АҚШнинг Монтана штати расмийлари Хитойнинг TikTok хизматини тақиқлашга оид қарор қабул қилишди. Бунга оид қонун штат губернатори Грен Джанафорте томонидан имзоланган. Губернатор мазкур қадамни монтаналикларнинг шахсий маълумотларини Хитой Коммунистик партиясидан ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлаган.
Қонунга мувофиқ, Apple ва Google иловалар дўконига Монтана ҳудудида TikTok иловасини юклаб олиш учун имконият тақдим этиш ман этилган. Айни пайтда TikTok’дан фойдаланганлик учун ҳеч қанақа жарима кўзда тутилган эмас.
Қонун 2024 йилнинг 1 январидан кучга киради. Монтана АҚШда TikTok’ни тақиқлаган илк штат бўлди.
TikTok хизмати вакиллари мазкур қарор юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ. Аввалроқ ширкат штат қарори АҚШ Конституциясига зид келишини билдирган.
Қўшма Штатларда 150 миллион чоғли TikTok фойдаланувчиси бор – бу мамлакат аҳолисининг ярмидан сал камроғига тўғри келади.
Аввалроқ Еврокомиссия ўз ходимларига TikTok’дан фойдаланишни тақиқлашга қарор қилган. Оммавий ахборот воситалари ғарб ҳукуматларини Хитойдаги технологик ширкатлар ҳукмрон Коммунистик партия ва унинг махсус хизматларига бутун дунё бўйлаб катта миқдорда маълумот йиғишда кўмаклашаётганига оид ҳолатлар тобора кўпроқ ташвишга солаётгани ҳақида хабар қилишган. Ғарблик мулозимлар хавотирига Хитой ширкатларининг сиёсий мавзудаги ҳамда хавфсизлик соҳасидаги маълумотлар йиғаётгани эҳтимоли сабаб бўлган.
TikTok Хитой Халқ Республикаси расмийлари билан алоқаси борлигига оид барча айбловларни рад этиб келмоқда.