқори?
Бу саволга расмийлар берадиган жавоб: фоиз ставкаси юқори.
Ўзбекистон Марказий Банкига кўра, мамлакатда муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи пасаймаётгани ва глобал ташқи хавфнинг инфляцияга таъсири кучли қолаётгани - фоиз ставкаларини юқори ушлаб туришга мажбур қилмоқда.
Ўзбекистонда йиллик инфляция расмий маълумотларга кўра 7–8 фоиз атрофида. Масалан, Марказий банк маълумотлари бўйича 2026 йил баҳорида бу кўрсаткич 7 фоиз атрофида бўлган.
Бироқ айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархи умумий инфляциядан тезроқ ўсмоқда. Масалан, қўй гўштининг нархи бир йилда 20 фоиздан ортиқ, мол гўшти 14–20 фоиз атрофида қимматлади.
Шу сабабли аксар иқтисодчилар аҳоли қатлами ҳис қилаётган инфляция кўрсаткичи расмий 7–8 фоиздан юқори, баъзилари эса ҳатто 14 фоизгача, деб баҳолайди.
Ҳозирга келиб Ўзбекистоннинг ўз ҳудудида нақд кўринишда қабул қилинмаётган ўзбек сўмининг қадри ҳам барқарор равишда пастламоқда. Шу кунда бир АҚШ доллари тахминан 11,8-12 минг ўзбек сўмига тенг.
Солиштириш учун, 1 АҚШ доллари тахминан:
87-88 қирғиз сўмига;
458-460 қозоқ тангасига;
9,2-9,3 тожик сомонийсига;
3,5 туркман манатига тенг.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда фоиз ставкаси юқори, инфляция барқарор ошиб, ўзбек сўми қадри эса барқарор тушиб бормоқда.
Аммо, Марказий банк учун оғир, мамлакатдаги хусусий банклар учун ўта рискли, оддий аҳоли ва бизнес учун ўта қимматга тушаётган бу монетар ислоҳотдан улкан фойда кўраётганлар бор ва булар яна - UZCARD ва Paynet тўлов тизимлари бўлмоқда.
Ҳукумат эса ё истаб, ё истамай уларга қулай имконият яратиш орқали ёрдам бермоқда.
Ҳукумат UZCARD тизимини қандай қўлламоқда?
Ўзбекистондаги қарийб барча POS-терминал ва банкоматлар UZCARD ёки Humo тизимларига уланган банк карталарини қабул қилади.
Мамлакатдаги пластик тўлов карталари билан ишлайдиган тизимлар 4 та: UZCARD ва Humo миллий карталари ҳамда Visa ва Mastercard халқаро карталарни қабул қилишга мослашган.
Айрим ҳолларда ко-бейдж карталар орқали ушбу тизимлар бир картада бирлаштирилиши мумкин, аммо бунда ҳам яна устунлик UZCARD ва Humo тизимларида қолади.
Жумладан, UZCARD савдо белгиси остида ишлаётган “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ - эквайринг фаолияти, электрон тўловларни қайта ишлайди, шунингдек банк ва бошқа тўлов ташкилотларига провайдерлик қилади.
Ўз расмий сайтида келтиришича, ҳозир бу тизимга 35 та тижорат банки, 33 та тўлов агрегатори бирлаштирилган. Тизим 24 миллиондан ортиқ пластик картага хизмат кўрсатиши, 18 мингдан ортиқ банкомат, 260 мингдан ортиқ POS терминал билан ишлашини билдиради.
Очиқ манбалар, хусусан iHamkor ахборот тизимида “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ Тошкент шаҳри, Шайхонтохур туманидаги манзилда 03.07.2006 йилда рўйхатга олинган, 22.01.2025 йилда қайта рўйхатга олинган, деб кўрсатилган.
Раҳбари MELIKIDZE DAVIT XXX, ташкилот улушининг 100 фоизлик эгаси эса “Акциядорлар”, устав капитали эса 50 000 000 000.00 ўзбек сўм, деб келтирилган.
2020 йилнинг май ойидаги расмий қайдларда “Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ, яъни UZCARD АЖнинг устав капиталидаги 75 фоиз улуш Ойбек Турсуновга ўтгани акс этганди.
Яъни, UZCARD тўлов тизими акцияларининг катта қисми яқин ўтмишгача расман Ойбек Турсуновга қарашли эди.
