Amnesty International футбол бўйича жаҳон чемпионати олдидан FIFAни Қатарга босим ўтказишга чақирди

Иллюстратив сурат

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти FIFA халқаро футбол федерациясини 2022 йили футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтадиган Қатарда меҳнат муҳожирлари ҳақ-ҳуқуқларини яхшилаш учун бу мамлакат расмийларига босим ўтказишга чақирди.

Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш бўйича шартномани олганидан кейин [инсон ҳақларига риоя қилиш юзасидан] назоратни кучайтириш талабига жавобан сўнгги йилларда бир қатор ижобий ислоҳотларни ўтказди, бироқ кўпинча бу [ислоҳотлар] етарли даражада амалга оширилмаяпти, минглаб ишчи-мигрантлар эса эксплуатация ва аёвсиз муомалага дучор бўлишмоқда”, дея билдирган халқаро ташкилот 22 март куни тарқатилган ўз баёнотида.

FIFA президенти Жанни Инфантино номига ёзилган тўрт саҳифали мактубда Amnesty International футбол федерациясини “мусобақа Қатардаги барча ишчи-мигрантлар учун ижобий ва узоқ муддатли асорат қолдириши учун шошилинч ва конкрет чоралар кўриш”га чақирган. Инсон ҳуқуқлари ташкилоти жаҳон чемпионатининг ташкилотчиси ўлароқ FIFA мусобақага ҳозирланиш ва ўтказиш чоғида инсон ҳақларига риоя қилиниши учун масъул эканини билдирган.

Қатар Осиё ва Африка қитъасидан бўлган икки миллион чоғли муҳожир кучига иқтисодий жиҳатдан катта эҳтиёж сезади. Ишчи-мигрантлар мамлакат ишчи кучининг тақрибан 95 фоизини ташкил этади. Хорижлик муҳожирлар футбол бўйича жаҳон чемпионатига ҳозирланишда стадионлар ва йўллар қурилиши дохил йирик инфратузилма лойиҳалари ривожида муҳим роль ўйнайди. Чемпионат бошланганидан кейин мигрантлар хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам жалб қилинадилар.

Сўнгги йилларда энергетика захираларига бой бўлган Қатар қироллиги бу мамлакатда меҳнат муҳожирларига нисбатан эксплуатация ва аёвсиз муомала қилинишини билдирган халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари диққат марказига тушгач, меҳнат ҳуқуқлари борасида ислоҳотлар ўтказган.

Amnesty International ташкилотининг баёноти Британиянинг The Guardian нашри Қатар футбол мусобақасини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритган 2010 йилдан бери бу мамлакатда Ҳиндистон, Покистон, Непал, Бангладеш ва Шри-Ланкадан бўлган 6500 чоғли ишчи-мигрант ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилгани ортидан пайдо бўлган.