Шу йилнинг 2 ноябрида президент Мирзиёев имзолаган қонун билан Ўзбекистонда “экстремизм” тушунчасига янги таъриф берилди.
Йиллардан буён мамлакатда диндорлар ҳуқуқини чекловчи, деб танқид қилинган “диний экстремизм” тушунчаси қонунчиликдан олиб ташланди ва “экстремизм” учун жавобгарлик енгиллаштирилди.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу ўзгаришлар диндорлар ҳуқуқлари бузилишига тўлиқ барҳам бермайди, деб огоҳлантирмоқда.
Аксар фаолларга кўра, Ўзбекистонда диндорлар эрки ҳануз чекланган, фаолияти тақиб остида, ноҳақ ҳибс ва қийноқлар кузатилмоқда.
“Диний экстремизм” тушунчаси чиқарилди
Ўзбекистон Жиноят кодексининг мамлакат мустақиллик йилларида минглаб диндор ҳаётини ўзгартирган 2 моддаси шу йил 2 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиев имзолаган янги қонун билан ўзгарди.
Жиноят қонунчилигида марҳум Ислом Каримов бошқарувида энг кўп қўлланган диний-сиёсий мотивдаги оғир айбловлар Жиноят кодексининг 244-1 ва 244-2 моддаларида назарда тутилган “диний экстремизм” тушунчаси бўлиб қолаётганди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига экстремизмга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги янги қонун билан қонунчиликдаги “экстремизм” тушунчасига янги таъриф берилди.
Энг асосийси, қонунчиликдан “диний экстремизм” тушунчаси чиқарилиб ташланди.
Ўзбекистон Жиноят кодексининг аввалги матнида диндорлар ва халқаро ташкилотлар норозилигига сабаб бўлган 244-1-модда - “диний экстремизм” жумласи билан бошланарди:
“Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш…”
Аввалги Жиноят кодексининг 244-2-моддасининг номланишиёқ “диний экстремистик” жумласи билан бошланарди:
"244-2-модда. Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш".
Энди бу моддалардан “диний” деган сўз олиб ташланди. Шунингдек, қонунчиликда “экстремизм” тушунчасига янги таъриф берилди:
“Ўзбекистон конституциявий тузуми асосларини зўрлик билан ўзгартириш, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузиш, қонуний сайланган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан зўрлик ишлатиб четлатиш”.
Аввалги қонунчилик 2018 йилда қабул қилинган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда берилган аниқламага таянган эди:
“экстремизм — ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаси”.
Мавзуга алоқадор
Ўзбекистонда экстремистик жиноятлар рўйхати кенгайтириладиФақат "диний экстремизм"га жазо
Ўзбекистонлик юрист ва ҳуқуқ ҳимоячилари бу аниқламадаги “ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаси” каби деган мавҳум тушунчалар судлар томонидан турлича қўлланишидан норози эди.
"Қонунчилигимизда экстремизм қайси шаклда намоён бўлишидан қатъи назар тақиқланган эди. Бироқ жиноий жавобгарлик фақат диний экстремизм учун белгиланганди. Шунинг учун экстремизм учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун нормаларидан "диний" деган аниқловчининг чиқариб ташланиши, аслида, бир нечта қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Буни ижобий ёндашув деб баҳолаш мумкин. Аммо амалиёт бошқа масала. Қонун нормаларининг амалда қандай қўлланилиши алоҳида муҳокама талаб қилади. Чунки бугунги кунда айнан ҳуқуқни қўллаш амалиёти кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда", дейди ўзбекистонлик юрист Муҳсинжон Мадаминов.
Президент 2 ноябрь куни имзолаган қонун билан экстремизмни динга боғлаган барча тушунчалар қонунчиликдан чиқариб ташланди.
Бу тушунчани ташиган қонунлар эса талай:
“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”,
“Ахборотлаштириш тўғрисида”,
“Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”,
“Аҳоли бандлиги тўғрисида”,
“Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги қонун.