Ўзбекистонда йирик тадбиркорлардан бири саналган Ойбек Турсунов президентнинг катта куёви - Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи.
Қайта-қайта сотилган UZCARD
Ўшанда Ўзбекистондаги очиқ реестрларда Ойбек Турсунов билан бирга - UZCARD тўлов тизимининг қолган 25 фоизи “Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖга тегишли экани кўрсатилганди.
Аммо, 2020 йилнинг августида у таъсисчилар рўйхатидан чиқди ва 75 фоизлик улуш мамлакатдаги 5 та банк: Ўзбекистон миллий банкига 51 фоиз, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Ипотека банк” ва “Алоқабанк”ларига 6 фоиздан ўтказилди.
UZCARD ширкати аудитига оид Озодлик қўлга киритган ҳужжатларда, 2021 йил якунига келиб, бу 5 банк қаторида яна 4 та шахс - Мансур Пўлатович Усмонов, Камрон Анварович Акбаров, Тимур Махмуджанович Азадов ва Обид Алимжонович Агзамходжаевлар 6,25 фоизлик улуш билан қайд этилгани кўринади.
2022 йилнинг мартига келиб, “иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш” деган сабаб билан 5 банкнинг компаниядаги жами 75 фоизлик улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилгани расман маълум қилинди.
2022 йил октябрига келиб, ширкатнинг 4 таъсисчиси имтиёзли ҳуқуқлар асосида жами 210,1 миллиард сўмга баҳоланган 75 фоизлик улушни Давактивдан сотиб олгани расман эълон қилди.
2024 йилнинг 29 мартига келиб, UZCARD эгалари яна ўзгарди. 75 фоиз улуш IMC-Capital ширкатига ўтди, қолган 25 фоиз улуш эса 4 таъсисчидан бири ва UZCARD бош директорининг молиявий масалалар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Камрон Акбаровда қолди.
Эгалари яширин МЧЖ
IMC-Capital МЧЖ хорижий корхонаси, очиқ маълумотларга кўра, 31.08.2022 рўйхатга олинган, 26.07.2023 қайта рўйхатга олинган. Раҳбари “YUSUPOV AZIZ AZAMATOVICH”.
Унинг 100 фоизлик эгаси, сифатида Бирлашган Араб амирликларида рўйхатдан ўтган Berill Holding Company Limited ширкати кўрсатилади.
Dubai International Finance Centre - Дубай Халқаро Молия Маркази базасига кўра, ширкат 15.06.2023 санасида рўйхатга олинган, лицензия муддати 14.06.2027 санасигача. Директори ва котиби сифатида эса яна “YUSUPOV AZIZ” исми кўрсатилган. Бу ширкат улушининг ягона эгаси - Emerald Global Foundation жамғармаси, деб кўрсатилган.
7002 рақами билан рўйхатга олинган Emerald Global Foundation жамғармаси 6 июнь, 2023 йилда ташкил қилинган, лицензия муддати 5 июнь, 2027 йилда тугайди. Dubai International Finance Centre базасида унинг фаолияти, раҳбари ёки бенефициарларига оид маълумотлар келтирилмаган.
Бирлашган Араб амирликлари Иқтисодиёт ва туризм вазирлиги томонидан берилган лицензияда айни ном, айни рақам билан айни санада лицензия берилган Emerald Global Foundation жамғармаси фаолияти “Компьютер дастурий таъминоти соҳасида таълим ва ўқитиш”, деб кўрсатилган.
Ҳар икки реестр, шунингдек Интернетдаги бошқа манбаларда - Emerald Global Foundation ва Berill Holding Company Limited учун битта манзил кўрсатилган: Central Park Office Tower, 14-қават, 41-офис.
Яна бир қизиқ жиҳат:
UZCARD нинг 75 фоизини қўлга олган IMC-Capital 26.07.2023 йилда,
унинг улуши тўлиқ эгаси бўлган Berill Holding Company Limited эса қарийб 1 ярим ой олдин - 15.06.2023 йилда,
унинг улуши мутлақ эгаси бўлган Emerald Global Foundation эса 1 ҳафта олдин - 6.06.2023 да рўйхатдан ўтган.
Очиқ манбалардан кўринадики, очилганидан қарийб 9 ой ўтиб, бу уччовлон Ўзбекистондаги миллий тўлов тизими - UZCARDнинг 75 фоизини қўлга киритган.
