Кобулдаги қўш портлашда “Озодлик” радиоси афғон хизматининг уч журналисти қурбон бўлди

"Озод Афғонистон" радиоси журналистлари Сабавун Какар, Абдуллоҳ Ҳананзай,Муҳаррам Дурранийлар 30 апрель кунги икки портлаш қурбони бўлди.

Кобулнинг мамлакат разведка хизмати жойлашган мавзесида бир кунда икки марта амалга оширилган портлаш пойтахтни ларзага келтирди. 29 киши, жумладан, “Озодлик” радиоси афғон хизматининг 3 журналисти, яна камида 5 журналист қурбон бўлгани айтилаётган бомба ҳужумларини Ислом давлати (ИД) жангарилар гуруҳи уюштиргани айтилмоқда.

30 апрель куни амалга оширилган ҳужум вақтида 45 нафар яраланган киши касалхонага олиб кетилгани айтилмоқда. Қўш ҳужумдан жабр кўрганлар сони ортиб бориши мумкинлиги полиция хавотирини уйғотмоқда.

Соғлиқ сақлаш вазирлиги расмийлари айтишича, 30 апрель куни эрталаб мотоцикл минган киши Кобулдаги Миллий хавфсизлик маҳкамаси разведка хизмати биноси яқинида бомба портлатди.

Орадан 20 дақиқа ўтиб, иккинчи киши Шаҳарни ривожлантириш ва уй-жой қурилиши вазирлиги биноси олдида ўзини журналистдай кўрсатиб, танасига боғланган бомбани портлатиб юборди. У ерда биринчи портлашни ёритиш учун журналистлар йиғилгани учун улар орасида орасида қурбонлар кўп бўлди.

− Тинч аҳоли, масжидда ибодат қилаётганларни, миллий ва демократик жараёнларни, журналистларни ва фикр эркинлигини нишонга олиш уруш жиноятларининг аниқ намуналаридир. Ушбу террорчилик амали ислом қадриятлари ва инсон ҳуқуқларига мутлақо зиддир, − дейилади президент Ашраф Ғани тарқатган баёнотда.

“Озодлик” радиоси мухбирлари Абдуллоҳ Ҳананзай билан Муҳаррам Дурраний иккинчи ҳужум вақтида ҳалок бўлган 8 журналист қаторидадир. Портлаш вақтида Франс-Пресс агентлиги сураткаши Шоҳ Марай ҳам ўлди.

Озод Европа/Озодлик радиосига қарашли “Озод Афғонистон” радиоси журналисти Сабавун Какар ҳужум пайти яраланиб, касалхонада жон берди.

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигининг полиция матбуот котиби Ҳашмат Станекзайга таяниб хабар қилишича, худкуш бомба ҳужуми 4 нафар полициячининг умрига зомин бўлди.

"Ислом давлати" экстремистик гуруҳи, “Амақ” ахборот агентлиги тарқатган хабарда, портлашлар учун масъулиятни зиммасига олгани, улар “сотқин” Афғонистон разведка хизматлари қароргоҳини мўлжалга олгани айтилади. Ушбу воқеа “Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳукуматининг тинчлик музокараларида қатнашиш таклифини рад этгани ортидан рўй берди.

АҚШ ва НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони, генерал Жон Николсон ҳам ушбу “қўрқоқларча” ҳужумларни қаттиқ қоралади.

Кобул полицияси бошлиғи Довуд Амин чет эл ташкилотлари ваколатхоналари жойлашган ва бомба ҳужуми рўй берган ҳудуд айни пайтда ўраб олингани ва тергов ишлари бошлаб юборилганини маълум қилди.

DPA ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Афғонистон жанубида яна бир бомба портлаб, унда 11 бола ўлди ва 16 киши, жумладан, Руминия аскарлари яраланди.

Кобулда айни қўш портлашдан бир ҳафта олдин ҳам сайловчиларни рўйхатга олиш марказида бомба портлатилган эди. Ўша портлаш оқибатида 60 киши ҳалок бўлди, 120 киши эса яраланганди.

22 апрель куни Кобул ғарбида шиалар тиғиз яшайдиган Дашти Барчи мавзесидаги бомба портлаши учун жавобгарликни Ислом давлати жангарилари зиммасига олган эди.

Афғон суннийлари мамлакатда камчиликни ташкил қилувчи шиаларга қарши шунақа ҳужумлар уюштириб туради ва уларни “муртадлар” деб атайди.

Қобул ҳукумати ҳам “Толибон” жангариларига қарши курашмоқда, улар 17 йил олдин АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари бостириб кирган вақтда ҳокимиятдан четлатилган эди.

Йил бошидан бери Кобулда уюштирилган террорчилик ҳужумлари вақтида юздан ошиқ киши ҳалок бўлди. Ваҳоланки, Ашраф Ғани ҳукумати толибларга “ҳеч бир олддан шарт қўймасдан” тинчлик музокараларига киришишни таклиф қилиб келмоқда.