ДХХ генерали Ғайратилла Ёзиев иши судга оширилди

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, генерал Ғайратилла Ёзиев суд мажлисларига ҳибсхонадан олиб келинмоқда.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раисининг собиқ ўринбосари, генерал Ғайратилла Ёзиев иши Ҳарбий судда кўрилмоқда.

Ёзиевга нисбатан жиноят иши судга оширилганини ҳуқуқ-тартибот идораларига алоқадор бир-биридан мустақил икки манба Озодликка тасдиқлади.

Терговдан хабардор манбалардан бирининг Озодликка айтишича, Ёзиевга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, фирибгарлик ва тергов ёки суд ишларига аралашиш билан боғлиқ моддалар бўйича айбловлар қўйилган.

Иш доирасида Ёзиевдан ташқари ДХХнинг Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ва бир неча бўлим раҳбарлари, жами ўн нафарга яқин хизмат мулозими ҳам судланмоқда.

Генерал Ёзиевга нисбатан жиноят иши терговдан судга оширилгани ҳақида «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов ҳам Facebook саҳифасида пост қолдирди.

«Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Ўз хавфсизлиги бошқармасининг собиқ раҳбари Ёзиев бошчилигидаги бир гуруҳ идора ходимларининг ишлари кўрилаётгани ҳақида маълумотлар олдик. Мазкур гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қанча коррупциявий моддалари бўйича айбловлар билан ҳибсга олинган. Уларнинг сони 8–9 нафар эканлиги айтиляпти. Бу жиноят иши доирасида Хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозимлари ҳам бор», деди «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Озодликка.

Терговга алоқадор Озодлик манбасининг айтишича, генерал Ғайратилла Ҳабибуллаевич Ёзиевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 301-моддаси бўйича айблов илгари сурилган. Мазкур модда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги учун жавобгарликни назарда тутади. Мазкур модда Жиноят кодексининг XXIV боби — “Ҳарбий мансабдорлик жиноятлари” таркибига киради.

Манбанинг билдиришича, Ёзиевга нисбатан Жиноят кодексининг яна камида икки моддаси бўйича ҳам айблов қўйилган. Улардан бири — иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар қаторига кирувчи 168-модданинг 4-қисми (фирибгарлик), иккинчиси эса 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш)дир.

«Генерал Ёзиев Президент Администрацияси раҳбарларига қарши компромат йиғганликда гумонланмоқда. Шунингдек, унга қўйилаётган айбловлар орасида пора билан боғлиқ жиноят ҳам бор. Ёзиев суд ишларига таъсир қилганликда ҳам айбланмоқда», дейди терговга алоқадор манба.

Манбанинг айтишича, Ғайратилла Ёзиев ҳозирда ҳибсда сақланмоқда ва Ҳарбий суд мажлисларига ДХХ ҳибсхонасидан олиб келинмоқда.

Озодлик ДХХнинг собиқ мулозими Ғайратилла Ёзиевнинг бошқа иш бўйича сўроққа жалб қилингани ҳақида 2026 йил май ойида хабар берган эди.

Ўшанда ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбаси Ёзиев Жанубий Кореяга ишга жўнатиш ортидаги 90 миллион долларлик коррупция схемаси бўйича тергов қилинаётган ДХХ ходимлари ишида фигурантлардан бири сифатида сўроқ қилингани, бироқ кейинчалик қўйиб юборилганини айтган эди.

Бу иш бўйича ДХХнинг тўрт собиқ ходими жорий йилнинг сентябрь ойида 15 йилдан 16 йилгача озодликдан маҳрум этилди. Ғайратилла Ёзиев судланганлар орасида йўқ эди.

Терговга алоқадор Озодлик манбасининг айтишича, Ёзиев кейинчалик бошқа жиноят иши бўйича терговга жалб қилинган ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Мазкур жиноят иши бўйича тергов Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси томонидан олиб борилган.

