Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) директорлар кенгаши медиаменежер Стивен Капусни корпорация президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. У аввал CBS News ва NBC News каналларида энг муҳим лавозимларни эгаллаб келган.
Журналистика, продюсер ва менежмент соҳасида 40 йилдан кўпроқ фаолият юритиб келаётган Капус 25 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Фаолиятини кичикроқ радиостанцияда дижейликдан бошлаган Капус 2001 йилдан NBC’да оқшом янгиликларига ижрочи продюсерлик қила бошлаган. 2014 йилдан эса у CBS News’да ижрочи муҳаррир бўлиб ишлаган.
“Стив компания тарихидаги бу каби муҳим паллада RFE/RL’га бошчилик қилишга рози бўлгани учун жуда хурсандмиз, - деди Озод Европа/Озодлик радиоси директорлар кенгаши вакили Карен Корнблу. – Таниқли менежер ўлароқ у хабар индустрияси соҳасида тан олинган тажрибага ҳам эга, корпорациямиз миссиясини ҳам теран тушунади”.
Капус АҚШ телерадиоёйинлар бўйича маслаҳат кенгаши уни бу лавозимга тасдиқлагунига қадар медиакорпорация президенти вазифасини бажарувчи бўлиб ишлайди.
Стивен Капус мазкур лавозимга 2024 йилнинг 1 январидан киришади. У ўтган ёзда истеъфога кетган аввалги президент Жейми Флай ўрнини эгаллайди. Ҳозирги пайтда медиакорпорация президенти вазифасини Жефф Гедмин бажариб келмоқда.