Асосий ўзгаришлардан яна бирини расмийлар “экстремистик фаолият” учун жазо чораларининг енгиллаштирилишидир, демоқда.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга қўшилган 184−5-модда билан биринчи марта содир этилган қоидабузарлик учун маъмурий жавобгарлик бериладиган бўлди:
"Ҳуқуқбузарликка оид ашёлар мусодара қилинади ва фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилади.
Шунингдек, фуқаро ўз вақтида ҳокимият органларига хабар бериб, оғир оқибатларнинг олдини олишга фаол кўмаклашса ва ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланди".
Расмийлар: хавфсизликни сақлаш чораси
Ўзбекистон расмийлари бу ўзгаришларни президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимиятга келганида ваъда қилган ҳуқуқий ислоҳотларнинг ижроси ҳамда бугунги глобал воқеаликда хавфсизликни таъминлашга қаратилган қонуний чора сифатида тақдим қилмоқда.
Бундай баёнотлардан биринчисини Ўзбекистон Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов шу йил 8 август кунги Сенат йиғинида қилганди.
"Жуда кенг ва ноаниқ" экстремизм
Аслида БМТ, ЕҲХТ ва АҚШ каби ҳукуматлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар йиллардан Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакат қонунчилигида “экстремизм”га берилган таърифни аниқлаштириш ҳамда кўламини торайтиришга чақириб келаётганди.
Жумладан, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси 2026 йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистонни “Махсус кузатувдаги” 9 давлат - Миср, Индонезия, Ироқ, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Қатар, Туркия сафига киритди.
"2018 йилги экстремизм тўғрисидаги қонун “экстремизм” тушунчасига жуда кенг ва ноаниқ таъриф беради. Бу таъриф нафақат зўравонлик ёки унга чақириқлар, балки тинч диний фаолиятни ҳам жиноийлаштириш имконини беради”, дейилади ҳисоботда.
Бу ҳисоботда, Ўзбекистонда ҳануз фундаментал диний ҳуқуқлар, жумладан болалар диний таълими, масжидларнинг рўйхатга олинмаётгани, тақиқланган диний адабиётларга оид чеклов ҳамда жазо амалиётига оид муаммолар тилга олинди.
Шунингдек, Human Rights Watch ташкилоти ҳам йил бошидаги ҳисоботида Ўзбекистон диний эркинликни чеклашда давом этмоқда, деб қайд этди.
Бу ташкилотнинг 2026 йилги ҳисоботида ҳам Ўзбекистон қонунчилигидаги “экстремизм” тушунчасига берилган мавҳум изоҳ ҳамда диний эркинликни чеклаш амалиёти танқид қилинди:
“Ўзбекистон ҳокимият органлари диний эркинликни чеклашни давом эттирмоқда. Бу, жумладан, диний жамоаларни рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилиш, аввал қамоқда бўлган диний маҳкумларни ўзбошимчалик билан назорат остида ушлаб туриш, мусулмонларга қарши экстремизмга оид кенг ва ноаниқ ифодаланган айбловлар қўллаш орқали намоён бўлмоқда”.
Амалиёт ўзгарадими?
Эндиликда қонунчиликда “экстремизм” тушунчасига берилган янги таъриф ҳамда “диний экстремизм” тушунчасининг олиб ташланиши диндорларга нисбатан ноқонуний амалиётни бекор қиладими?
Жумладан, мамлакатдаги вазиятни мунтазам кузатаётган Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман қонун матнининг ўзгариши - амалиёт ўзгаришини англатмайди, дейди.
Қолаверса фаолга кўра, "экстремизм" тушунчаси мамлакат қонунларида ҳануз жуда кенг ва ҳануз ноаниқлигича қолмоқда:
“Айнан экстремизмга берилган ҳаддан ташқари кенг таъриф ҳокимият органларига зўравонликка ундамайдиган ёки умуман зўравонлик содир этилмаган хатти-ҳаракатлар ва баёнотларни жиноийлаштириш ҳамда жазолаш имконини бермоқда. Муаммо шунда. Бир неча кун аввал қабул қилинган ва қонунчиликка киритилган ўзгартишлар айнан шу муаммони ҳал қилиш учун етарли эмас. Шунинг учун Ўзбекистон ҳокимият органлари ва қонун чиқарувчилар олдида: экстремизмга оид қонунчиликни тўлиқ халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига мувофиқлаштириш вазифаси турипти".
Human Rights Watch сўнгги йилларда мамлакатда бўлган қатор шов-шувли судловлар ва қийноқлар қўлланганига оид даъволарни мисол сифатида келтиради.
Жаҳонгир Улуғмуродов
2023 йил май, Тошкент суди 20 ёшли талаба Жаҳонгир Улуғмуродовни тақиқланган диний мазмундаги қўшиқни юклаб, Telegram орқали курсдошлари билан улашгани учун 3 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Сардор Раҳмонқулов
2023 йил январ, Тошкент суди 22 ёшли талаба Сардор Раҳмонқуловни тақиқланган диний мазмндаги қўшиқни юклаб, Telegram орқали дўстига юборгани учун 5 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.
"Аброр А."
2023 йил феврал, Тошкент суди 25 ёшли "Аброр А."ни ижтимоий тармоқда диний мазмундаги қўшиқни улашгани учун 3 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилган.
Ойбек Ҳамидов
2022 йил май, Андижон суди 34 ёшли собиқ диний маҳкум Ойбек Ҳамидовни ижтимоий тармоқ орқали тақиқланган диний мазмундаги материалларни хотинига юборгани учун 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Озодлик бу каби ўнлаб судлов ҳақида хабар қилган ва аксар жавобгарликка тортилган фуқароларнинг яқинлари куч ишлатар идоралар томонидан босим ва қийноқлар қўлланганини иддао қилган.
"Диний" эмас, "сиёсий" экстремизм
Қатор ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, аслида Ўзбекистон Жиноят Кодексида 159, 244-1 ва 244-2-моддаларнинг ҳануз сақланиб қолиши ҳамда моддий далил сифатида телефондаги оддий диний маъруза ёки ижтимоий тармоқдаги “лайк”нинг асос бўлиши - мавжуд халқаро нормаларга зид амалиётни тўлиқ бартараф этмайди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов фикрича, янгиланган қонунларда ҳам ижрочи идораларнинг уни суиистеъмол қилиши учун имкониятлар сақлаб қолмоқда:
"Бу ерда озгина юмшаш ҳам бор қонунчиликда, буни эътироф этиш керак. Лекин иккинчи томони ўша экстремизм тўғрисидаги қонунга сиёсий экстремизм тушунчасининг кириб келаётгани албатта бу қатор саволлар туғдириши мумкин, яъни келажакда бу турли хил ўша сиёсий қарашдаги одамларни таъқиб қилишга асос бўлувчи қонун лойиҳаси бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу ерда менимча экспертлар яна ҳали ўзларини баҳосини беришади. Ҳозирча биз амалиётда бу 244-модданинг биринчи қисми қанақа акс этаётганини ҳозирча кўрганимиз йўқ, чунки кеча қонун Президент томонидан имзоланди ва албатта кейинчалик бу қонунни амалиётига баҳо бериш мумкин бўлади".
Ўзбекистонда ЖКнинг 244, 244-1 ва 244-2-моддалари билан шу пайтгача жами неча киши айбланган ёки судлангани ҳақида очиқ ва тўлиқ расмий статистика мавжуд эмас.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва мустақил тадқиқотчиларнинг айрим баҳолашларига кўра, айниқса 2000-йиллар охири ва 2010-йиллар бошларида бу ва шу каби моддалар асосида диний айбловлар билан қамалганлар сони 7-10 минг нафар, баъзи манбаларда эса 10-12 минг нафаргача деб баҳоланган. Ҳозир бундай маҳбуслар сони қанча эканига оид аниқ расмий маълумот йўқ.