Иш доирасида Ёзиевдан ташқари ДХХнинг жами ўн нафарга яқин ходими судланмоқда. Манбаларнинг айтишича, улар орасида Конституциявий тузумни ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи ва бир неча бўлим раҳбарлари ҳам бор.

«Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармаси томонидан тергов қилинган. Тергов ҳаракатлари давомида мазкур гуруҳ аъзолари пора олиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, талон-торож қилиш, фирибгарлик сингари бир қанча жиноятларда гумон қилинган. Ҳозир улар шу айбловлар бўйича судланмоқда. Мазкур суд жараёнлари ёпиқ тарзда ўтаётгани учун тафсилотларга тўхталишга ҳаққимиз йўқ», деди «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.

Озодликнинг хавфсизлик хизматидаги манбаси Ёзиевнинг аввал ҳам тергов ва суд жараёнларига аралашиб келганини иддао қилади. Манба бунга мисол сифатида унинг Қашқадарёда яшовчи укаси билан боғлиқ ҳолат ҳамда 11 йилга озодликдан маҳрум этилган Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг жиноий ишини келтирган.

Озодликда бу иддаоларни мустақил тасдиқлаш имкони йўқ.

Ғайратилла Ёзиев 2023 йил 1 ноябрда Ўзбекистон президентининг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган. Бундан аввал у ДХХ раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2024 йил ноябрида Ёзиев ДХХга қайтиб, хизматнинг Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. У бу лавозимда 2026 йил мартигача ишлаган.

Ўшанда Озодликнинг ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари генерал Ёзиев лавозимидан хизмат фаолиятида йўл қўйган жиддий хатолари ва айрим терговларга тўсқинлик қилгани сабабли олинганини айтган эди.

Лавозимидан кетгач, Ёзиев Бухородаги ДХХга қарашли ўқув муассасаларидан бирига ишга ўтказилган.

Ёзиевнинг ДХХдаги сўнгги лавозими хизмат тизимидаги энг юқори раҳбарлик лавозимларидан бири саналади.

Ушбу лавозимда Ёзиевдан аввал Озодлик суриштирувларида тилга олинган, «Алибобо» лақаби билан танилган полковник Алижон Ашуров ишлаган.

Ашуров халқ орасида «Офис» деб номланган ноқонуний тузилмага алоқадор бўлгани ҳақида ҳам иддаолар билдирилган.

2026 йил 17 сентябрда полковник Алижон Ашуров «Корея иши» доирасида учта модда бўйича айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Озодлик аввалроқ Алижон Ашуров ва Ғайратилла Ёзиев бирга ишлагани, ҳар иккиси Қашқадарё вилоятидан экани ҳақида манбалар маълумотини келтирган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Ашуров лавозимидан олинганидан кейин ҳам ДХХ тизимидаги таъсирини сақлаб қолган. Айрим манбалар унинг бу таъсири генерал Ғайратилла Ёзиевнинг қўллаб-қувватлаши орқали давом этганини иддао қилади.

Жумладан, Ашуровнинг номи Озодликнинг «Офис қурбони иши» номли видеосида ҳам тилга олинган.

Ватанга хиёнатда айбланиб, қамоққа ҳукм қилинган Экология вазирлигининг собиқ мулозими Нозимжон Абдуллаев полковник Алижон Ашуров лавозимидан олинганидан икки ой ўтгач, тергов изоляторида ўзига нисбатан қийноқлар қўлланганини иддао қилган эди.

Озодлик манбасининг айтишича, Ғайратилла Ёзиев билан бирга судланаётганлар орасида Нозимжон Абдуллаев ишини тергов қилишда иштирок этган икки нафар ДХХ ходими ҳам бор.

Озодлик мазкур жиноят иши, унга қўйилган айбловлар ва суд жараёни тафсилотлари юзасидан Ўзбекистон Ҳарбий судига саволлар юборди. Мақола эълон қилингунга қадар Ҳарбий суддан бирор кўринишда жавоб келмади.