АҚШ давлат котиби Марко Рубио 200 нафардан ортиқ америкалик бизнес вакили билан 17 октябрь куни Ўзбекистонга боради.
Давлат департаменти маълумотига кўра, Трамп маъмурияти мазкур ташриф орқали савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва Вашингтоннинг минтақадаги стратегик мавқеини кенгайтиришни мақсад қилмоқда.
Бу сафар АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик аҳамиятга эга минерал ресурслар, энергетика салоҳияти ва транспорт йўлакларига қизиқиши ортиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда.
АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик мавқеи
17 октябрь куни Ўзбекистонда кутилаётган АҚШ давлат котиби Марко Рубио Самарқандда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштирувчи C5+1 формати доирасидаги вазирлар учрашувида иштирок этади.
Шунингдек, у беш давлатнинг юқори мартабали амалдорлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши айтилмоқда.
Бу сафар - АҚШнинг Марказий Осиёдаги стратегик аҳамиятга эга минерал ресурслар ва транспорт йўлакларига қизиқиши ортиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Айни пайтда, минтақа давлатлари ҳам сўнгги йилларда ташқи ҳамкорликни диверсификация қилиш ва анъанавий куч марказларига қарамликни камайтиришга интилаяпти.
Ҳадсон институтининг катта илмий ходими Кен Мориясу Рубио ташрифини АҚШнинг минтақа билан юқори даражадаги ҳамкорлиги янги босқичи сари ташланган биринчи қадам, деб баҳолади.
"АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги бундай мислсиз ҳамкорликнинг биринчи қадами айнан шу ташриф бўлиши мумкин", деди Мориясу Озодлик билан суҳбатда.
Россиянинг Украинага босқини янги имкониятлар очмоқда
Россиянинг Украинага қарши уруши Москва эътибори ва ресурсларини бошқа йўналишга бурди. Бу эса минтақага қизиқаётган бошқа давлатларга Марказий Осиё билан муносабатларни чуқурлаштириш имконини берди.
Айни пайтда Хитойнинг савдо, инфратузилма сармоялари ва "Бир макон, бир йўл" ташаббуси орқали минтақадаги таъсирини муттасил кучайтириб бормоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Мирзиёев ташаббуси”. Хитой билан ядровий ҳамкорлик
Ҳадсон институти илмий ходими Мориясунинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари АҚШ ва Европа давлатлари билан алоқаларни кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда, боиси: "Марказий Осиё давлатлари Россия устунлигининг ўрнини Хитой устунлиги эгаллашини истамайди".
Унинг фикрича, Вашингтоннинг мақсади минтақа давлатларини Россия ёки Хитойдан воз кечишга мажбурлаш эмас, балки Евроосиёнинг стратегик муҳим қисмида АҚШ иштирокини сақлаб қолишдир.
"АҚШ бу давлатлардан Россия ёки Хитойни танқид қилишни ёки Ғарб томонига ўтишни талаб қилмаяпти. Масалан, Қозоғистон ёки Ўзбекистоннинг НАТО аъзосига айланиши Вашингтон учун шарт эмас", деди Мориясу.
Бундан кўра, иқтисодий ва дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш АҚШга таъминот занжирларини диверсификация қилиш, янги тижорий имкониятлар яратиш ва минтақада бирор давлатнинг мутлақ устунликка эришишини чеклашга ёрдам беради.
Савдо, минерал ресурслар ва минтақавий боғлиқлик
200 нафардан ортиқ бизнес вакилидан иборат делегация Вашингтоннинг ҳозирда иқтисодий дипломатияга катта аҳамият бераётганини кўрсатади. Таҳлилчилрга кўра, АҚШ ўзаро яқинлашган ҳамкорлик янги сармоявий келишувлар ва бизнес лойиҳаларни олиб келишини истайди.
Стратегик минерал ресурслар эса бу ҳамкорликнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бироқ Марказий Осиёнинг стратегик аҳамияти унинг Хитой, Россия, Жанубий Осиё ва Европа ўртасида жойлашгани билан ҳам боғлиқ.
Мавзуга алоқадор
Туркий давлатлар ташкилоти: манфаатлар клубими ёки геосиёсий ўзгаришларга олиб борадиган альянсми?Ҳукуматлар Россия ҳудуди орқали ўтувчи йўналишларга муқобил йўл излаётган бир пайтда, минтақани жаҳон бозорлари билан боғловчи транспорт йўлакларининг аҳамияти ошиб бормоқда.
