Дирекция: Андижонда фермер ерлари хитойликларга бериладими?

Андижонлик фермерлар ерлари ноқонуний олиб қўйилиб, хитойлик тадбиркорларга берилишидан хавотир билдирмоқда.

Андижон вилоятида фермер ерларининг “захира”га олиниши ва кейин хитойлик тадбиркорларга берилиши атрофидаги можаролар яна авж олди.

Фермерлар судсиз ва босим орқали “ихтиёрий” ариза ёздирилаётганини айтмоқда.

Расмийлар эса ҳозирча хорижий инвестор кирмаганини билдирмоқда — аммо фермерлар бу баёнотга ишонмайди.

Андижон вилоятида фермер ерларининг хитойлик тадбиркорларга берилиши билан боғлиқ можаролар яна кун тартибига чиқди.

Қўрғонтепа туманидаги “Савай ариқ сувлари” фермер хўжалиги раиси Зоиржон Гаппаровнинг айтишича, унинг ерларини олиб қўйиш борасидаги босим 2024 йил декабрь ойида бошланган.

Фермернинг сўзларига кўра, орган ходимлари унинг уйига келиб, ўзи ва хотинини мажбуран машинага солиб олиб кетган.

“Аввалига туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Қамчиев Шухратнинг олдига олиб киришди. Кейин мени етаклаб туман ҳокимининг олдига олиб борди. Ўша ерда менга турли босимлар бошланди. Туман ҳокимининг айтиши бўйича гўёки президентнинг топшириғи экан, хитойликларга ер беришимиз керак эмиш. ‘Сизнинг ерингизни оламиз, ариза ёзиб берасиз’, деди. Ариза ёзишдан бош тортдим. Милиция ходимларини чақириб, қўрқитмоқчи бўлди, лекин мен унамадим”.

Фермер айтишича, у ердан ихтиёрий равишда воз кечиш ҳақида ариза ёзишдан бош тортгач, ўзи ва оила аъзоларига нисбатан турли шаклдаги босимлар кучайган:

“Милиция ходимлари келиб даламни текширишди, прокуратура ҳам келиб текширди. Беш-олтита деҳқончилик билан шуғулланаётган йигитларни милицияга олиб бориб, мажбурлаб ‘ана шу фермердан пулга ер сотиб олганмиз’ деб ёзиб берасан, деди. Лекин улар рози бўлмади. Кейин бу тазйиқлар тўғрисида вилоят прокуратурасига ариза қилишга мажбур бўлдим. Лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Ҳатто аризамга жавоб ҳам беришмади”, дейди фермер.

Зоиржон Гаппаровнинг таъкидлашича, ўтган йил сентябрида туман ҳокимиятига борганида унга “энди деҳқончилик қилмайсиз, ерларингиз хитойликларга берилди” деб айтилган.

Бунга эса унинг ерга эгалик қилишга ҳеч қандай ҳужжати йўқлиги асос қилиб келтирилган. Аммо фермернинг айтишича, қонуний фермерлик қилиб келаётганини исботлайдиган барча ҳужжатлар унинг қўлида бор.

Қўрғонтепа туманидаги “Азизабону дурдонаси” фермер хўжалиги раҳбари Азизахон Эргашеванинг айтишича эса, ярим кечаси у ҳокимиятга олиб борилиб, ерни “ўз ихтиёри” билан хитойликларга топшириш ҳақида мажбуран ариза ёздирилган:

“Хитойликларга деб менинг еримдан 40 гектар олган. Кечаси соат 12:30 да олиб бориб, аризани мажбуран олган. Қишлоқ хўжалиги, агропром бошлиқлари, милисалар билан олиб боришган. Ярим кечасигача ерни Хитойга бер деб ушлаб туришди, ариза ёз, деб. Ўзим оғриб, кайфиятим бузилиб турган эди. "Ҳа бўпти, ер берсам берай", деб аризани ёзиб бердим. Ихтиёрий-мaжбурий аризани олди. Мен айтдим: "Бўпти, ерни Хитойга бер, лекин қарздорлигимни ҳам уларгабер" дедим. "Йўқ, ўзингиз ишлаб, фермер хўжалигингизни ишлатиб қарз бўлгансиз, ўзингиз мажбурий тўлайсиз", деди”.