Мезонсиз "244-модда"
Халқаро ҳуқуқ ташкилотларига кўра, 2016 йилда президентликка келган Шавкат Мирзиёев марҳум Президент Ислом Каримов даврида шаклланган мусулмонларни оммавий ҳибсга олиш амалиётига барҳам берган, тинч диний фаолият ёки эътиқоди учун қамалган юзлаб одамни озод қилган, хавфсизлик хизматлари кузатувидаги минглаб фуқарони “қора рўйхат”дан чиқарган.
Аммо, Мусулмонлар диний идораси ва Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси орқали ҳануз диндорлар устидан қаттиқ назорат ҳануз сақланиб қолмоқда, ноҳақ судловлар давом этмоқда.
"244¹-модда Ўзбекистонда жорий қилинганига 28 йил бўлди, лекин шу кунгача Ўзбекистон Республикаси Олий суди мазкур моддани қўллаш бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириб, бу ҳақда алоҳида пленум қарори қабул қилмаган. Натижада мазкур нормани қўллашда турлича ёндашувлар мавжуд. Тарқатиш бор, ахборот алмашиш бор. Масалан, мен бир дўстимга шахсий ёзишма орқали диний материал юборсам, амалиётда буни хоҳласа тарқатиш деб талқин қилади, хоҳласа шахсий ёзишма деб баҳолаб, жиноий жавобгарликка тортмайди. Чунки “тарқатиш” тушунчасига аниқ таъриф берилмаган. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида ваҳима чиқаришга қаратилган материаллар деганда нимани тушуниш керак? Қайси материаллар шу тоифага кириши ҳақида қонунчиликда аниқ мезонлар мавжуд эмас", дейди Мадаминов.
Ўзбекистон ҳукумати - аввалига Ислом Каримов, энди эса Шавкат Мирзиёев бошқарувида - диндорлар устидан қаттиқ назоратни диний экстремизм ва терроризмга қарши чора сифатида изоҳлайди.
Яъни, расмийларга кўра, радикал гуруҳларнинг Интернетдаги фаоллиги, Афғонистон билан боғлиқ хатарлари ва чет элда радикаллашган фуқаролар муаммоси кескинлигича қолмоқда.
Аксар экспертлар фикрича, Ўзбекистон учун терроризм хавфи бор ва расмийлар келтирган хатарлар кучаймоқда.
Бироқ, терроризмга қарши кураш - тинч диний фаолиятни жиноийлаштириш ёки ҳуқуқларни чекламаслиги керак.
“Ҳокимият органлари собиқ диний маҳбуслар устидан маъмурий назорат ўрнатиш амалиётини ҳам қайта кўриб чиқиши керак. Бундан мақсад асоссиз чекловларга барҳам бериш бўлиши лозим. Шу билан бирга, тинч миссионерлик фаолиятини тақиқлаш, давлат томонидан тасдиқланмаган диний адабиётлар ва диний таълим материалларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва тарқатишга оид масалалар ҳам мавжуд. Ўзбекистон қонунчилигидан динга эътиқод қилувчилар ҳуқуқлари, шунингдек фикр билдириш, уюшмалар тузиш ва тинч йиғинлар ўтказиш ҳаққидан фойдаланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини чекловчи номувофиқликлар ҳамда амалиётларни тўлиқ бартараф этиш йўлида ҳукумат қилиши мумкин бўлган ишлар ҳали анча кўп”, дейди Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман.
Қатор халқаро ташкилотлар фикрича, Ўзбекистон айнан радикаллашувгп қарши чора сифатида диний эркинликларни тўлиқ таъминлаши ва бунинг учун аввало:
тинч диний фаолият учун жиноий таъқибларни тўхтатиши;
қийноқ ҳақидаги даъволарни самарали тергов қилиши;
диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишдаги сунъий тўсиқларни бекор қилиш;
собиқ диний маҳкумларга нисбатан асоссиз маъмурий назорат амалиётини тугатиши,
Болалар диний таълимига рухсат бериши лозим.