Исроил ва АҚШ Эронга ҳужум қилди

Iran - Tehran explosions

АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудидаги нишонларга зарба бера бошлади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга қарши кенг кўламли операция бошланганини айтди.

Эрон ракета ва дронларини Исроил, БАА, Баҳрейн, Қатарга учирмоқда.

Эронга қарши превентив ракетавий ҳужум ҳақида биринчи бўлиб Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац баёнот берди.

Кейинроқ АҚШ расмийлари ҳам Америка армияси ушбу зарбаларда иштирок этаётганини тасдиқлади. Пентагон операция «Эпик ғазаб» деб номланганини маълум қилди.

Теҳрондаги гувоҳлар ҳукумат кварталидаги портлашлар акс этган видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмоқда.

Эроннинг «Тасним» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, камида етти ракета президент қароргоҳи ва Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий резиденцияси жойлашган ҳудудга тушган.

Эрон раҳбарияти манбалари Reuters агентлигига Оятуллоҳ Али Ҳоманаий тирик ва Теҳрон ташқарисидаги хавфсиз жойда эканини айтган. Эрон ОАВлари Исфаҳон, Қум, Табриз ва Луристон ҳудудларида ҳам портлашлар бўлганини ёзмоқда.

The New York Times нашрининг Исроил хавфсизлик тузилмаларидаги манбаларига кўра, зарбаларнинг асосий нишонларидан бири Ислом Республикаси раҳбарлари ҳисобланади. Режага кўра, ушбу ҳужумларда қатор юқори лавозимли эронлик амалдорлар йўқ қилиниши керак бўлган.

Эрон мухолифатининг етакчиларидан бири — АҚШда яшайдиган собиқ Эрон шоҳи ўғли Реза Паҳлавий эронлик куч тузилмаларини «халқ томонига ўтишга» чақирди:

"Эндиликда Ислом Республикаси қулаб бораётган бир пайтда, мамлакат ҳарбийлари, полицияси ва хавфсизлик кучларига мурожаатим аниқ: сизлар Эрон ва эрон халқини ҳимоя қилишга қасам ичгансизлар, Ислом Республикаси ва унинг етакчиларини эмас. Сизнинг бурчингиз — халқни ҳимоя қилиш, юртимизни зўравонлик ва жиноятлар орқали гаровга олган режимни қўллаб-қувватлаш эмас. Халқ томонига ўтинг ва барқарор ҳамда хавфсиз ўтиш жараёнини амалга оширишга ёрдам беринг", деди Реза Паҳлавий.

NetBlocks лойиҳаси маълумотига кўра, Эронда интернет деярли тўлиқ ўчирилган — мамлакатда интернет фаоллиги одатий кўрсаткичнинг атиги 4 фоизини ташкил этмоқда.

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга зарбаларда Америка армияси ҳам иштирок этаётганини тасдиқлаб, «кенг кўламли ҳарбий операция» бошланганини билдирди:

"Биз бир неча бор келишувга эришишга ҳаракат қилдик. Аммо Эрон рад этди, ўнлаб йиллар давомида қилганидек. Улар ўз ядровий мақсадларидан воз кечиш учун берилган барча имкониятларни рад этди ва биз бунга энди чидай олмаймиз. Шу сабабларга кўра, АҚШ ҳарбийлари Америка ва унинг асосий миллий хавфсизлик манфаатларига таҳдид солаётган бу ёвуз, радикал диктатурани тўхтатиш учун кенг кўламли ва давомли операцияни амалга оширмоқда. Биз уларнинг ракеталарини йўқ қиламиз ва ракета саноатини таг-томири билан барбод қиламиз. У бутунлай, яна айтаман, мутлақо йўқ қилинади".

Трампнинг айтишича, Эрон ядровий дастурини қайта тиклашга уринган ва узоқ масофали ракеталар ишлаб чиққан, бу эса «АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун жиддий таҳдид»дир. Трамп Эронни «дунёдаги терроризмнинг асосий ҳомийларидан бири» деб атади.

Унинг таъкидлашича, операциянинг мақсади — «Эрон томонидан келаётган бевосита таҳдидларни бартараф этиш», жумладан унинг ракета салоҳиятини йўқ қилишдир.

