ANORBANK акциядори Олимов қидирувга берилгани ҳақидаги хабарлардан ўзини четга олди

Анорбанк акцияларининг эгаси¸ кузатув кенгаши аъзоси Қаҳрамонжон Олимов.

ANORBANK ўз акциядори Қаҳрамонжон Олимов Ўзбекистонда сиртдан ҳибсга олингани ва халқаро қидирувга берилгани иддао қилинган хабарлар банкнинг капитали, бошқаруви ва операцион фаолиятига алоқадор эмаслигини билдирди. Марказий банк ҳам ANORBANK штат режимида ишлаётгани ва белгиланган молиявий нормативларга риоя қилаётганини маълум қилди. Олимовга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида ҳозирча Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг расмий тасдиғи йўқ.

ANORBANK 21 сентябрда тарқатган баёнотида турли манбалар ва ижтимоий тармоқларда банк акциядорларидан бири ҳақида тарқалаётган хабарларни "унинг шахсий масалалари" деб атади.

"Ушбу масалаларни Банк фаолияти билан аралаштириш нотўғри ва йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатдир", дейилади баёнотда.

Банкнинг билдиришича, мазкур масала бўйича унга ҳеч қандай расмий тасдиқ ёки сўров келиб тушмаган. ANORBANK мижозларга хизмат кўрсатиш, банк операциялари ҳамда мижозлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлар одатдаги тартибда бажарилаётганини таъкидлади.

Бу баёнот The Insider нашри 18 сентябрда Қаҳрамонжон Олимов Ўзбекистонда одам ўғирлашни ташкил этишда айбланаётгани, сиртдан ҳибсга олингани ва халқаро қидирувга берилгани ҳақида хабар берганидан сўнг эълон қилинди.

Нашр бу маълумотни Олимовнинг атрофига яқин, исми очиқланмаган манбага таяниб келтирган. The Insider ҳам Ўзбекистон расмий идоралари бу иш ҳақида ҳеч қандай ахборот эълон қилмаганини қайд этган.

Олимов ёки унинг вакиллари хабарларга очиқ муносабат билдиргани маълум эмас. Унга нисбатан айблов қўйилгани, қамоқ чораси белгилангани ёки қидирув эълон қилинганини мустақил равишда тасдиқлаш имкони бўлмади.

Марказий банк: молиявий кўрсаткичлар нормативларга мос

Ўзбекистон Марказий банки ҳам ANORBANK одатдаги тартибда ишлаётганини маълум қилди.

Регуляторга кўра, 1 сентябрь ҳолатида ANORBANK активлари 21,4 триллион сўм, мажбуриятлари эса 19,8 триллион сўмни ташкил қилган. Юқори ликвидли активлар банк жами активларининг 16,9 фоизига тенг бўлган — Марказий банк белгилаган минимал талаб 10 фоизни ташкил қилади.

Ликвидлиликни қоплаш коэффициенти 116 фоиз, соф барқарор молиялаштириш коэффициенти 128 фоиз бўлган. Ҳар икки кўрсаткич учун минимал талаб 100 фоиз қилиб белгиланган. Регулятив капиталнинг етарлилик коэффициенти эса 12 фоизлик минимал нормативга қарши 13 фоизни ташкил этган.

Марказий банк алоҳида акциядор билан боғлиқ вазият банкнинг кундалик фаолияти ва молиявий барқарорлигини бевосита белгиламаслигини билдирди.

Олимов банкдаги энг йирик тўғридан-тўғри акциядор бўлиб қолмоқда

ANORBANK баёнотида акциядорнинг шахсий масалалари банк капитали ёки бошқарувига алоқадор эмаслиги айтилган. Бироқ корпоратив маълумотларга кўра, Олимов банкнинг йирик акциядори ва кузатув кенгаши аъзоси бўлиб қолмоқда.

