$30 млрд инвестиция ва терроризмга қарши ҳамкорлик - Самарқандда С5+1

АҚШ давлат котиби Марко Рубио Давлат департаментида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари қабул маросимида нутқ сўзламоқда, 2025 йил 5 ноябрь, Вашингтон.

АҚШ Давлат департаменти расмийси, Вашингтон Марказий Осиё билан мулоқотни аниқ иқтисодий ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик устига қуришни режаламоқда, деб маълум қилди.

Давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга сафари олдидан журналистлар билан суҳбатлашган департамент мулозимига кўра, Самарқандда 19-20 октябрь кунлари бщладиган музокараларда кўпроқ шу йўналишларга урғу берилиши кутилмоқда.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио 200 нафардан ортиқ америкалик бизнес вакили билан 18 октябрь куни Ўзбекистонга боради ва у ерда минтақа ташқи ишлар вазирлари билан С5+1 форматида мулоқотлар бўлади.

Давлат котиби Рубионинг Самарқандга сафари Трамп маъмуриятининг Россия ва Хитой ўртасида қолган минтақа билан алоқаларини кенгайтириш ҳамда шерикликни мустаҳкамлашга интилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Ҳозирча бу сафарнинг тўлиқ тафсилотлари ва дастури ҳақида Вашингтон ҳам, Ўзбекистон томони ҳам тўлиқ маълумот бергани йўқ.

Аммо, АҚШ Давлат департаменти вакилининг журналистларга айтишича, Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ҳаракатида.

«Жуда узоқ вақт давомида АҚШ диққатини Яқин Шарқ ва Шарқий минтақаларга қаратди. Улар орасида жойлашган Марказий Осиё эса лойиқ бўлган эътиборни олмади», деди матбуотга юқори мартабали амалдор.

Унинг сўзларига кўра, ташриф Вашингтон ва Марказий Осиёнинг беш давлати ўртасидаги C5+1 мулоқот формати доирасида эришилган натижаларни илгари суришга хизмат қилади. Бунда тижорий дипломатия, инвестициялар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилади.

Мавзуга алоқадор

Рубионинг Марказий Осиёга сафари - АҚШ минтақадаги ролини кенгайтириш истагида

АҚШнинг 200 дан ортиқ компанияси Ўзбекистонга бориши ўтган ойда маълум қилинган эди. АҚШ расмийларига кўра, булар орасида Boeing, Citibank ва Franklin Templeton каби йирик компаниялар, шунингдек стратегик аҳамиятга эга минераллар ва бошқа муҳим тармоқларда фаолият юритувчи бизнес вакиллари ҳам бўлади.

Учрашувларда АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC), Америка Экспорт-импорт банки, Миллий хавфсизлик кенгаши расмийлари ҳам иштирок этади.

Бу мулоқотлар америкалик компанияларни Марказий Осиёдаги эҳтимолий ҳамкорлар билан боғлашга қаратилган.

Давлат департаменти амалдорининг айтишича, сўнгги бир йил ичида биргина Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ўзи АҚШ иқтисодиётига 30 миллиард доллардан ортиқ янги инвестиция киритган.

У бу сармояларни америкалик ишчилар учун фойдали ва Вашингтоннинг икки мамлакат билан иқтисодий алоқалари мустаҳкамланаётгани исботи сифатида баҳолади. Бироқ инвестицияларнинг аниқ таркиби ёки ташриф давомида қандай янги келишувлар имзоланиши мумкинлиги ҳақида маълумот берилмади.

Самарқанд, Ипак йўли давридаги тарихий савдо маркази сифатида, Рубио сафарининг Марказий Осиё қисми учун асосий майдон вазифасини бажаради.

Расмийнинг таъкидлашича, ташриф доирасида нафақат икки томонлама учрашув ва C5+1 форматидаги мулоқотлар, балки америкалик ширкатлар, минтақавий бизнес ҳамда ҳукумат вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ҳам ташкил этилади.

