АҚШ Эронни Яқин Шарқдаги эскалациядан тийилишга чақирди

Президент Жо Байден иштирокидаги америкалик юқори лавозимли мулозимлар йиғилиши (архив сурати)

АҚШ ўзининг дипломатик каналлари орқали Эронга “Яқин Шарқ учун ҳассос бўлган пайтда” минтақадаги вазиятни таранглаштириш Теҳрон манфаатига мос эмаслигига оид хабар йўллади, дея билдирди АҚШ Давлат департаменти 5 август куни.

Давлат котиби Энтони Блинконга кўра, Вашингтон Эрон томонидан Исроил ҳудудига зарба беришга ҳозирлик кетаётганига оид хавотирлар манзарасида тарангликни юмшатишга кўмаклашиш учун “туну кун интенсив дипломатик ишларни олиб бормоқда”.

Томонларнинг барчаси эскалациядан тийилишлари керак. Томонларнинг барчаси тарангликни юмшатиш учун қадамлар қўйиши лозим. Эскалациядан ҳеч ким манфаатдор эмас. У фақат янада каттароқ зиддиятга, катта зўравонлик, катта хавф-хатарга олиб келади”, дея иқтибос келтирган Блинкен сўзларидан “Америка овози”.

Аввалроқ Энтони Блинкен Яқин Шарқдаги таранглик мавзусини Қатар бош вазири шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон ас-Соний ҳамда Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдул Ати билан муҳокама қилган эди. АҚШ Давлат департаменти қайдича, бу сўзлашувларнинг вазифаларидан бири мазкур давлатларнинг Эронга Вашингтон позициясини етказиши ҳамда зиддият эскалацияси Эрон манфаатига мос эмаслигини Теҳронга англатиши бўлган.

АҚШ президенти Жо Байден душанба куни Оқ уйда Яқин Шарқдаги сўнгги воқеаларни муҳокама қилиш учун Блинкен дохил миллий хавфсизлик бўйича ўз командаси билан учрашган. Байденнинг айтишича, Эрон томонидан ҳужум қилинган тақдирда Исроилга дастак чоралари ҳақида ахборот берилган.

Axios сайтининг хабар қилишича, 5 августдаги йиғилиш чоғида Байденга Эроннинг муҳтамал ҳужуми вақти ва характери ҳозирча номаълум бўлиб қолаётганини маълум қилишган. Хабарларга кўра, ундан бир кун олдин Энтони Блинкен G7 даги иттифоқчиларига Эрон ва “Ҳизбуллоҳ” 24-48 соат ичида Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигини билдирган эди.

Бешинчи август куни АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий базаси муҳтамалан ракеталардан ўққа тутилгани оқибатида америкалик бир неча ҳарбий яраланган. Айрим маълумотларга кўра, Ироқ ғарбидаги “Ал-Асад” ҳаво базасига зарба “Катюша” ялпи ўт очиш реактив тизими воситасида берилган.

Яқин Шарқда тарангликнинг кучайиб кетишига 31 июлга ўтар кечаси Теҳронда ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) гуруҳи сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилгани сабаб бўлган. Эрон Ҳаниянинг ўлимида Исроилни айблаб, “шиддатли қасос” билан таҳдид қилган. Исроил расмийлари Ҳаниянинг ўлими учун масъулиятни зиммаларига олган эмаслар.