Фермер Зоиржон Гаппаровнинг айтишича, Андижон вилоятида махсус дирекция ташкил этилган ва фермерлардан олиб қўйилган ерлар айнан шу тузилма ихтиёрига ўтказилмоқда.

Қўрғонтепа тумани фермерлар кенгаши раиси Орифжон Қаюмов ҳам шундай дирекция ташкил этилганини тасдиқлар экан, фермерлар ўз ерларини “ихтиёрий равишда” захирага топшираётганини айтди:

“Фермерларнинг аризаси билан туман захирасига ер олинган. Лекин Хитой ёки бошқа инвестор келиб фаолият юритгани йўқ. Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан қишлоқ хўжалигида дирекция ташкил қилинган, у Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ташкилот. Ерлар дирекция балансига кадастр билан бириктириляпти. Ҳали чет эл инвестори кириб келгани йўқ. Баҳорда экин жойлаштирилганда агар ўшалар кирса, кейин кўрамиз. Ерни фермер розилигисиз олиб бўлмайди: ё суд орқали олинади, ё ўзи ихтиёрий топширади”, — деди Орифжон Қаюмов.

Фермерларнинг айтишича эса, туман ҳокимининг ерни дирекция учун суд орқали олиб қўйишга қонуний асоси йўқ. Шунинг учун ҳам уларни “ихтиёрий” ариза ёзишга мажбурлаш учун турли босим воситалари ишга солинмоқда.

“Кўпчилик фермерлар қўрқоқмиз — буни тан олишимиз керак. Чунки бошқа нарсани баҳона қилиб қамаб юборишлари мумкин. Масалан, ‘Тонг юлдузи парвози’ фермер хўжалиги раҳбари Шоҳруҳни туман ҳокими биринчи теримдан кейин ерни шудгорлаб юборгансан, ‘қаматаман’ деб қўрқитган ва 30 гектар ерини захирага топшириш ҳақида ариза ёздириб олган”, — дейди исми сир қолишини сўраган қўрғонтепалик фермер.

Андижонда фермерлар ерларини хитойлик тадбиркорларга мажбуран олиб беришга уринишлар ўтган йили Озодлик суриштирувида ҳам кўтарилган эди.

Унда Андижон вилоятининг бир неча туманида фермерларнинг ер майдонлари хитойлик тадбиркорларга мажбуран олиб берилаётгани айтилади.

Суриштирув эълон қилингач, жараён вақтинча тўхтаган, аммо айрим фермерлар учун бу тўхташ узоққа чўзилмаган.

Фермерларнинг аксар қисми ўз ерларида ишлашда давом этган. Лекин ҳамма фермер ҳам эмас.

“Савай ариқ сувлари” фермер хўжалиги раиси Зоиржон Гаппаровга “бу ерлар хитойликларга ўтиб кетди” деган гапни Қўрғонтепа тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиев айтган.

Озодлик билан суҳбатда Дилмурод Хўжамбердиев бу гапни айтганини тасдиқлади, аммо “бу ўтган йилги гап” дея изоҳ берди:

“Хитойга деб айтилган эди, лекин Хитойга эмас. Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан дирекция ташкил бўлган, ер шу дирекцияга берилган. Ўша пайтда ‘Хитойга’, ‘Хитой инвестициясига’ дейилган, лекин унақа бўлмади. Сабаби Ўзбекистон ерлари хитойлик тадбиркорга, умуман чет эл фуқароларига берилмас экан.

Озодлик: “Ўтган йили хитойликлар қалампир экиб етиштирдими?”

— “Ҳа, ижарага олганда. У дирекциядан ижарага олган”.

Озодлик: “Демак, барибир бериляпти-да?”

— “Ижарага берилади. Ижарага мен бермайман, дирекция билан шартнома қилади. Туман ҳокими ҳам бермайди. Дирекция ким билан хоҳласа, шунга ижарага беради”, — деди Дилмурод Хўжамбердиев.