С5+1 қандай бошланди ва АҚШ-Марказий Осиё алоқалари қандай ривожланди - фотожамланма

Қозоғистоннинг "Иброҳим келишувлари"га (Abraham Accords) қўшилиш нияти ҳам муҳим мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Амалдорнинг айтишича, Вашингтон бу борадаги келишувларни эҳтимолий имзолаш жараёнида, аммо қачон имзоланиши ҳозирча маълум эмас.

«Кутинг», деди расмий ва томонлар жараённи «кеч эмас, тезроқ» якунлашга умид қилаётганини қўшимча қилди.

"Иброҳим келишувлари" дастлаб Исроил билан бир қатор араб ва мусулмон аҳолиси кўпчиликни ташкил қилувчи давлатлар ўртасидаги муносабатни нормаллаштириш мақсадида тузилган эди. Қозоғистоннинг эҳтимолий иштироки ушбу ташаббус географиясини кенгайтириши мумкин. Бироқ ҳозирча бу келишувга қўшилиши шартлари ва муддати ҳақида тафсилот берилмади.

Департамент расмийси шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон илк бор G20 саммитига кузатувчи сифатида таклиф этилганини ҳам урғулади. Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг барча президенти АҚШ президенти Дональд Трампни ўз мамлакатига таклиф қилган. Шунингдек, минтақадаги ҳукуматлар Вашингтоннинг фаоллашган қизиқишини ижобий қабул қилмоқда.

Унинг таъкидлашича, C5+1 формати АҚШнинг минтақа билан муносабатларидаги асосий механизмга айланган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Нодир металлар, Боэинг ва сунъий интеллект. C5+1 саммити якунлари

Трамп ўтган йили Оқ уйда илк марта C5+1 раҳбарлар саммитини қабул қилиб, Марказий Осиёнинг беш президентини бир жойга жамлади. Расмийнинг айтишича, Рубионинг ташрифи ана шу юқори даражадаги мулоқот натижаларини амалий ҳамкорликка айлантириш мақсадида уюштирилмоқда.

Айни пайтда, Трамп маъмурияти учун фақат савдо ва инвестициялар устувор йўналиш эмас, балки Вашингтон айрим Марказий Осиё давлатлари билан терроризмга қарши ҳамкорликни ҳам кучайтирмоқда.

Бу янги дипломатик фаоллик Марказий Осиё давлатлари Россия ва Хитой билан мураккаб муносабатларни сақлаб қолган ҳолда халқаро шерикликларини диверсификация қилишга интилаётган бир пайтда юз бермоқда.

Давлат департаменти расмийси АҚШ томонининг минтақадаги бугунги саъй-ҳаракатларини Москва ёки Пекин таъсирини сиқиб чиқариш ташаббуси сифатида таърифламади. Аксинча, у тижорий имкониятлар, дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш ва умумий хавфсизлик муаммолари бўйича ҳамкорликка кўпроқ урғу берди.

Мавзуга алоқадор

Трамп ва Мирзиёев: 100 миллиард долларлик келишув ва стратегик шерикликнинг янги босқичи - C5+1 саммити якунлари

Ўзбекистон ташрифидан кейин Марко Рубио Ҳиндистоннинг Мумбай ва Жамнагар шаҳарларига йўл олади. У ерда Нью-Деҳли билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Юқори мартабали амалдорнинг сўзларига кўра, Вашингтон ва Ҳиндистон савдо келишувини якунлаш арафасида турибди. Ҳозирга қадар асосий масалалар ҳал қилинган бўлиб, фақат бир нечта техник масалалар қолган.

«Бу ишни якунлашга жуда яқин турибмиз», деди у музокаралар сўнгги босқичга кирганини таъкидлаб.

Амалдор АҚШ Савдо вакили Жеймисон Грир, Ҳиндистон савдо вазири, шунингдек Дональд Трамп ва бош вазир Нарендра Моди ўртасидаги юқори даражали мулоқотларни мисол келтирди.

Шу билан бирга, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкарнинг музокарачилар якуний келишув устида ишлаётганига доир изоҳларини ҳам тилга олди.

Департамент расмийсига кўра, Давлат котиби Рубионинг бу сафари Трамп маъмуриятининг Жанубий ва Марказий Осиёдаги дипломатияни савдо, инвестициялар ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик билан уйғунлаштиришга қаратилган сиёсатини акс эттиради.