Марко Рубио 100 дан ортиқ АҚШ компанияси вакиллари билан Ўзбекистонга боради

USA-TRUMP/

АҚШ давлат котиби Марко Рубио октябрь ойи ўрталарида Ўзбекистонга ташриф буюриб, 100 дан ортиқ Америка компанияси вакилларидан иборат бизнес делегациясига бошчилик қилади. Бу ҳақда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор маълум қилди.

Рубионинг Самарқандга ташрифи унинг давлат котиби сифатида Марказий Осиёга илк сафари бўлади. У 2025 йилда 2026 йил давомида минтақадаги беш давлатга ташриф буюриш ниятини билдирган эди.

Сержио Гор Рубионинг октябрдаги Самарқанд сафари доирасида келадиган 100 дан ортиқ Америка компанияси вакилларидан иборат делегацияни "тарихий" деб атади.

Унинг айтишича, ташрифдан мақсад АҚШ ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантириш ҳамда дипломатик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.

Ташриф доирасида Рубио Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари билан C5+1 форматидаги вазирлар учрашувида иштирок этади.

Сержио Горга кўра, музокараларда минтақавий иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш ва C5+1 доирасида умумий минтақавий масалалар бўйича ҳамкорликда ечимлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилади.

Рубио, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти ва минтақа давлатлари вакиллари билан савдо ҳажмини ошириш, хусусий инвестицияларни рағбатлантириш ва Марказий Осиё иқтисодиётини модернизация қилиш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ташриф Вашингтон Марказий Осиё билан иқтисодий ҳамкорликни, хусусан, муҳим минераллар, энергетика ва инвестициялар соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

2025 йил ноябрида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтонда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарларини C5+1 саммитида қабул қилган. Мирзиёев Трамп билан Оқ уйда алоҳида музокара ҳам ўтказган.

Рубио давлат котиби сифатида ҳали Ўзбекистонга ташриф буюрмаган, бироқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан бир неча бор мулоқот қилган.

Уларнинг илк телефон мулоқоти 2025 йил февралида бўлиб ўтган. АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Рубио АҚШнинг Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Томонлар C5+1 формати, терроризмга қарши кураш, ноқонуний миграция, муҳим минераллар ва фуқаролик атом энергетикаси соҳаларига Америка инвестицияларини жалб қилиш имкониятларини муҳокама қилган.

2025 йил 9 апрель куни Рубио ва Саидов Вашингтонда юзма-юз учрашган. Музокараларда АҚШ-Ўзбекистон стратегик шериклигини мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган.

АҚШ Давлат департаменти ўша пайтда Рубио Ўзбекистоннинг ИШИДга қарши халқаро коалицияга қўшилиш қарорини олқишлагани ва АҚШдан депортация қилинган Ўзбекистон фуқароларини қабул қилишдаги ҳамкорлик учун Тошкентга миннатдорлик билдирганини маълум қилган.

Томонлар муҳим минераллар ва замонавий фуқаролик атом технологияларига АҚШ инвестицияларини жалб қилиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.

АҚШ-Ўзбекистон муносабатларидаги мулоқот 2025 йил ноябрида Мирзиёевнинг Вашингтонга C5+1 саммити учун ташрифи чоғида яна фаоллашган. Ўзбекистон президенти Трамп билан музокаралардан ташқари, АҚШ расмийлари, конгрессменлар, молиявий институтлар ва йирик Америка компаниялари вакиллари билан учрашган.

Ташрифдан сўнг Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида савдо ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида АҚШ-Ўзбекистон Бизнес ва инвестиция кенгаши ташкил этилган.

Рубио 2025 йил ноябрида Марказий Осиёнинг беш давлатига 2026 йилда ташриф буюриш ниятини маълум қилган эди. Вашингтон уран, нодир ер элементлари ва бошқа муҳим минералларга бой, Россия ва Хитой билан узоқ йиллик иқтисодий ва сиёсий алоқаларга эга Марказий Осиё билан муносабатларни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.