Қўрғонтепа тумани фермерлар кенгаши раиси Орифжон Қаюмов ҳам фермерлар ерларини “ихтиёрий равишда” захирага топшираётганини яна бир бор таъкидлар экан, ҳозирча ҳеч қандай хорижий, жумладан хитойлик инвестор кириб келмаганини билдирди.

Бироқ фермерлар бу баёнотларга қўшилмайди. Уларнинг таъкидлашича, туман ҳокимиятида ерни суд орқали тортиб олиш учун қонуний асос бўлмагани сабаб, ҳокимлик турли босим воситаларидан фойдаланиб, фермерларни “ихтиёрий” ариза ёзишга мажбурламоқда.

Дилмурод Хўжамбердиев Озодликка қарздор бўлиб қолган, режани бажара олмаган фермерларнинг ерлари “ихтиёрий” олинаётганини айтган. Шундай фермерлардан бири — Азизахон Эргашева.

Аммо Эргашева қарздор бўлиб қолишига ҳокимликнинг ўзи сабаб бўлганини айтади. Биринчидан, ер бонитети мос келмаса ҳам, фермерларга 40 центнердан пахта топшириш бўйича мажбурий шартнома қилдирилган. Оқибатда фермерлар қарзга ботган.

Иккинчидан, ҳокимлик тавсияси билан томчилатиб суғориш ўрнатиши керак бўлган фирма фермерлар ҳисобидан пулни ундириб олиб, тизимни ўрнатмасдан “жуфтакни ростлаган” — оқибатда ўнлаб фермерлар алданган, дейди фермер:

“Қарздорлик томчилатишдан бўлди. Биз президент қарорини бажарамиз деб томчилатишни Султонободга берганида, биринчилар қаторида мен ҳам ўрнатмоқчи эдим. Лекин пудратчи ташкилот пулни олиб, жуфтакни ростлади. Битта ҳовузни кавлаб қўйди-да, мендан 120 миллион сўмни ўтказдириб олиб кетиворди. Туманда 23 фермер, вилоятда 47 фермер жабр кўрди. Ваҳоланки, пудратчи фирмани ҳокимликнинг ўзи тавсия қилган эди.
Ундан ташқари, бизни мажбуран Скортинг кластерга ўтказди. Ерим тошлоқ жой эди, зўрға 18–20 центнер пахта берардик. Кейин 26, кейин 28 центнер режа қўйди. Кейин эса мажбуран 40 центнерга шартнома қилдирди. Табиийки, бажара олмадик ва қарзга кириб кетдик”, — дейди Азизахон Эргашева.

Фермерларнинг иддао қилишича, ҳокимлик “хитойликлар” баҳонасида фермерлар ерларини олиб, бошқаларга бериб юборган. Бу жараёнларда ҳоким ёки бошқа мансабдорлар қандай манфаат кўргани ҳақида Озодликда расмий маълумот йўқ.

Азизахон Эргашева эса ернинг амалда бошқа шахсга бериб юборилганини айтади:

“40 гектар еримни ‘Хитойга деб’ олиб, қарор чиқаришди. Аслида эса Сайдалиев Баҳодир деган бойга берди. У келиб ерларни ‘реструктуризация’ қилиб, тергам борми, толим борми, ҳатто ипак қурти боқадиган тутларимгача суриб ташлади. Ерни теп-текислаб, қора гилос кўчати экишди. ‘Интенсив кўчат экамиз’, деди. Лекин интенсив эмас — ҳар ерда чиқиб қолган ёввойи қора гилос кўчатларни экишди. Ҳеч нарса эплай олишмади: сув йўқ, қуриб ётибди. Ҳозир борсангиз, ажириқ босиб, ўт босиб ётибди. Энди тилла бериб туриб, ёнига пул қўшиб берса ҳам қайтариб олмайман. Ерни расво қилиб бўлди. Талабим шу: ерни мажбурлаб олдими, меҳнатимни йўқ қилдими — энди бўйнимдаги қарздорлигимни ҳам ўзлари тўласин”.

Аввалроқ туман фермерлар кенгаши раиси “ерни фермер розилигисиз олиб бўлмайди: ё суд орқали олинади, ё ўзи ихтиёрий топширади” деган эди. Аммо фермерларнинг ҳеч бири судга чақирилмаганини, гўёки “ўз ихтиёри” билан ариза ёзгани айтилмоқда.

