ХАЭА раҳбари Запорожье АЭСи атрофида портлашлар бўлганини билдирди

Халқаро атом энергияси агентлиги директори Рафаэл Гросси.

Россия босиб олган Запорожье АЭСи атрофида 25-26 январь кунлари қатор портлашлар эшитилди. Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги директори Рафаэл Гросси баёнот берди.

Унга кўра, 25 январь куни эрталаб 8 марта портлаш бўлган. Унда АЭС ҳудудидаги офисларнинг деразалари титраган. 26 январда эса портлашлар сони кўпайган.

Гросси АЭС атрофидаги жаговар ҳаракатлар объект яқинида ядровий хавфсизлик зонасини яратиш шартлигини кўрсатиб турганини таъкидлади. ХАЭА раҳбари бу масалани Украина президенти Владимир Зеленский билан муҳокама қилганини ва Россия ҳамда Европа Иттифоқи билан маслаҳатлашувларни давом эттириш ниятидалигини айтди.

"Росэнергоатом" вакили ТАССга ХАЭА баёнотини шарҳлар экан, портлашлар тўғрисидаги маълумотларни провокация деб атади ва ташкилотни миш-мишларга эмас, аниқ маълумотларга ишонишга чақирди.

Украинанинг “Энергоатом” ширкати Гросси баёнотига муносабат билдирмади.

Уруш шароитида конфликт ҳудудида маълумотларни тезкор текшириш имконияти мавжуд эмас.

Запорожье АЭСи март ойи бошларида Россия томонидан босиб олинган эди. АЭС атрофида мунтазам портлашлар бўлиб турибди. Бу портлашларда Москва ва Киев бир-бирларини айблаб келади.