Собиқ ДХХ раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизовга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақидаги илк хабарлар қарийб икки ой олдин пайдо бўлган эди.
Бу борадаги баъзи тафсилотларни Озодлик ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин манбаълардан ҳам олди.
Бироқ расмийлар ҳозиргача иш юзасидан расмий изоҳ бермади.
Манбалар Азизов ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш ва коррупция каби бир нечта жиноий эпизод бўйича гумон қилинаётганини айтмоқда.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматига беш йилдан кўпроқ раҳбарлик қилган Абдусалом Азизов 2024 йил ноябрида лавозимидан олинганидан сўнг Президент администрациясида ишлаётган эди.
66 яшар Абдусалом Абдумавлонович Азизов Ўзбекистон Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимидан қачон озод этилгани номаълум.
Одатда Президент администрациясидаги юқори лавозимларга тайинлов ва улардан озод этиш ҳақида расмий хабар берилади. Азизовнинг кейинги тақдири бўйича эса очиқ расмий маълумот йўқ.
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Азизов жорий йил август ойи ўрталарида ишдан олинган ва ўша куни ҳибсга олинган.
Манбанинг таъкидлашича, Азизов ҳибсда икки-уч кун бўлганидан сўнг, Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича суди унга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида ажрим чиқарган. Шундан сўнг у уй қамоғига ўтказилган.
«Мендаги маълумотларга кўра, Азизов Президент администрациясига дахлсизлик мақоми берилганидан 1–2 кун аввал ишдан олинган. Президентимиз 14 август куни Администрацияга иммунитет берадиган қонунни имзолаган эди. Демак, Азизов 12 ёки 13 августда ишдан олинган. Ишдан олинган куниёқ уни ҳибсга олишган. Кейин унга 15 ёки 16 август куни суд уни под залог уй қамоғига чиқариш учун санкция берган», дейди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.
Озодлик жиноий иш борасида хабардор, бир-биридан мустақил тўрт нафар манба билан суҳбатлашди. Манбаларга кўра, терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бормоқда.
Манбалар маълумотига қараганда, Азизов Жиноят кодексининг 205-моддаси — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш каби бир нечта моддаси бўйича гумонланмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, жиноий иш доирасида бир-бирига боғлиқ бўлмаган бир нечта эпизод тергов қилинмоқда.
«Азизов ДХХдаги жамғарма фонди маблағларининг талон-торож бўлиши ишида фигурантлардан бири. Шунингдек, унинг иш материалларида Тошкент шаҳридаги ерларни сотиш бўйича ҳам иддаолар бор», дейди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.
Азизовга қўйилаётган айбловлар ва жиноий иш доирасидаги эпизодлар ҳақида мустақил журналист Исмат Ҳушев ҳам ўз маълумотларини билдирди.
Хушев ўз чиқишларида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг юқори лавозимли ходимлари орасида манбалари борлигини айтади.
BBC радиосига берган интервьюсида у Азизовнинг ДХХда ишлаган давридаги фаолияти билан боғлиқ айрим даъволарни тилга олди:
“ДХХ ўзининг вазифаси билан шуғулланиш билан бирга Каримов давридаги кузатишлар ва лўттибозликларни қилгани учун Абдусалом Азизов ўз вазифасидан озод қилинди ва ҳозир терговда. Уни ҳам мен айтай, агар билсангиз-билмасангиз. Абдусалом Азизовнинг ўринбосари бўлиб ишлаган бошқа бир-иккита мулозимлар ҳам терговда.”
Бироқ Ҳушев ушбу интервьюсида Азизовга очилган жиноий ишнинг бошқа тафсилотларини очиқламади.
Озодлик Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шарофиддиновга Telegram орқали мурожаат қилиб, Азизовга нисбатан тергов, жиноят ишидаги эпизодлар ва унга қўлланган эҳтиёт чораси ҳақида расмий изоҳ сўради. Материал эфирга кетгунига қадар Бош прокуратурадан жавоб олмадик.