Зоиржон Гаппаровнинг таъкидлашича, бу “ихтиёрий” аризалар туман ҳокими Алишер Халилов босими билан олинган.

Озодлик суҳбатлашган яна икки нафар фермер ҳам орган ходимлари уларни уйидан ички ишлар бўлимига мажбуран олиб борганини ва ҳоким босими остида ариза ёзиб берганини айтган. Улар яна босим бўлишидан чўчиб, исмлари сир қолишини сўраган.

Бу воқеалар Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатувчи дирекциялар ташкил этиш ҳақидаги қарори фонида кечмоқда. Қарорга мувофиқ, Андижон билан бирга яна олти вилоятда ижарага берилган ерларни иккиламчи ижарага бериш ваколатига эга дирекциялар тузилган.

Қарорга биноан Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида “Ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларига хизмат кўрсатиш дирекцияси” МЧЖлари ташкил қилинган.

Ҳужжатда дирекция фаолияти 5 та штат бирлигидан иборат бўлиши, ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиши, шунингдек, дирекцияга берилган ер участкасини (ёки унинг бир қисмини) маҳаллий ва чет эллик инвесторларга қонунчиликда белгиланган тартибда иккиламчи ижарага бериш вазифаси юклатилгани қайд этилган.

Расмий ҳужжатларда дирекциялар маҳаллий ва чет эллик инвесторларни жалб қилишга мўлжаллангани таъкидланади. Фермерлар ва айрим таҳлилчилар эса бу инвесторлар асосан хитойлик тадбиркорлар бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Зеро, ўтган йил давомида хитойлик тадбиркорларнинг Андижон вилоятидаги учта туманга мунтазам ташриф буюриб, қишлоқ хўжалиги ерлари билан танишгани ҳақида расмий хабарларда ҳам айтилади.

Фермерларга кўра, дирекциялар учун ер топиш ва ажратиш ҳокимликлар зиммасига юкланган. Шу сабаб улар фермерларнинг қонуний ижара шартномалари бўлишига қарамасдан, ерларни тортиб олишга уриниб келмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистонда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони ўсишда давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил 1 декабрь ҳолатига мамлакатда 17 минг 900 та хорижий сармоя иштирокидаги компания фаолият юритган.

Хитой бу сегментда етакчи бўлиб қолмоқда: хитой капитали иштирокида 4873 та корхона мавжуд бўлиб, бу хорижий иштирокдаги барча компанияларнинг 27,2 фоизини ташкил этади.

Фақат сўнгги бир ой ичида 142 та янги хитой ширкати ташкил этилган, бир йил давомида эса уларнинг сони 1500 тадан ортиққа кўпайгани қайд этилади. Бу кўрсаткич Хитой сармоясининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги таъсири ортиб бораётганини кўрсатади.

Таҳлилчиларга кўра, Хитой Ўзбекистонни стратегик ҳамкор сифатида кўради ва энергетика, табиий ресурслар, геосиёсий таъсир ҳамда хавфсизлик йўналишларида манфаатлар кўзлайди. Шунингдек, савдо ва бозорни кенгайтириш, транспорт-логистика лойиҳаларини кўпайтириш, маданий ва таълимий таъсирни оширишга интилади.

Бироқ Ўзбекистондаги экин ерларининг чет эл сармоядорларига, айниқса хитойлик тадбиркорларга узоқ муддатли ижара асосида берилиши турли хавотирларни ҳам кучайтирмоқда.

Айримлар бундай амалиёт маҳаллий қишлоқ хўжалиги бизнеси имкониятларини чеклаши, ерга кимёвий воситаларни ортиқча қўллаш эса деградация хавфини ошириши мумкинлигини таъкидлайди.

Хитой томонининг Ўзбекистонга қанча инвестиция киритгани ёки қанча қарз бергани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар доим ҳам очиқ эълон қилинмайди.

Шу боис, Андижондаги фермер ерлари атрофидаги вазият Хитой сармоясининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига кириб келиши қайси механизмлар орқали амалга ошаётгани ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.