Мориясу Каспий денгизи ва Жанубий Кавказ орқали Европага чиқувчи "Ўрта йўлак"ни (Middle Corridor) муҳим стратегик имкониятлардан бири сифатида тилга олди. Унинг фикрича, ушбу йўналишларда АҚШ компанияларининг фаол иштирок этиши минтақада узоқ муддатли иқтисодий манфаатларни шакллантириши мумкин.
Ташрифнинг муваффақияти эса бундай дипломатик фаолликнинг аниқ сармоявий мажбуриятлар ва барқарор иқтисодий ҳамкорликка айланиши ёки айланмаслигига боғлиқ бўлади.
Ўзбекистон ҳам Вашингтон билан яқин алоқаларни истайди
Учрашувга мезбонлик қилиш Ўзбекистон учун АҚШ билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва ўзини минтақавий дипломатик марказ сифатида намоён этиш имконини беради.
Президент Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда АҚШ билан ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори бўлиб келмоқда. Манбаларга кўра, Вашингтон Мирзиёев ҳамда Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни декабрь ойида Маями шаҳрида бўлиши режалаштирилган G20 саммитига таклиф қилган.
Бу режалар АҚШ президенти Дональд Трампнинг Марказий Осиёга эҳтимолий ташрифи ҳақида тахминларни ҳам кучайтирди. Агар бундай ташриф амалга ошса, у амалдаги АҚШ президентининг минтақага биринчи ташрифи бўлади. Бироқ ҳозирча бундай сафар расман тасдиқланган эмас.
Мориясунинг айтишича, Рубио ташрифидан кейин Марказий Осиё раҳбарлари G20 саммитида иштирок этиши, кейинчалик эса АҚШ президенти даражасидаги ташриф ҳам амалга ошиши мумкин.
Бу борада у АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Қозоғистон раҳбарияти ўртасида доимий мулоқот механизмини йўлга қўйиш бўйича муҳокамалар давом этаётганини ҳам қайд этди.
Бу каби қадамлар Вашингтонга минтақа етакчилари билан мунтазам мулоқот қилиш имконини бериши мумкин, аммо ҳозирча буларнинг барчаси эҳтимолий режалар сифатида қолмоқда.
Мавзуга алоқадор
Трамп ва Мирзиёев: 100 миллиард долларлик келишув ва стратегик шерикликнинг янги босқичи - C5+1 саммити якунлариОзарбайжон форматга қўшилиши мумкинми?
Америка ташқи сиёсат кенгашининг катта илмий ходими ва Марказий Осиё-Кавказ институти дастур директори Лора Линдерман ҳам Рубионинг C5+1 йиғилишида иштирок этишини ижобий воқеа деб баҳолади.
Унинг фикрича, форматга Озарбайжон ҳам қўшилиб, C6+1 кўринишига айлантирилса, ҳамкорлик янада кенг қамровли тус олиши мумкин.
"Агар АҚШ форматни C6+1 га кенгайтириб, Озарбайжонни ҳам унга қўшса, бу тадбир янада катта муваффақият сифатида қабул қилиниши мумкин", деди Линдерман Озодликка.
У Каспий орқали ўтувчи транспорт йўлакларининг аҳамияти ортиб бораётган пайтда Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида иқтисодий, географик ва оддий аҳоли ўртасидаги алоқалар ҳам тобора мустаҳкамланаётганига эътибор қаратди.
Бироқ Озарбайжонни форматга қўшиш - АҚШ сиёсати сифатида ҳозирча расман эълон қилинмаган.
Линдерманнинг айтишича, минтақа давлатлари ўз ташқи сиёсатидги устувор манфаатларни яхши англайди ва ҳозирги вазиятни Вашингтон билан ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имконият сифатида кўрмоқда.
Ҳиндистонга сафар
Ўзбекистондан кейин Рубио Ҳиндистоннинг Мумбай ва Жамнагар шаҳарларига йўл олади. Бу унинг жорий йилда Ҳиндистонга иккинчи расмий ташрифи.
Режага кўра, у ҳукумат вакиллари ҳамда бизнес етакчилари билан учрашиб, АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик, минтақавий ва глобал жараёнлар, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва инвестиция масалаларини муҳокама қилади.