Ўзбекистон PISA 2025 халқаро баҳолаш дастурида табиий фанлар бўйича кескин ўсиш қайд этди ва 83 бал билан Қозоғистонни ортда қолдирди.
Бироқ OECD га кўра, ўзбекистонлик болаларининг математика ва ўқиш саводхонлиги бўйича имтихон натижаларида “бир қатор номувофиқликлар” аниқлаган. Шу сабаб Ўзбекистоннинг бу икки йўналишдаги натижалари халқаро рейтинга қўшилмади.
PISA - Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан ўтказиладиган 15 ёшли ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳоловчи йирик халқаро тадқиқот саналади.
Ўзбекистон болалари табиий фанлар бўйича 438 балл тўплади. Бу 2022 йилга нисбатан йигирма фоиздан ортиқ ўсиш демакдир.Бу натижа Ўзбекистонни Марказий Осиёда биринчи ўринга олиб чиқди.
Қозоғистон 420, Қирғизистон 363 балл тўплади. Тожикистон тўлиқ мамлакат сифатида эмас, Душанбе шаҳри билан иштирок этди ва 334 балл олди. Туркманистон баҳолашда қатнашмади.
OECD жадвалида табиий фанлар натижалари бўйича Ўзбекистон 48-ўринга қўйилди. Бу натижа Ўзбекистонни Чили, Исроил, Исландия, Бруней, Маврикий, Черногория, Албания, Қатар, Греция ва Таиланд каби давлатлар билан деярли бир қаторга қўйди.
PISA нима ва нега муҳим?
PISA — Programme for International Student Assessment, яъни Ўқувчиларни халқаро баҳолаш дастури давлатлар таълим тизимларини таққослаш ва ривожланишини кузатиш учун муҳим халқаро кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
PISA 2025’да Ўзбекистондан 233 мактабдаги 8652 нафар ўқувчи қатнашган.
Синов учун оддий умумтаълим мактаблари ҳамда президент ва ихтисослаштирилган мактаблар, хусусий мактаблар ва айрим бошқа таълим муассасалари танланган.
Имтиҳонда Тошкент шаҳридан — 52 та, Самарқанд вилоятидан 23, Наманган ва Фарғонадан 21 тадан, Қашқадарёдан 20, Андижондан 19 та мактаб қатнашган.
PISA асосий синовлари 2025 йил май ойида ўтказилган. Ўқувчилар компьютерда тест топширган ва қўшимча сўровномаларни тўлдирган.
Икки йўналиш муаммоси
OECD Ўзбекистон ўқувчиларининг ўқиш саводхонлиги ва математика бўйича жавоб маълумотларида “бир қатор номувофиқликлар” аниқланганини билдирди.
Ташкилотга кўра, бу номувофиқликлар натижаларни бошқа мамлакатлар билан ҳам, Ўзбекистоннинг аввалги натижалари билан ҳам ишончли таққослаш имконини бермаган.
OECD ҳисоботида номувофиқликлар айнан нимадан иборат экани очиқланмаган.
Ўзбекистон PISA 2025 олдидан баҳолашга кенг тайёргарлик кўргани хабар қилинган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига кўра, мактабларни тадқиқот жараёнларида камида 300 Мбит/с интернет билан таъминлаш, PISA 2025 тадқиқоти фан йўналишлари бўйича педагоглар учун тренинглар ҳамда ўқувчилар ўртасида интеллектуал ўйинларни тизимли ташкил этиш бўйича мутасаддиларга керакли кўрсатмалар берилган.
Бундай тайёргарликнинг ўзи PISA қоидаларига зид эмас. Компьютерда ўтказиладиган халқаро синов учун интернет, компьютерлар ва техник шароитларни таъминлаш зарур.
PISA услубидаги масалалар билан таништириш ҳам таълим ислоҳотининг бир қисми бўлиши мумкин.
PISA техник стандартларига кўра, синовда қатнашадиган ўқувчиларга айнан PISA натижасини ошириш мақсадида махсус тренинглар, машқ тестлари ёки тест топшириқларини қайта-қайта ишлаш каби тайёргарлик ўтказиш мумкин эмас.
Ҳозирги OECD ҳисоботида Ўзбекистон табиий фанлар натижаси PISA қоидаларини бузган ҳолда олингани ҳақида маълумот йўқ.
PISA 2025 натижалари Ўзбекистон таълим тизимида катта ижобий ўзгариш бўлганини кўрсатиши мумкин. Аммо 83 баллик фавқулодда катта сакраш, PISA олдидан олиб борилган махсус тайёргарлик ва айни вақтда икки фан бўйича OECD аниқлаган номувофиқликлар баъзи саволларни ўртага чиқаради.
2022 йилда вазият қандай эди?
Ўзбекистон PISA’да биринчи марта 2022 йилда қатнашган. PISA’нинг аввалги синови Ўзбекистон таълим тизими учун анча оғир манзарани кўрсатган эди.
OECD маълумотларига кўра, 15 ёшли ўзбекистонлик ўқувчилар табиий фанлардан ўртача 355 балл олган. Ўқувчиларнинг атиги 19 фоизи табиий фанлар бўйича минимал — 2-даражага ета олган, 81 фоиздан ортиғи эса бу чегарадан пастда қолган. Юқори — 5 ёки 6-даражага чиққан ўқувчилар деярли бўлмаган.
Натижалар эълон қилинганидан сўнг, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам таълим сифати танқидий баҳоланган. 2024 йилда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари давлатнинг умумий ўрта таълимга харажатлари 2019 йилдаги 17,1 триллион сўмдан 2023 йилда қарийб 37 триллион сўмга етганига қарамай, таълим сифати пастлигича қолаётганини ёзган.
Институт таҳлилида мактабларнинг қарийб 16 фоизи капитал таъмирга муҳтож, 28,4 фоизи интернетга уланмагани, компьютерлар етишмаслиги, айрим фанлар бўйича ўқитувчилар танқислиги ва педагоглар малакаси билан боғлиқ муаммолар қайд этилган.
МҲТИ маълумотига кўра, 2022 йилда 294,1 минг нафар ўқитувчи аттестациядан ўтказилган ва уларнинг 7 фоизи — 20,3 минг нафари — ўқитувчилик лавозимига лойиқ эмас деб топилган.
Бу таҳлилда PISA маълумотларига таяниб, Ўзбекистондаги ўқувчиларнинг 25 фоизи математика дарсларининг аксариятида ёки барчасида ўқувчилар ўқитувчининг гапини тингламаслигини билдиргани ҳам келтирилган. OECD’нинг PISA 2022 бўйича Ўзбекистон ҳисоботида ҳам бу кўрсаткич 25 фоиз, OECD давлатларида ўртача 30 фоиз деб кўрсатилган.
Орадан уч йил ўтиб, манзара кескин ўзгардими?
2022 йилда қайд этилган таълим сифати, ўқитувчилар малакаси ва мактаблар инфратузилмаси билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг атиги уч йил ичида қай даражада бартараф этилгани очиқ савол бўлиб қолмоқда.