Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани ҳокими Хуррам Жўраевга 14 октябрь куни болта билан ҳужум қилишган.
Озодликнинг бир-биридан мустақил бир неча манбасига кўра, жароҳатланган ҳоким Еттитом шаҳарчаси шифохонасига ётқизилган, операция қилинган ва ҳозир аҳволи барқарор.
Манбалар ҳужумда ушбу тумандаги «Кўкдала» МФЙ ҳудудида савдо дўкони бўлган тадбиркор гумон қилинаётганини айтмоқда. Гувоҳларга кўра, ҳокимият тадбиркор дўконини бузишга уринган, орада низо чиққан.
Озодлик боғланган туман ҳокимининг ёрдамчиси ҳодисани инкор қилмади, аммо қўшимча тафсилотларни ҳам очиқламади. Туман расмийлари эса ҳодиса тафсилотлари ва ҳоким ҳамда тадбиркор ҳақида маълумот бермаётир.
Озодликка маълумот берган бир манбанинг айтишича, тадбиркорнинг дўкони маҳаллани ободонлаштириш лойиҳаси доирасида бузилиши режаланган объектлар рўйхатига киритилган.
Бу манба Кўкдала туманида яшовчи тадбиркорлардан бири ва у шахсининг ошкор этилишини истамади.
Бу тадбиркорга кўра, "Янги Ўзбекистон қиёфаси» номидаги давлат дастури асосида тумандаги “Кўкдала” МФЙда ободонлаштириш ишлари бораётган эди:
“Кўкдала” МФЙдаги бу тадбиркор дўконини энди таъмирдан чиқарган экан. Ўшани бузасан, деб қўйишмаяпти экан. Бошқа иложи қолмаган тадбиркор аччиқ устида дарахтнинг тагида пойлаб туриб, ҳокимга болта билан ташланган. Ҳоким оғир жароҳат олиб касалхонага олиб кетилган. Дўкони туман марказидаги йўлнинг четида экан”.
Озодликнинг яна манбасига кўра, ҳоким ва бошқа раҳбарлар дўконни бузиш учун маҳаллага борган ва у ерда жанжал чиққан.
Кўкдала туманида ўқитувчилик қилаётган бу манба ҳам шахси очиқланишини истамади.
Бу манбанинг айтишича, ҳодиса 14 октябрь куни эрталаб содир бўлган. Дўкони бузилишига қарши бўлган тадбиркор ва ҳоким ўртасидаги жанжал пайтида дўкондор ҳокимга болта билан зарба берган.
Дўконни бузиш бўйича расмий қарор бор-йўқлиги, бу мулкнинг ҳуқуқий мақоми ва бошқа жиҳатлар ҳақида ҳам ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ, Озодлик мавзуга ойдинлик киритишда давом этмоқда.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
OzodNazar: “Ҳоким” сўзи “Зўравон”га синоним бўлиб қолган
Ҳозирча Озодлик мустақил манбалардан олган маълумотга кўра, ҳоким Хуррам Жўраев Еттитом шаҳарчасидаги шифохонада жарроҳлик амалиётидан ўтган ва аҳволи барқарор қолмоқда.
Озодликнинг туман шифохонасидан маълумот олиш уринишлари ҳам натижа бермади. Бу шифохонага қилинган телефон қўнғироқлари жавобсиз қолмоқда.
Озодлик манбаларига кўра, ҳозир шифохона ички ишлар ходимлари томонидан ўраб олинган ва бу маскан билан алоқа чекланган.
Бу воқеа ҳақида Телеграмдаги “Антикоррупция” канали ҳам 14 октябр куни хабар берди, бироқ бироз муддат ўтгач, хабар ўчириб ташланди.
Озодлик Кўкдала тумани ҳокимлигининг расмий сайтида Хуррам Жўраевнинг мобил рақами сифатида кўрсатилган телефонга қўнғироқ қилди.
Қўнғироққа ўзини ҳоким ёрдамчиси Муҳриддин, деб таништирган шахс жавоб берди. У ҳокимга ҳужум қилингани ҳақидаги маълумотни инкор қилмади, аммо ўзининг таътилда эканини айтиб, маълумот беришдан тийилди.
Озодликнинг «Таътилда бўлсангиз, ҳокимнинг мобил телефони нега сизда?» деган саволига жавоб бермасдан, алоқани узиб қўйди. Озодликнинг микрофони тумани ҳокимияти расмийлари учун очиқ, расмий жавоб бўлиши билан эълон қилинади.
Тумандаги ҳуқуқ-тартибот идораларига Озодлик мурожаатлари ҳам жавобсиз қолмоқда. Шу боис, ҳужумда тилга олинаётган тадбиркор шахси, унинг ҳозирда қаерда экани ва воқеа юзасидан жиноят иши очилган-очилмаганини ҳам аниқлаш имконсиз қолмоқда. Озодлик тилга олинган идора ва ташкилотларга боғланишда давом этмоқда, тафсилотлар аниқланиши билан сайтимизда эълон қилинади.
Қашқадарёда тадбиркорлар мулкига тажовуз, хусусан дўконларнинг бузилишига оид низо ортидан мансабдорларга ҳужум қилиш ҳоллари аввал ҳам содир бўлган.
Мавзуга алоқадор
Тадбиркор дўконини бузаётганда ёқиб юборилган ҳоким ўринбосари ишдан олинди, жиноят иши қўзғатилди2019 йилнинг 20 июлида Яккабоғ туманида тадбиркор туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мансур Тўймаев устига бензин сепиб, ўт қўйгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.
Ўшанда гувоҳлар бу ҳодисага ҳокимиятнинг кредит қарзига қурилган икки қаватли дўкон ва цехни бузишга уриниши ҳамда компенсация масаласидаги низо сабаб бўлди, деган эди.
Ўшанда туман ҳокимлиги, ички ишлар ва прокуратура ходимлари ҳодисани тасдиқлаган, прокуратура вакили жиноят иши очилганини билдирганди.