АҚШ нашрлари Байден Россияга қарши санкция киритишга оид фармон ҳозирлаганини ёзмоқда

АҚШ президент Жо Байден

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден маъмурияти 15 апрель куни Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этиш ниятида. Бу ҳақда АҚШ нашрлари Оқ уйдаги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатишди.

Президент Жо Байден ҳозирлаган фармонга мувофиқ, АҚШ банкларига Россия банки, Молия вазирлиги ҳамда Миллий фаровонлик жамғармасидан давлат облигацияларини сотиб олиш тақиқлаб қўйилади. Бундан ташқари, АҚШдан 10 нафар россиялик дипломат бадарға қилиниши кутиляпти, улардан айримлари Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг ўлдирилиши учун мукофот пули тўлашга алоқадорлиги айтилмоқда.

Санкциялар Россиянинг АҚШ сайловларига аралашгани, киберҳужумлар уюштиргани ва Қримни аннексия қилиб олганига жавобан жорий этилади.

Россия Ташқи разведка хизмати АҚШ давлат муассасалари ва мудофаа корпорациялари компьютер тизимларига ноқонуний кирилган ҳамда Solar Winds деб номланган амалиёт учун айбдор экани қайд этилган.

Март ойи ўртасида АҚШ махсус хизматлари Россиянинг АҚШда 2020 йили бўлиб ўтган президент сайловига аралашганига оид ҳисобот ёйинлаганлар. Ўша пайтда ABC News’га берган Байден президент сайловига аралашгани учун Путин “бадал тўлаши”ни билдирганди.

Россия расмийлари бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашувга алоқадорликларини доим инкор қилиб келганлар.