Шундай қилиб, UZCARD тизимидан триллион сўмлаб даромад қилаётганлар изи очиқ манбаларда Дубайга олиб боради, аммо асл бенефициарлар кўздан панада.
Қолган 25 фоизлик улушга, Озодликдаги ҳужжатларга кўра, 2022 йилдан бери Камрон Анварович Акбаров эгалик қилади:
“Emerald Global Foundation ва Акбаров Камрон Анварович компаниянинг биргаликдаги якуний назорат қилувчи шахслари ҳисобланади”.
МЧЖ дан АЖ га айланган тўлов тизимлари
Ўзбекистон Марказий банки реестрига кўра, UZCARD 2024 йилнинг 4 майида Акциядорлик Жамияти сифатида лицензия олган.
Бунга Президентнинг 381-сонли қарори асос бўлган.
"Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва рақамли технологиялар орқали содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда билан нафақат UZCARD, балки бошқа йирик ширкатлар мақоми ҳам МЧЖ дан АЖга ўзгартириш мажбурияти белгиланган:
“а) 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларини фақат акциядорлик жамияти шаклида ташкил этиш;
б) устав капиталнинг энг кам миқдори 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари учун 50 млрд сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сўм ва 2025 йил 1 июлдан бошлаб 20 млрд сўм”.
Аммо, UZCARD сайтида эълон қилинган - 2026 йил 30 июнгача бўлган ярим йиллик молиявий ҳисоботида келтирилишича, акциядорлик жамиятига айланганидан кейин ҳам унинг 75 фоиз улуши IMC-Capital МЧЖ қўшма корхонаси, 25 фоизи эса Акбаров Камрон Анваровичда қолмоқда.
Шу тариқа, 2020 йилда 75 фоизи расман бизнесмен Ойбек Турсуновга тегишли бўлган UZCARD эгалари кейин 5 йил ичида қайта ва қайта ўтган ёпиқ савдолардан кейин ҳам - очиқ манбалардаги ҳужжатларга кўра - ўзгаришсиз қолмоқда.
Яъни, UZCARD асосий улушининг эгаси ҳануз IMC-Capital МЧЖ.
Бу МЧЖга эса, маҳаллий нашрларда берилган иддаоларга кўра, гўёки бизнесмен Ойбек Турсунов асос солган ва буни тасдиқловчи маълумотлар очиқ манблардан беркитилган.
Ишончли бошқарувга берилган миллий тизим
Жамият бош директори ваколатлари эса, 2024 йил ёзидан, UCMG ширкати ишончли бошқарувига берилди ва бошқарув Давид Меликидзе қўлига ўтди.
Давид Меликидзе - ФинТех, яъни молиявий технологиялар соҳасида танилган мутахассислардан бири.
“Нега мен UZCARD’ни танладим? Тўлов тизими сифатида у барча банкларга хизмат кўрсатади. Шу билан бирга, энг йирик активи UZCARD ҳисобланган бизнинг UCMG компаниялар гуруҳи бошқаруви остида яна 11 та компанияни бирлаштиради. Мен учун янги бўлган ушбу йўналиш айнан мен излаётган янги чақириқ ва имкониятга айланди”, дейди Меликидзе маҳаллий нашрлардан бирига берган интервьюсида.
Аммо, очиқ манбалардан кўринган натижа шуки, Меликидзе раҳбари бўлган UCMG ширкати ҳам бегона қўлларда эмас.
Унинг 75 фоизи яна ўша IMC-Capital МЧЖ, демакки Дубайда қайддан ўтган Emerald Global Foundation жамғармасида, қолган 25 фоизи эса 2022 йилдан бери ширкат ҳужжатларида номи қайд этилган Акбаров Камрон Анваровичда.
Расмий жавоблар
Озодлик бу маълумотларга изоҳ сўраб UZCARD акциядорлик жамияти ҳамда IMC-Capital МЧЖга мурожаат қилди.
IMC-Capital корхонаснинг очиқ манбаларда қайд этилган телефон рақамларига боғланишнинг имкони бўлмади. Ширкат электрон почтасига йўлланган мактубга жавоб келмади. Озодлик жавобни олиши билан уни тўлиқ эълон қилишга тайёр.