Шу билан бирга Трамп Эрон қуролли кучлари ва Ислом инқилоби посбонлари корпусини қурол ташлашга чақирди, Эрон фуқароларига эса ҳозирча паноҳгоҳларда қолишни, зарбалар тугагач «ўз тақдирини ўз қўлига олиш» имкони борлигини айтди.

Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ҳам қўшма зарба «эрон халқи ўз тақдирини ўз қўлига олиши учун шароит яратади» деб баёнот берди.

Эрон ТИВи зарбалар бошланганидан бир неча соат ўтиб баёнот бериб, АҚШ ва Исроил мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаровий объектларга ҳужум қилганини, бу орқали Эроннинг “ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўпол равишда бузганини” билдирди.

ТИВ таъкидлашича, операция ядровий дастур бўйича музокаралар авж паллада бўлган пайтда бошланган.

Эрон Исроил, Баҳрейн, БАА, Қатарга ракета учирмоқда

Тонгда Исроилнинг бир қатор ҳудудларида ҳаво ҳужуми сиреналари ишга туширилди.

Марказий Европа вақти билан тахминан соат 9 да Эрон томонидан Исроилга қарши биринчи дрон ва ракета учирилгани қайд этилди. Исроил шимолида ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди.

Армия фуқароларни паноҳгоҳларда қолишга чақирмоқда. Ҳаво ҳимоя тизимлари ракеталар ва дронларни тутиб қолишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирча қурбонлар ёки зарар ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Ўтган йил ёзида ҳам Исроил ва Эрон ўртасида бир неча кунлик ҳарбий можаро кузатилган эди.

Яман пойтахтини назорат қилаётган Эронга яқин «Ансар Аллоҳ» (ҳусийлар) гуруҳи ҳам Исроилга қарши зарбалар берилишини маълум қилди.

Шанба куни кундуз Баҳрейнда ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди. Бу ерда АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари базаси жойлашган. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда гўёки Баҳрейнда олинган видео тарқалди — унда қора тутун кўтарилаётгани кўринади.

Гап эҳтимолий Эрон зарбаси оқибатлари ҳақида кетмоқда. Орадан кўп ўтмай Баҳрейн расмийлари мамлакат ҳудудига зарбалар берилганини тасдиқлади — хусусан, нишон АҚШ базасининг логистика маркази бўлган. Тафсилотлар ҳозирча йўқ.

AFP агентлиги Қатар расмийларига таяниб хабар беришича, Қатар ҳаво ҳудудида Эрон ракетаcи тутиб қолинган. Қатарда минтақадаги энг йирик АҚШ ҳарбий базаси — «Эл-Удейд» жойлашган.

Жаҳон ахборот агентликлари БАА пойтахти Абу-Дабида ҳам портлашлар бўлгани, бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар бермоқда. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Эрон БАА ва Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектларига ҳужум қилган.

Авиакомпаниялар Эрон, кўп ҳолларда Ироқ ва минтақанинг бошқа давлатлари ҳаво ҳудудидан қочиш учун йўналишларни ўзгартирмоқда ёки рейсларни бекор қилмоқда. Жумладан, Дубайга бир қатор рейслар, шунингдек Россиядан ҳам, бекор қилинган. БАА расмийлари ҳаво ҳудудининг қисман ёпилганини маълум қилди.

Жума куни АҚШ президенти Дональд Трамп Женевада ўтган Эрон ва АҚШ вакиллари ўртасидаги музокараларда Эроннинг позицияси уни қониқтирмаганини айтган эди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон ядровий қуролга эга бўлиш режасидан расман воз кечиш ва уран бойитишни тўхтатишга рози эмас.

Ўтган йил ёзида АҚШ Эроннинг ядровий объектларига зарба берган эди. Вашингтон ўшанда улар тўлиқ йўқ қилинганини маълум қилган. Ҳозир АҚШ расмийлари Эрон ўз ядровий дастурини қайта тиклашга уринаётганини айтмоқда. Теҳрон эса унинг мақсади ядровий қуролга эга бўлиш эмаслигини таъкидлайди.

2026 йил январ ойида Ҳоманаий режимига қарши норозилик намойишлари натижасида, турли ҳисоб-китобларга кўра, ўн мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.