Асли тошкентлик Абдусалом Азизов карьерасини ички ишлар тизимида бошлаган. У 1980-йиллардан бошлаб қарийб 20 йил давомида ички ишлар тизимида турли лавозимларда ишлаб, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи лавозимигача кўтарилган.
2002–2006 йилларда «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясига, 2006–2008 йилларда эса «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик жамиятига раҳбарлик қилган. Кейинчалик ички ишлар тизимига қайтган.
Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг, 2017 йил январда Азизов ички ишлар вазири этиб тайинланган. Шу йил сентябрда эса Мудофаа вазири лавозимига ўтказилган.
2019 йил 11 февралдан 2024 йил 23 ноябргача Абдусалом Азизов Давлат хавфсизлик хизмати раиси бўлиб ишлади.
Мавзуга алоқадор
Алламжоновга суиқасд: Азизов ишдан олинди, ДХХ ва ИИВда "тозалаш"ларАзизовнинг ДХХ раиси лавозимидан четлатилиши 2024 йил 27 октябрдаги парламент ва маҳаллий кенгашлар сайлови олдидан хавфсизликни таъминлашдаги камчиликлар билан боғлиқ бўлган, деган қараш мавжуд. Бунга сайловдан бир кун олдин — 2024 йил 26 октябрда Комил Алламжоновга суиқасд қилингани асос қилиб келтирилади.
Аммо ўшанда президент матбуот котиби Шерзод Асадов Азизовнинг Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилганини маълум қилиш билан чекланган.
2024 йил 4 декабрь куни Азизов Президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани расман эълон қилинди.
Ўша пайтда ушбу йўналиш бўйича Президент маслаҳатчиси этиб собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов тайинланган эди. Азизов унинг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2025 йил июлида Президент администрациясидаги ўзгаришлардан кейин ҳам Азизов администрацияда ишлашда давом этди. У Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига ўтказилди.
Бир-биридан мустақил манбалар ўша йиллари фаоллар ва блогерларга қарши босимлар ортида айнан Давлетов ва Азизов турганини иддао қилишган.
Манбаларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги диний ва сиёсий жараёнларга таъсир кўрсатиб келган бу икки амалдор ахборот майдони устидан назоратни кучайтириш ва сўз эркинлигини чеклашга интилган.
Абдусалом Азизов номи Озодликнинг Тошкентдаги норасмий "Офис" тузилмаси ҳақидаги суриштирувларида ҳам тилга олинган.
Манбалар ДХХнинг эндиликда собиқ раҳбари Абдусалом Азизов ноқонуний “Офис” фаолиятидан яхши хабардор бўлгани, унинг жиноятларига кўз юмганини иддао қилишади.
Уларга кўра, генерал Абдусалом Азизов билан бир пайтда ишдан олинган ДХХнинг Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Алижон Ашуров “Офис” билан яқиндан ҳамкорлик қилган.
Озодликка сиздирилган маълумотларга кўра, “Али бобо” лақаби билан танилган полковник Алижон Ашуров раҳбари бўлган ДХХ Ўз хавфсизлиги бошқармаси амалда чексиз ваколатларга эга ва ҳеч қайси идорага ҳисобот бермайди. Ашуровга давлат идора ва ташкилотлари ҳамда давлат улуши бўлган корхоналардаги барча ички хавфсизлик бошқармалари бўйсуниб келган ва у, манбалар иддаосича, ўз ваколатларидан “Офис”нинг ноқонуний ишларини амалга оширишда фойдаланган.
Ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари Ашуровнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Тимур Шариксиев ДХХнинг иқтисодий хавфсизликка масъул ходими сифатида "Офис"нинг бизнес манфаатларини ҳимоя қилганини билдирган.
Манбалар Ганчар Узақов ҳам "Офис" фойдасига ишлаб, маҳаллий журналист ва блогерларга ноқонуний босим ўтказганини иддао қилган.