UZCARD АЖ вакили Озодлик саволларини қабул қилиб олди ва: “Сизни қизиқтираётган саволларнинг аксариятига жавоблар компаниянинг расмий веб-сайтидаги «Корпоратив ҳужжатлар» бўлимида очиқ жойлаштирилган”, деб жавоб берди.
Аммо, корпоратив ҳужжатларда UZCARD акциядорлик жамияти асосий акциядори бўлган IMC-Capital МЧЖ ҳамда унинг Дубайдаги эгалари ҳақида маълумот йўқ.
Озодлик акциядорлик жамияти вакилидан бу саволга аниқ жавоб беришни сўради. Якуний жавоб учун белгиланган муддат - 1 августгача расмий жавоб келмади ва Озодлик бу мавзудаги видеолавҳани Youtube тармоғидаги саҳифасида 6 август куни эълон қилди.
Янги таҳрир: Озодликнинг бу мавзудаги видеолавҳаси Youtube тармоғида 6 август куни эълон қилинди. Шундан сўнг UZCARD АЖ Озодликка жавоб йўллади.
Ўз жавобида UZCARD акциядорлари даромади ортиб кетгани ҳақидаги даъвони рад этади.
UZCARDнинг таъкидича, "тегишли давр мобайнида эркин пул оқими маҳаллий валюта ҳисобида атиги 11 фоизга ошган ва эркин пул оқими компаниянинг ўз фаолияти орқали дивиденд тўловларини молиялаштириш қобилиятини баҳолаш учун муносиб кўрсаткич ҳисобланади".
UZCARD, бу ташкилот истеъмолчилар ҳисобидан ҳаддан ташқари юқори фоизлар олади ва ортиқча фойда кўради, деган ҳар қандай фикрни ҳам рад этади. АЖнинг билдиришича, "Visa, Mastercard ва Humo каби бошқа тўлов тармоқлари қандай фаолият юритса, худди шундай тарзда ишлайди" ва фоиз тўловлари "бозор амалиётига мос".
Humo тизимида ҳам айни манзара
Иккинчи йирик онлайн тўлов тизими Humo - “Миллий банклараро процессинг маркази” ҳам мажбурий нақдсиз тўловга ўтиш арафасида тўлиқ хусусийлаштирилди.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2025 йил, 13 сентябрдаги баёнотига кўра, 65 млн. АҚШ доллари миқдоридаги энг юқори харид баҳосини таклиф қилган можароли машҳур “Paynet” АЖ Humo нинг эгаси бўлди.
Ҳозир мамлакат бўйлаб, 20 миллиондан ортиқ мижози бўлган Paynet АЖ – Озодликнинг бир неча журналистик суриштирувига қаҳрамон бўлган.
Uzpaynet МЧЖга 2005 йил охирида тадбиркор Ботир Орифжонов асос солган. Унинг Озодликка билдирган даъвосича, марҳум Ислом Каримов президентлиги даврида унинг катта қизи Гулнора Каримова ширкатни 80 минг долларга сотишга мажбур қилган.
Гулнора Каримова 2014 йилнинг февралда қатор иқтисодий жиноятларда айбланиб қўлга олинган, ундан мусодара қилинган 1.2 миллиард долларлик активлар орасида Paynet даги улуши ҳам кўрсатилгани айтилган, аммо расман очиқланмаган эди.
Очиқ реестр қайдларига кўра, 2021 йилнинг 28 ноябридан Paynet Ўзбекистон акциядорлик тижолрат халқ банки, 2023 йилнинг 14 июлидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган.
2023 йилга келиб эса, UZPAYNET МЧЖ ҳам ими-жимида New Industrial Technologies деган МЧЖга сотилди.
Очиқ қайдларга кўра, 2019 йил очилган New Industrial Technologies МЧЖ улушига асосан бир неча жисмоний шахс мутлақ эгалик қилган:
LIFITS VALERIA IGOREVNA - 100 фоиз - 10.11.2019,
TORAXODJAYEVA SHAMSIRUY ABDUMAJIDOVNA - 100 фоиз - 24.01.2023,
LEE ALEX - 100 фоиз - 07.02.2024,
LEE ALEX LEE - 100 фоиз - 14.02.2024,
LEE ALEX XXX - 60 фоиз - 01.07.2024,
ABDRAXMANOV MUSTAFA ORAZBAYEVICH - 100 фоиз - 08.07.2025
Охир-оқибатда, 2025 йилга келиб, New Industrial Technologies МЧЖ улушини тўлиқ қўлга киритган Мустафа Абдрахманов Asia Alliance Bank-нинг асосий акциядори бўлган Asia Alliance Group МЧЖнинг ҳам 77,6 % улуши эгаси, деб қайд этилган.
