Алла Пугачёва яна Россияни тарк этди – ОАВ

Алла Пугачева

Таниқли қўшиқчи Алла Пугачёва фарзандларини олиб, Россиядан чиқиб кетди. Бу ҳақда “Известия” нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр примадоннага тегишли экани айтилаётган Chevrolet Express автомобиль Москвадаги “Внуково-3” аэропорти VIP-терминалига кириб бораётган видеони ёйинлаган.

“Дастлабки маълумотларга кўра, артист аёл болалари билан Москвадаги Внуково аэропортидан Исроилга учиб кетган. Қўшиқчининг мамлакатга қачон қайтиши маълум эмас. Пугачёва қайтишга чипта олмаган”, дейилган “Известия” нашрининг Telegram-каналида.

Пугачёванинг ўзи ва унинг вакиллари Россиядан чиқиб кетишга оид маълумот юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Март ойида Россияни тарк этган Пугачёва мамлакатга қайтиб келгани ҳақида 27 август куни маълум бўлган эди. 18 сентябрь куни қўшиқчи Адлия вазирлигини эри Максим Галкин киритилган “хорижий агентлар” рўйхатига ўзини ҳам қўшишга чақирган эди. Кремль вакиллари бу чақириқни шарҳлашдан бош тортишган.