Озодликнинг 2024 йил кузида эълон қилинган суриштирувларидаги бу иддаоларга расмийлар ҳозирга қадар муносабат билдирмаган.
Ўша суриштирувда «Офис» тузилмасига алоқадорликда гумонланган ДХХ ходимларидан камида тўрт нафари кейинчалик бошқа жиноий иш доирасида узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Мавзуга алоқадор
90 миллион долларлик "Корея схемаси": тўрт собиқ ДХХ ходими 15–16 йилга қамалдиЖорий йилнинг 17 сентябрь куни Бектемир туман суди ДХХнинг Ўз хавфсизлиги бошқармаси собиқ бошлиғи Алижон Ашуровни 16 йилга, унинг собиқ ўринбосари Тимур Шариксиев ва бошқарманинг собиқ ходими Ганчар Узақовни 15 йилу 6 ойга, собиқ ДХХ ходими Сухроб Сайфутдиновни эса 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Судланган бу тўрт нафар собиқ ДХХ ходими Ўзбекистон фуқароларини Жанубий Кореяга ишга жўнатиш билан боғлиқ, миллионлаб долларлик коррупция иши бўйича ҳукм қилинган.
Генерал-лейтенант Абдусалом Азизовга иш очилгани бошқа бир генералнинг иши судда якунлангани ҳақида маълумот чиққан бир пайтга тўғри келди.
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари, генерал-майор Бекмурод Абдуллаев бюджет маблағларини ўзлаштириш айблови билан жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Абдуллаев 2026 йил январь ойида ҳибсга олинган. У қарийб икки ярим ой қамоқда ўтирганидан сўнг, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси гаровга ўзгартирилиб, озодликка чиқарилган.
27 январь куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган йиғилишда Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти собиқ бошлиғи, полковник Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган эди.
Ўша йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимида давлат харидлари жараёнида 186 миллиард сўм бюджет маблағи ўзлаштирилгани айтилган.
2026 йил 29 июль куни Бекмурод Абдуллаев ва яна 29 нафар судланувчига оид жиноят ишини Янгиҳаёт туман суди кўриб чиқишни бошлади. Суд мажлиси ёпиқ тарзда ўтказилган.
Суд мажлислари жадвалини эълон қиладиган «Adolat» ахборот тизимида ўша пайтдаги маълумотга кўра, Абдуллаев Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек бошқа моддалар бўйича айбланган.
Рустам Турсуновга нисбатан ҳам жиноий иш доирасида айбловлар илгари сурилган.
Бироқ орадан қарийб бир ярим ой ўтиб, 11 сентябрь куни Абдуллаев ва Турсунов оқлангани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Расмий суд қарори матни эса жамоатчиликка эълон қилинмади.
24 сентябрь куни Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти бошлиғи этиб тайинлангани маълум бўлди. Бу маълумотни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.
Суд жараёни тафсилотларидан хабардор манбалар Озодликка судланувчилар давлатга етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани ортидан озод қилинганини айтди.
Жиноят иши доирасида Абдуллаев ва Турсунов билан бирга жами 30 киши судланувчи сифатида иштирок этган эди. Қолган 28 кишининг тақдири ҳозирча Озодликка маълум эмас.
Абдусалом Азизов жиноий иш доирасида терговга тортилган иккинчи ДХХ раиси ҳисобланади.
Ундан аввал ДХХга раҳбарлик қилган Ихтиёр Абдуллаев 2019 йилда ҳибсга олиниб, бир қатор жиноятларда, жумладан, Ўзбекистон манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, пора олиш, товламачилик ва талон-торож қилишда айбдор деб топилиб, 18 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Ўзбекистон махсус хизматларини энг узоқ вақт — қарийб 23 йил давомида бошқарган генерал Рустам Иноятов эса 2018 йил январда МХХ раиси лавозимидан озод этилган.