Ҳозирга келиб, Asia Alliance Bank ва Asia Alliance Group МЧЖга оид реестрдаги маълумотлар ҳам беркитилган.
Агар турли очиқ манбалардаги ҳужжатларга бир чеккадан қараб чиқилса, салкам 40 миллион аҳолиси бўлган Ўзбекистонда миллий тўлов тизимини тўлиқ қўлига олган - UZCARD ва Humo тизимларининг асл эгаларию, улар бевосита ёки билвосита боғланган офшор ширкатлари ҳақида яна маълумот топиш мумкин.
Аммо, айрим таҳлилчилар қайд этгани каби, янги топилмалар натижани ўзгармайди.
“Paynet устида рўй берган воқеалар эски режимдаги каби янги режимда ҳам мулк ҳуқуқи бўйича вазият заррача ўзгармаганини намоён этади. Ўзбекистон исталган бизнес исталган вақтда тор-мор қилиниб, ёпиқ келишувларда инъом этиладиган улкан хатарларга эга макон бўлиб қолмоқда”, дейди жумладан иқтисодчи Отабек Бакиров.
Халқаро экспертлар нима дейди?
Ўзбекистон каби давлатларда монопол ширкатлар ёки ҳукуматга алоқадор шахсларга тегишли бизнеслар фаолиятини суриштириб келаётган экспертлар UZCARD тизимининг сўнгги 5 йиллик фаолияти “кўп қўлланиладиган шубҳали молиявий схемага асосланган”, деб ҳисоблайди.
Бундайларга кўра, бунақа схемалар одатда бирор шаклда амалдаги ҳукуматга алоқадор зиддиятли бенефициарлар изини беркитиш учун кенг қўлланилади.
"Давлат раҳбарлари одатда ўз оила-аъзолари томонидан олинадиган даромадлар ёки амалга ошириладиган битимлар ҳақида оммавий муҳокамалар бўлиши ва кимдир бу ҳақда билишини унчалик истамайди. Шу боис, юқори лавозимдаги амалдорлар кўпинча анча мураккаб схемалардан фойдаланади. Айтайлик, активлар шундай тарзда тузиладики, излар бевосита уларнинг ўзига ёки оила-аъзоларига олиб бормайди. Бунинг учун номинал мулкдорлар, офшор занжирлар, криптовалюта, шунингдек мураккаб ва ёпиқ кўп юрисдикцияли корпоратив тузилмалардан фойдаланилади. Яъни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун бир ёки бир нечта давлат ҳудудида кузатиб бориш қийин бўлган жуда кўп юрисдикциялардан иборат тизимлар қўлланилади", дейди жумладан Transparency International Russia ташкилоти собиқ бош директори Иля Шуманов.
Айни пайтда, Шуманов мамлакатда аҳолининг асосий қисмига хизмат кўрсатаётган миллий тўлов тизими устидан назоратнинг хорижга ва айниқса, эгалари яширилган офшор ширкатларга бериб қўйилгани хавфсизликка хатар, деб огоҳлантиради:
"Муҳим молиявий инфратузилма устидан назоратни йўқотиш, бундай компаниялардаги улушларни қандайдир шаффоф бўлмаган офшор юрисдикцияларга ўтказиш - ҳар қандай сиёсий режим учун хавфсиз эмас. Жумладан, Ўзбекистондаги Мирзиёев бошқаруви учун ҳам. Шунинг учун мен коррупциявий хавфлар миллий хавфсизликка оид хатарлар билан устма-уст тушади, деб айтган бўлардим. Бу эса маълумотларни ошкор қилиш ҳамда ушбу тузилмаларни Ўзбекистонга қайтариш заруратини янада кучайтиради. Яъни, уларни ўзбек компаниялари юрисдикциясига ўтказиш лозим. Ва албатта, мулкдорлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш ҳам зарур, чунки бу маълумотлар жамоатчилик учун аҳамиятли ҳисобланади".
(Юқоридаги мақола UZCARD АЖ жавоби билан тўлдирилган)
Қуйида Озодлик 6 август куни эълон қилинган видеолавҳа билан тўлиқ танишишингиз мумкин: