Украина президенти Владимир Зеленский Россия осмони фуқаролик авиацияси учун тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳақида огоҳлантирганидан икки кун ўтиб, Ўзбекистон ва Москва ўртасидаги бир қатор рейслар узилишга учради: айрим самолётлар ортга қайтди ёки захира аэропортларига йўналтирилди, бошқа рейслар эса кечикди.
3 сентябрдаги ҳолат Россия аэропортларининг дрон хавфи туфайли вақтинча ёпилиши Ўзбекистон йўловчиларига ҳам бевосита ва дарҳол таъсир қилишини кўрсатди.
Москвага етиб бормаган дастлабки уч рейс
3 сентябрь куни Uzbekistan Airways’нинг Тошкентдан Москвадаги Домодедово аэропортига йўл олган HY603 рейси Россия ҳаво ҳудудидаги чекловлар сабаб ортга қайрилиб, Тошкентга қўнди. Бунинг ортидан Домодедоводан Тошкентга учиши керак бўлган HY604 рейси ҳам кечикди.
Uzbekistan Airways’нинг Термиздан Москвадаги Внуково аэропортига учаётган HY9609 рейси Санкт-Петербургдаги захира аэродромига йўналтирилди. Авиакомпания бу ҳолат Внуково–Андижон ва Андижон–Внуково рейслари жадвалига ҳам таъсир қилишини билдирди.
Бундан ташқари, Centrum Air’нинг Урганчдан Домодедовога йўл олган рейси Москвага қўна олмай, Қозон аэропортига бурилди. Бу ҳақда «Новости Ташкентского Неба» Telegram-канали хабар берди.
Фарғона, Андижон ва Қарши рейслари ҳам кечикди
Москва аэропортларидаги чекловлар Ўзбекистонга йўл олган Фарғона, Андижон ва Қарши рейслари жадвалига ҳам таъсир қилди.
Домодедоводан Қаршига учган Ural Airlines рейси уч ярим соат кечикди.
Бундан ташқари, Сочи–Тошкент рейси қарийб икки соатга қолдирилди. Тошкент, Бухоро, Урганч, Самарқанд ва Термиздан Москвага келаётган айрим самолётларнинг ҳам қўниш вақти ўзгарди.
Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги барча авиақатнов тўхтатилгани ёки Ўзбекистон авиакомпаниялари Россияга рейсларни оммавий бекор қилинмаган.
Ҳозиргача Россияга 27 та хорижий ва 43 та маҳаллий парвоз бекор қилингани хабар қилинди. Бу эса амалга оширилаётган юзлаб рейслар билан солиштирганда анча кам.
Ҳозирча авиакомпаниялар бу ўзгаришларни Зеленскийнинг баёноти билан эмас, Россия ҳаво ҳудуди ва Москва аэропортларида жорий этилган вақтинчалик чекловлар билан изоҳламоқда.
Ўзбекистоннинг 11 шаҳри Россия билан боғланган
Россияга парвозлардаги эҳтимолий кенг кўламли узилишлар Ўзбекистон учун айниқса хавотирли бўлиши мумкин. Чунки икки мамлакат ўртасидаги авиақатнов Россиянинг бошқа хорижий давлатлар билан ҳаво алоқаларига қараганда анча кенг.
Туркия, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг ўзи Россиядан амалга ошириладиган барча тўғридан-тўғри халқаро рейсларнинг ярмидан кўпини ташкил этади.
Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг 2025 йил июлидаги маълумотига кўра, икки мамлакат ўртасида барча шаҳарларни қўшиб ҳисоблаганда ҳафтасига 310 дан ортиқ мунтазам рейс бажарилган.
2026 йил август ойидаги амалдаги жадвалларга кўра, Ўзбекистоннинг 11 шаҳри яъни Жиззах ва Сирдарёдан ташқари барча вилоят марказлари Россия билан тўғридан-тўғри авиақатновга эга.
FlightConnections парвозлар базасига кўра, Ўзбекистондаги ушбу аэропортлар Россиянинг 25 та аэропорти билан тўғридан-тўғри боғланган.
Россия транспорт вазири Андрей Никитин маълумотига кўра, 2025 йилда Россия ва Ўзбекистон ўртасида самолётда икки миллионга яқин йўловчи ташилган. Икки йўналишни қўшиб ҳисоблаганда, бу ҳафтасига ўртача 38,5 минг йўловчи деганидир.
2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги авиайўловчилар сони 1,24 миллион бўлган. Демак, олти йил ичида бу кўрсаткич 60 фоиздан кўпроқ ошган.
Росавиация маълумотига кўра, 2026 йилги ёзги жадвалда Ўзбекистон Россия авиакомпаниялари учун йўналишлар сони бўйича энг йирик хорижий бозорга айланган. Россия авиакомпаниялари Ўзбекистонга 67 та йўналиш бўйича парвозларни режалаштирган. Бу Хитойга белгиланган 57 та ва Туркияга белгиланган 55 та йўналишдан ҳам кўп.
Россиянинг ташқи авиақатнови беш мамлакатга боғланган
Москва аэропортларининг тез-тез ёпилиши Россиянинг нафақат ички, балки Ўзбекистон, Туркия, Хитой ва Форс кўрфази давлатлари билан авиақатновига ҳам энг кўп таъсир қилиши мумкин. Россияда Москванинг халқаро парвозлардаги улуши 60 фоиздан зиёд.
Ўзбекистон учун бу меҳнат муҳожирлари, уларнинг оилалари, сайёҳлар ва авиакомпаниялар учун қўшимча хавфларни англатади. Узоқ давом этган узилишлар чипта нархлари, суғурта харажатлари ва рейслар жадвалига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Россия аэропортларида нима бўлди?
2 сентябрдан 3 сентябрга ўтар кечаси дронлар хавфи сабаб Москва авиация узелида яна вақтинчалик чекловлар жорий қилинди.
Шереметьево ва Внуково аэропортларида "Ковёр" (Гилам) режими 2 сентябрь куни Москва вақти билан тахминан соат 22:27 да ишга туширилди. Самолётларни қабул қилиш ва учириш вақтинча тўхтатилди. Кейинроқ чекловлар Домодедовога ҳам таъсир қилди.
3 сентябрь кечаси ва эрталаб Нижний Новгород, Ярославль, Геленжик, Сочи, Пенза ва Саратов аэропортларида ҳам парвозлар вақтинча чекланди.
Flightradar24 маълумотларига таянган Reuters хабарига кўра:
- Шереметьевода 21 рейс бекор қилинди ва 235 рейс кечикди;
- Внуковода 22 рейс бекор қилинди ва 94 рейс кечикди;
- Pegasus’нинг Внуковога келадиган олтита ва у ердан учадиган олтита рейси амалга оширилмади;
- Turkish Airlines ҳам бир неча Россия рейсини амалга оширмади. Flydubai вазиятни кузатаётганини, айрим рейслар кечикиши ёки бошқа аэропортларга йўналтирилиши мумкинлигини билдирди;
АҚШ ва Европа Иттифоқи авиакомпаниялари 2022 йилдан бери Россия осмонидан фойдаланмайди. Аммо Туркия, Хитой, Ўзбекистон, БАА ва бошқа Форс кўрфази давлатлари ташувчилари Россияга парвоз қилишда давом этмоқда.
3 сентябрь кундузига келиб Москвадаги Шереметьево, Внуково ва Домодедово аэропортлари яна самолётларни қабул қилиш ва учиришни бошлади. Аммо тунги чекловлар оқибатида кечикишлар кун давомида сақланиб қолди.
Россия расмийлари бундай чораларни фуқаролик самолётлари хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган вақтинчалик чекловлар деб изоҳламоқда. Росавиация чекловлар ҳақидаги хабарларида, одатда, Украина дронларини тўғридан-тўғри тилга олмайди ва «парвозлар хавфсизлигини таъминлаш» деган иборани ишлатади.
Россия мудофаа тизими Москвага яқинлашаётган ўттиздан ортиқ дронни уриб туширганини билдирди.
Зеленский нима деди?
Владимир Зеленский 1 сентябрдаги видеомурожаатида Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган авиакомпаниялар, суғурта компаниялари, хорижий ҳукуматлар ва дипломатларга мурожаат қилди.
Зеленский Украина фуқаролик самолётларини нишонга олмаслигини таъкидлади. Бироқ унинг айтишича, Россия Украина шаҳарларига ракета ва дрон ҳужумларини давом эттирар экан, Украина ҳам Россия ичкарисидаги нишонларга узоқ масофали дрон зарбаларини кенгайтиради.
У авиакомпанияларни, айниқса, Москва ва Санкт-Петербург аэропортларига парвоз қилишда хавфни ҳисобга олишга чақирди.
"Бугун биз Россия осмонидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпанияни, ҳар бир суғуртачини ва Россиянинг асосий аэропортларидан ҳали ҳам фойдаланаётганларни огоҳлантирмоқчимиз: Россия осмони бутунлай хавфли бўлиб бормоқда", деди Зеленский.
Унинг айтишича, гап фуқаролик самолётларига таҳдид солиш ҳақида эмас, балки Россия осмонида дронлар шундай кўламда пайдо бўладики, авиакомпаниялар буни ҳисобга олишга мажбур бўлади.
Зеленский Россия расмийларини йўловчилар учун хавфнинг ҳақиқий кўламини яширишда айблади ва Киев ҳамда Москвада ишлаётган хорижий дипломатларни бу маълумотни ўз ҳукуматлари ва авиакомпанияларига етказишга чақирди.
"Биз Украинада бегуноҳ одамлар ҳалок бўлишини истамаймиз. Шунинг учун ҳамкорларимизни огоҳлантирамиз: Россия осмонида хавфсиз жой қолмади", деди Украина президенти.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа идоралар эҳтимолий фожиаларнинг олдини олиш учун Россия осмонидаги хавфлар ҳақидаги маълумотларни халқаро ташкилотларга тақдим этади.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Киев Россия ҳаво ҳудуди хавфсиз эмаслиги ҳақида Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти — ICAO’ни расман хабардор қилганини билдирди.
Украина ICAO’дан аъзо давлатларга Россия осмонидаги фуқаролик парвозларини тўлиқ тақиқлашни тавсия қилишни ҳам сўради.
Путин: "Бу давлат терроризмига даъво"
Россия президенти Владимир Путин Зеленскийнинг огоҳлантиришини "давлат терроризмига даъво" деб атади.
"Агар бундай фожиалар юз берса, биз қандай жавоб беришни топамиз», деди Путин. У «террорчилар билан музокара олиб борилмайди", дея қўшимча қилди.
Украина президенти Киев фуқаролик самолётларини нишонга олмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Россияда айрим аэропортлар, Украинада эса барчаси тўрт йилдан бери ёпиқ
Россиянинг асосий қисмида фуқаролик авиацияси уруш давомида ишлашда давом этди. Аммо Украинага яқин жанубий ва марказий ҳудудлардаги саккизта аэропорт 2022 йил февралидан бери мунтазам йўловчи рейсларини қабул қилмайди.
Россия 2022 йил 24 февралда Украинага кенг кўламли босқин бошлаганидан бери Украина ҳаво ҳудуди мунтазам фуқаролик парвозлари учун тўлиқ ёпиқ.
Украина авиакомпаниялари эса мамлакат ташқарисида ишлашда давом этмоқда.
Украина Россиядаги вазиятни ўз осмонидаги ҳолатга ўхшата оладими?
Бу ҳозирги вазиятдаги асосий савол бўлиб қолмоқда.
Россия ҳудуди анча катта ва унинг кўплаб аэропортлари Украина дронларининг асосий ҳаракат доирасидан узоқда жойлашган.
Кейинги вазият дрон ҳужумларининг кўлами ва такрорланишига, Россия ҳаво мудофаасининг уларни қай даражада тўхтата олишига, шунингдек, авиакомпаниялар, суғуртачилар ва давлат авиация регуляторларининг хавфни қандай баҳолашига боғлиқ бўлади.
Аммо украиналик экспертлар Россия ҳаво ҳудудини қарийб ёпиш даражасигача етказишни реалистик вазифа деб ҳисобламоқда.
Ҳарбий авиация, ҳаво ҳужумидан мудофаа, ракета ва дрон технологиялари бўйича украиналик эксперт, тарих фанлари номзоди Валерий Романенконинг фикрича, бугунга келиб Украинанинг имкониятлари анча катта.
"Бир вақтда мингтагача дрон учириш имкониятимиз бор"
"Чунки биз, умуман олганда, кўплаб дронлар ишлаб чиқаряпмиз ва ҳозир уларнинг аксарияти автоном тарзда ишлайди. Унга вазифа берилади, у нишонни ўзи қидириб топиб, унга зарба беради. Россия томон бир вақтда мингтагача дрон учириш имкониятимиз бор.
Нишонларимиз Россия ҳаво ҳаракатини бошқариш инфратузилмаси — диспетчерлик пунктлари, аэропортлардаги автоматлаштирилган қўниш тизимлари ва ҳаво ҳаракатини бошқарувчи радиолокация тизимлари бўлади. Шунингдек, аэродромлардаги ёнилғи омборлари, самолётларни таъмирлашга хизмат қилувчи ёрдамчи цехлар ва йирик авиация хабларига хизмат кўрсатувчи бошқа инфратузилма объектлари нишонга олиниши мумкин.
Демак, вазифа дронларимиз етиб бора оладиган ҳудудларда Россия фуқаролик авиацияси фаолиятини издан чиқаришдан иборат. Асосий мақсадлардан бири — хавф туфайли хорижий авиакомпанияларни Россияга парвоз қилишдан воз кечишга мажбур қилиш.
Ҳар бир самолёт ва ҳар бир йўловчи суғурталанган. Агар Россия томони муайян аэропортда хавфсизликни кафолатлай олмаса, ҳеч бир суғурта компанияси у ерга парвоз қилишга рухсат бермайди.
Мақсад — Россия жамиятининг таъминланган қатламини Москва ва Санкт-Петербургдан ҳаво транспортидан фойдаланиш имкони йўқоладиган шароитга тушириш.
Ҳозир гап шунчаки вақтинчалик узилиш ҳақида эмас, балки аэропортларни кечаю кундуз — 24 соат давомида тўсиб қўйиш ҳақида кетяпти. Яъни уларни фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтириш назарда тутиляпти", деди Валерий Романенко.