АҚШ Давлат котиби Россия билан ҳамкорликка умид билдирди

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Украина президенти Владимир Зеленскийнинг ўз мамлакатини НАТОга қабул қилиш рад этилган тақдирда унга ядровий қурол бериш талабини реалистик, деб ўйламайди.

Рубио Зеленскийнинг таклифини “жиддий” деб ҳисобламайди ва “ядровий қуролга эга бўлиш муаммонинг ечими эмас”, деб ўйлайди.

АҚШ Давлат котибининг бу гаплари унинг АҚШдаги Breitbart ўнгчи-популистик порталига берган ва 25 февраль куни ёйинланган интервьюсидан ўрин олган.

Рубио ўз сўзида ядровий давлатлар сони кўп эмас, аксинча камроқ бўлиши лозимлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ Украина президенти британиялик журналист Пирс Морганга интервью бериб, Украина хавфсизлиги учун етарли кафолат ғарб ҳамкорлари томонидан мамлакатга ядровий қурол берилиши бўлиши мумкинлигини билдирган эди. Зеленский қайдича, бу − ҳатто Украина Шимолий Атлантика альянсига қабул қилинмаган тақдирда ҳам − Россия президенти Владимир Путинни янги ҳужумдан тийиб туриш имконини берган бўларди.

Breitbart порталига берган интервьюсида Россия билан ҳамкорликка умид билдирган Рубио АҚШ билан СССР ўртасидаги муносабатлар тарихига ҳам мурожаат қилган. Жумладан, у совуқ уруш авжига чиққан паллада ҳам “Совет Иттифоқи ва Қўшма Штатлар ўзаро алоқага эга” бўлганини айтган.

Биз ҳалиям мулоқот қилаётган эдик. Худога шукурки, биз, масалан, [Куба] ракета буҳрони пайтида ҳам мулоқот қилганмиз”, деган АҚШ Давлат котиби.

Марко Рубио ўз сўзида давом этиб, “Биз биргаликда геосиёсий ёки балки, иқтисодий жабҳада ишлашимиз мумкин бўлган нарсалар борми?” дея савол ташлаган. У Вашингтон билан Россия ўртасидаги алоқалар қайта бошланиши истиқболини эслатган.

Бироқ, АҚШ Давлат котиби фикрича, ҳозирги пайтда “бу урушни ҳеч бўлмаганда мустаҳкам оташкесимгача олиб бориш” ёки “тўла тугатиш” устувор вазифа бўлиб ҳисобланади.