AI Тоғли Қорабоғ можароси чоғида тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлганига оид суриштирув ўтказишга чақирди

Келбажар туманидаги йўл бўйлаб зирҳли техникада кетаётган озарбайжонлик ҳарбийлар, 2020 йил 25 ноябри

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Арманистон ва Озарбайжонни Тоғли Қорабоғ минтақасида содир бўлган жанглар давомида аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда “ноаниқ ва палапартиш қурол” қўлланилгани юзасидан зудлик билан суриштирув ўтказишга чақирди. AI бу ҳолат халқаро қонунларга зид эканини айтмоқда.

Ташкилотнинг 13 январь куни эълон қилинган ҳисоботида қайд этилишича, рад этиб бўлмайдиган далиллар борлигига қарамай, Арманистон ва Озарбайжон уруш давомида тинч аҳоли вакиллари нишонга олинганини рад этиб келмоқда.

Amnesty International ҳисоботига кўра, тўқнашувлар чоғида Арманистон ва Озарбайжон халқаро миқёсда тақиқланган кассетали ўқ-дори ва бошқа портловчи қуроллардан фойдаланган.

Ташкилот бу икки давлат кучларининг тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган 18 та зарбасини ўрганиб чиққан. AI вакилларига кўра, ушбу зарбалар ортидан 146 нафар тинч аҳоли вакили, шу жумладан, болалар ва қариялар нобуд бўлган.

Ўтган йилнинг 27 сентябридан 10 ноябригача давом этган тўқнашувлар умумий ҳисобда 6000 дан зиёд киши умрига зомин бўлган.