2025 йил декабрида унинг ANORBANKдаги тўғридан-тўғри улуши 99,38 фоиздан 49,38 фоизга тушган. Ўша пайтда 400 миллион дона акция Нидерландияда рўйхатдан ўтган Bekamin B.V. компаниясига биржадан ташқари битим орқали ўтган.
Bekamin B.V. компанияси Қаҳрамонжон Олимов билан бевосита боғлиқ. Нидерландия Савдо палатаси маълумотларига асосланган Company.info реестрида “Olimov, K.” компания 2019 йилда ташкил этилганидан буён у "management" яъни раҳбарият сифатида кўрсатилган. Bekamin B.V. Олимов илгари назорат қилган Stone City Energy компаниялари билан Роттердамдаги айнан бир манзилда рўйхатдан ўтган.

Шундай қилиб, Нидерландия реестридан олинган маълумотларга кўра, Олимов ўзининг 400 миллион дона ANORBANK акциясини “Olimov, K.” раҳбар сифатида кўрсатилган Нидерландия компаниясига ўтказган. Бу маълумот Олимов банк устидан амалдаги назоратни сақлаб қолган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

ANORBANKнинг кейинги расмий маълумотига кўра, Қаҳрамонжон Олимовга 445,1 миллион дона акция ёки банк устав капиталининг 52,3647 фоизи тегишли. У банкнинг ягона жисмоний шахс акциядори ва энг йирик тўғридан-тўғри акциядори бўлиб қолмоқда.

  • Қаҳрамонжон Олимов — 445,1 миллион акция, 52,3647%;
  • Bekamin B.V. — 400 миллион акция, 47,0588%;
  • бошқа акциядорлар — тахминан 4,9 миллион акция, 0,5765%.


Раҳимов билан кўп йиллик молиявий низо

The Insider манбаси иддаосича, Олимовга нисбатан иш унинг собиқ иш берувчиси ва бизнес ҳамкори Ботир Раҳимов билан кўп йиллик молиявий низога боғлиқ.

Олимов 2011 йилдан "Капиталбанк" бошқаруви раиси бўлиб ишлаган ва кейинчалик банк акцияларининг 36 фоиздан ортиқ қисмига эгалик қилган. "Капиталбанк"нинг асосчиларидан бири Ботир Раҳимов Ўзбекистондан чиқиб кетганидан кейин унинг айрим бизнес активлари Олимов бошқарувига ўтган.

The Insider ёзишича, Раҳимов кейинчалик активлар ўта номувофиқ шартларда Олимов назоратига ўтказилганини даъво қилиб, ундан 200 миллион доллардан ортиқ компенсация талаб қилган. Бу даъволар суд қарорлари ёки бошқа очиқ расмий ҳужжатлар билан тасдиқлангани маълум эмас.

Нашр манбасининг иддаосича, Олимов 2025 йилда Францияда ўзининг ўғирланишини саҳналаштириб, жиноят ортида Раҳимов тургани ҳақида тасаввур уйғотмоқчи бўлган. Кейин эса у Ўзбекистон куч ишлатар идоралари ёрдамида Раҳимовнинг ўғирланишини ташкил этиб, уни молиявий талабларидан воз кечишга мажбурлашга уринган.

Бу иддаолар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан очиқ тасдиқланган эмас. Раҳимов ҳам мазкур янги хабарларга расман муносабат билдиргани маълум эмас.

Париждаги воқеа бўйича қарама-қарши талқинлар

2025 йил июлида Франциянинг Le Monde газетаси Олимовнинг кўрсатмаларига таяниб, у 23 июнь куни Париж марказида ўғирлангани ҳақида хабар берган.

Олимовнинг талқинига кўра, уни аввал Париж ташқарисига, кейин Ницца яқинидаги виллага олиб боришган, калтаклашган ва 10 миллион доллар талаб қилишган. У 5 миллион долларлик тилхат ёзиб беришга ва Тошкентдаги воситачига 200 минг доллар етказишга рози бўлганидан кейин қўйиб юборилганини айтган.

Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари одам ўғирлаш бўйича тергов бошлаган ва гумонланувчилардан бирини қамоққа олгани хабар қилинган.

Бироқ The Insider ва Франциянинг L’Express нашри 2025 йил ноябрида эълон қилган қўшма суриштирувда Олимовнинг версиясидаги қатор зиддиятларга эътибор қаратган.

Нашрларга кўра, Олимов гўё ушлаб турилган вилла унинг яқин ҳамкорларидан бирининг ҳужжатлари ёрдамида ижарага олинган. Озод қилинганидан сўнг унинг Парижга қайтиш чиптасини у ўғирловчилардан бири деб кўрсатган шахсга алоқадор ҳайдовчи тўлаган. Олимов полицияга мурожаат қилганидан кейин ҳам шу шахс билан дўстона оҳангда ёзишгани айтилган.

Олимов ўша пайтда Le Mondeга ўзини ҳақиқатан ўғирлашгани ва ундан пул талаб қилинганини билдирган. The Insider ва L’Express келтирган зиддиятлар Франция суди томонидан воқеа саҳналаштирилганининг исботи сифатида эътироф этилгани ҳақида маълумот йўқ.

Сурхондарёдаги энергетика лойиҳаси

Олимов ANORBANKдан ташқари Сурхондарё вилоятида қиймати тахминан 1,2 миллиард долларлик буғ-газ электр станцияси лойиҳасига алоқадор компанияларда ҳам иқтисодий манфаатларга эга.

Лойиҳа дастлаб Нидерландияда рўйхатдан ўтган Stone City Energy B.V. орқали ишлаб чиқилган. The Insider келтирган Нидерландия корпоратив маълумотларига кўра, Олимов компания ташкил этилган 2019 йилдан 2024 йил мартигача унинг ягона якуний бенефициари бўлган. Кейинги қайта тузишдан сўнг у QuWatt B.V. орқали лойиҳадаги иштирокини сақлаб қолгани айтилмоқда.

QuWatt B.V. Франциянинг EDF компанияси, Siemens Energy ва Қатарнинг Nebras Power компанияси билан бирга Ўзбекистондаги SCE-Quvvat лойиҳа компанияси эгалари қаторида кўрсатилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 июлда лойиҳа учун жой нотўғри танлангани ва станцияга газ етказиш учун қўшимча 300 миллион доллар сарфлаш талаб этилишини танқид қилди. У инвестор билан тузилган келишув шартлари етарлича ўрганилмагани қўшимча харажатларга олиб келиши мумкинлигини айтди.

Ўша йиғилишда Мирзиёев энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовни соҳадаги "жиддий камчиликлар" учун лавозимидан озод қилди. Орадан икки кун ўтиб у ҳибсга олинди. Озодлик ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир-биридан мустақил манбаларига таяниб, собиқ вазир мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва ўзлаштиришда гумонланаётганини хабар қилган. Ўзбекистон расмийлари унинг ҳибси ва унга қўйилган айбловларни ҳануз очиқ тасдиқлагани йўқ.

Бир-биридан мустақил манбалар Озодликка Қаҳрамонжон Олимов ва Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида қудачилик ришталари борлигини билдирди. Ўзбекистонда никоҳ ва туғилиш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ФҲДЁ реестри жамоатчилик учун очиқ эмас.

Олимов, ANORBANK ёки энергетика лойиҳасига алоқадор компаниялар Мирзамаҳмудовга нисбатан тергов доирасида текширилаётгани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ.

ANORBANK эса акциядорга оид хабарлар банкнинг молиявий ва операцион ҳолатига таъсир қилмаётганини таъкидлар экан, жамоатчиликни аноним манбалар тарқатаётган маълумотларга танқидий ёндашишга ва расмий тасдиқланган ахборотларга таянишга чақирди.